Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда 81 дона дарахтни кесиб ташлаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 1 млрд. 891,3 млн. сўм зарар ундирилди

Тошкентда 81 дона дарахтни кесиб ташлаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 1 млрд. 891,3 млн. сўм зарар ундирилди

Фото: Тошкент шаҳар прокуратураси матбуот хизмати

Тошкентнинг Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчасида 81 дона дарахтлар кесилиши ҳолати юзасидан текширув ўтказилаётгани хабар берилганди.

Жиноят натижасида ўсимлик дунёсига етказилган 1 млрд. 891,3 млн. сўм миқдоридаги зарар айбланувчилардан ундирилди, дейилади Тошкент шаҳар прокуратураси хабарида.

Аниқланишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 18 апрелдаги 608-сонли қарорига асосан, «Building And Supplies» МЧЖга «Юнус Ражабий» маҳалласи 72, 66/1, 66/2 ва 66/4-уйлар оралиғида 0,5 гектар ер майдони кўп қаватли турар жой биноларини қуриш учун доимий фойдаланишга ажратиб берилган.

Ушбу қарор шаҳарсозлик қоидаларига зид бўлгани учун шаҳар прокурори томонидан 2018 йил 4 июлда протест келтирилган.

Шаҳар ҳокимининг 2018 йил 17 июлдаги қарорига кўра, протест қаноатлантирилган ва қарор бекор қилинган.

Бу ҳолатдан норози бўлган «Building And Supplies» МЧЖ ҳудудий маъмурий судга ариза берган ва Бектемир тумани маъмурий судининг 2018 йил 12 ноябрдаги қарори билан шаҳар ҳокимининг 1053-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

«Юнус Ражабий» маҳалласида яшовчи аҳолининг шаҳар ҳокимининг 608-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги Чилонзор тумани маъмурий судига киритган аризаси, суд томонидан 2019 йил 11 декабрда рад қилинган. Ушбу суд қарори 2020 йил 27 январда Тошкент шаҳар маъмурий суди апелляция инстанциясида кўрилган ва ўзгаришсиз қолдирилган.

«Building And Supplies» МЧЖ томонидан унга ажратилган ер майдонидаги кўп йиллик 81 та дарахтлар қонунга зид равишда кесилганлиги оқибатида ўсимлик дунёсига 630,4 млн. сўм моддий зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 22 февралда Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 198-моддаси 2-қисми билан Яккасарой тумани ҳокимлиги ва «Building And Supplies» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят кодексининг 198-моддаси 4-қисмига кўра, етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Дастлабки терговда 2 нафар айбланувчилардан 1 млрд. 891,3 млн. сўм моддий зарар ундирилди ва уларга гаров эҳтиёт чораси қўлланилди.

«Юнус Ражабий» маҳалласи ҳудудида ноқонуний кесилган дов-дарахтлар ер майдони тезкорлик билан тозаланиб «Липа», «Берёза», «Каштан» ва «Павлония» дарахтлари экилиши ташкил қилинди.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг