Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Электр ишлаб чиқарадиган жойда ҳам чироқ ўчадими? Корхона раҳбари жавоб берди

Электр ишлаб чиқарадиган жойда ҳам чироқ ўчадими? Корхона раҳбари жавоб берди

Ноябр ойидаги янгиликлар рўйхатида Тўрақўрғон ИЭСдаги ҳолат олдинги ўринларда турди. Совуқ тушиб, роса изғирин тушган вақтда иссиқлик электр станцияси маълум муддатга тўхтаб қолди. Бугун ОАВ вакиллари таклиф этилди ва иншоот фаолияти билан таништирилди. Тадбир якунида Тўрақўрғон ИЭС раҳбари Искандар Басидов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

— Тўрақўрғон ИЭС Фарғона водийсидаги истеъмолнинг 40 фоизини таъминлаб келмоқда. Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг умумий эҳтиёжи соатига 2500 киловаттдан иборат. Биз 900 киловатт электр энергияси бермоқдамиз.

— Бироз вақт муқаддам Тўрақўрғон ИЭСда авария юзага келиб, икки соат тўхтаб қолган эди. Одатда авария ҳолатлари юзага келишига иккита сабаб бўлади — нотўғри эксплуатация ёки лойиҳадаги камчилик. Тўрақўрғон ИЭСда юзага келган аварияга қай бири сабаб бўлди?
— Аввало шуни айтиш керак, ИЭС фаолиятида авария бўлгани йўқ, узилиш бўлди. Электр станциясида иккита блок мавжуд ва ҳозир иккинчи блокни тўлиқ лойиҳавия кучланишга олиб чиққанмиз. Бу блок кузда ишга тушгани учун қиш шароитига мослашишда узилиш кузатилди. Мутахассисларимиз икки соатда ҳаммасини жойига қўйди, электр энергияси узатиш давом этилди. Бу техника, одамлар ишлайди, аппаратура... Тўлиқ лойиҳавий кучланиш қувватига олиб чиқиш вақтида бир-иккита муаммо бўлган эди. Ўшани бартараф этиш вақтида шу ҳодиса рўй берди.

— Корхона ишлаб чиқарган электр энергиясининг қанчаси ички эҳтиёж учун сарфланади?
— Умумий ишлаб чиқаришдаги электр энергия сарфи 5 фоиз. Бу жаҳондаги энг кам кўрсаткич ҳисобланади. Тўрақўрғон ИЭС — замонавий иншоот бўлиб, самарадорлиги юқори.

— Маъмурий бино учун энергия қаердан олинади?
— Биз ҳам ҳамма қатори маъмурий бино учун электр энергиясини ҳудудий электр тармоғидан сотиб оламиз.

— Ўша ҳудудий электр тармоғидан ток оладиган маъмурий бинода чироқ ўчиб турадими?
— Йўқ, ўчишига йўл қўйилмайди. Чунки бу ҳам ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатади. Гап шундаки, биз маъмурий бино учун токка пул тўлаганимиз билан энергияни ўзимиздаги нимстанция орқали оламиз. Шунинг учун чироқ ўчишига йўл қўйилмайди.

— Тўрақўрғон ИЭС қурилгунга қадар водий вилоятлари электр энергияси билан қандай таъминланган?
— Водий учун Тошкентдан, Ангрендан ва қисман Қирғизистондан электр линияси тортиб келинган. Ҳар бири бир ярим минг киловат ток ўтказадиган бешта линия довон ошиб келарди. Бундай ҳолатда йўқотишлар ҳам кўп бўларди. Сим қизиганда электроэнергия беҳуда сарф бўлиб кетади. Юқори қувватли линияларда 3-5 фоиз йўқотиш бўлади.

— Наманган вилоятидаги айрим ҳудудлар Тўрақўрғон ИЭСдан ток олиши учун линиялар дош бера олмаётгани айтилмоқда. Қачон Наманганда чекка қишлоқларда чироқ ёнади?
— Қишда энергия етказиб беришда муаммолар бўлади. Истеъмол кескин кўпаяди, ёзга нисбатан 50 фоиздан кўпроққа ошган. Шу сабабли қаердадир узилишлар бўлиши мумкин. Умуман олганда, бу бизнинг ваколатимизга кирмайди. Бу бошқа корхонага бериладиган савол.

— Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Xabar.uz билан бўлган суҳбатда тўрт йилда энергия тақчиллиги якунига етишини айтганди. Мутахассис сифатида шу гапни тасдиқлай оласизми?
— Агар ҳокимликда шундай дейилган бўлса, демак якунига етиши керак. Ҳозирда 4-5 та янги лойиҳалар режалаштирилган. Уларнинг барчаси амалга ошса, тақчиллик тугайди. Шамол, фото, гидроэлектростанциялар қуриляпти.

— Ўзбекистон шароитида муқобил энергия воситаларидан фойдаланиш қанчалик самарали? Фотоэлектростанция ва шамол электростанцияларидан қай бирини танлаш керак?
— Ҳудудларга боғлиқ. Шамол кучи, қуёш ва бошқа жиҳатлар эътиборга олинади. Ўрганиб, изланишлар ўтказилади. Масалан, Навоий вилоятида шамол кучи кўпроқ. Демак у ерда шамол электростанциялари қурган маъқулроқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг