Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тадбиркорнинг ТАТУ ректори хонасига «бостириб кириши» ва... зиддиятнинг бошқа тафсилотлари (видео)

Тадбиркорнинг ТАТУ ректори хонасига «бостириб кириши» ва... зиддиятнинг бошқа тафсилотлари (видео)

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Тошкент ахборот технологиялари университети ҳудудида хусусий тадбиркор А.Абдувахидов ҳамда ректорат ўртасида келиб чиққан зиддиятни очиқ ҳал этиш мақсадида матбуот анжумани ўтказилганини хабар қилгандик.

«Xabar.uz» мухбирининг хабар беришича, университет ректори Тўлқин Тешабоев тадбиркор А. Абдувахидов ўз оила аъзолари билан бирга кабинетига бостириб кириб, ўзидан янги шартномага қўл қўйишни талаб қилишгани ҳақидаги видеотасвирни матбуот анжуманида йиғилганларга намойиш этди.

Фото: «Xabar.uz»

Университет А, В, С биноларидан иборат. Бу бинолар ўтиш йўлаклари билан ўзаро боғланган. Бу ерда 7 мингга яқин талаба ўқийди. Табиийки, бинолар оралиғида ҳаракатланиш чоғида муаммолар юзага келмоқда. Айнан шу сабабга кўра тадбиркордан йўлакни бўшатиб қўйишни сўраган эдик, — дея изоҳ билдирди ректор.

Тўлқин Тешабоев барча сўзларини видеолавҳалар билан исботлашга ҳаракат қилди.

Тадбиркор нафақат йўлакка жойлашиб олган, балки ёнидаги хонани ўз омборхонасига айлантириб олган. У савдо қилган жой антисанитария ва ёнғин хавфсизлигига мутлақо жавоб бермас эди. Боз устига А. Абдувахидов университетга тегишли парта ва стол-стулларни олиб чиқиб, ўз эҳтиёжи йўлида фойдаланиб келган, — давом этади у.

Мен хўжалик ишлари бўйича проректорга А. Абдувоҳидов савдо олиб бораётган жойларга олиб ўтилган электр қувватини узиш ва жойни бўшатиш ҳақида топшириқ берганимдан сўнг тадбиркор оила аъзолари билан биргаликда 4 сентябр куни «намойиш»га чиқди. Афсуски, ўша куни университетимизга бир қатор ҳамкорларимиз, шу жумладан хориждан меҳмонлар ташриф буюрган эди. Улар ҳайрон бўлишди, аммо биз вазиятни уларга тушунтирдик, — дейди ректор.

Шундан сўнг матбуот анжуманининг янада қизиқарли қисми бошланди. Савол-жавобга ўтилди.

— Нима сабабдан ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган жойда савдо қилишга аввалдан рухсат берилган? Бунинг ҳуқуқий асослари бўлганми? Ёнғин хавфсизлиги бунга қандай қараган?

— Тадбиркор бир неча йиллар давомида бу ерда фаолият юритиб келган. Аввал шунчаки канцелярия буюмлари сотишар эди, кейинчалик эса нусха олиш мосламаси ўрнатишди ва жойларини кенгайтириб олди. Натижада талабаларнинг ҳаракатланиши қийинлашиб қолди, — дейди ректор.

— Университет томонидан берилган хатга асосан вазиятни ўргандик. Дарҳақиқат ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид ҳолатда фойдаланиб келинган. Бинода фақат ўрнатилган розеткалардан ток олиб, фойдаланиш мумкин. Аммо тадбиркор сим орқали электр тортиб келиб, фаолият олиб борган. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид, — деди ёнғин хавфсизлиги бошқармаси вакили.

— Ёнғин хавфсизлиги талаблари бузилиши бўйича жарима қўлланилганми? Қўлланилган бўлса, ким тўлаган?

— Университет тўлаган. Бу бўйича бизга нисбатан жарима қўлланилган.

— Намойиш бўйича қандай чора қўлланилади?

ИИВ ходими: — Бизга 4 сентябрда ТАТУ ҳовлисида намойиш бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушди. Бу ерга етиб келганимизда дарҳақиқат университет талабалари А. Абдувахидов ва қизлари уюштирган намойишни томоша қилиб турганини кўрдик. Тадбиркор оила аъзолари билан жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиш, ректор шаънига ҳақоратли сўзларни айтиш ҳамда ректоратнинг қонуний талабларига бўйсунмаётгани ҳақидаги ҳолатни ўргандик ва бу бўйича иш очдик. Айни вақтда майда безорилик, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва ноқонуний намойиш уюштириш бўйича айблов Юнусобод тумани маъмурий ишлар судига юборилган.

— Тадбиркор 2019 йилнинг январ ойидан буён шартномасиз ишлаб келган экан. Ўтган вақт учун ижара ҳақи тўланганми?

Ректор: — Ҳеч кимга ижара ҳақи тўланмаган. Тадбиркор ўзбошимчалик билан савдо юритиб келган. А. Абдувахидовнинг асосий қуроли — қизлари. Улардан жойни бўшатиб қўйишни талаб қилганимизда, тадбиркорнинг қизлари дарҳол жанжал кўтариб, савдо қилишда давом этарди. Тадбиркорнинг ўзи ҳар доим ортда турган. Можаро видеосида ҳам кўриниб турибди, фақат қизлар менга ташланмоқда.

Биз уларга йўлакни бўшатиб, ташқарида, бошқа тадбиркорлар ёнида фаолият юритишни таклиф қилганмиз. Жой ҳам кўрсатганмиз. Аммо улар кўнишмади.

ДСИ: Якка тартибдаги тадбиркор А. Абдувахидовга тўлов терминали ва назорат касса аппарати ўрнатиш бўйича огоҳлантириш хати берилган. Аммо у қабул қилиб олишдан бош тортган. Видеодан аёнки, тадбиркор савдо қилиш давомида тўлов терминали ва назорат касса аппаратидан фойдалангани кўринмайди. Тадбиркорга маъмурий жавобгарлик кодексининг тегишли моддалари бўйича жарима қўлланилади.

ИИВ: А. Абдувахидов ўз қизлари билан «намойиш» чоғида ўз ҳуқуқлари поймол қилинаётганини даъво қилган. Аммо на ректорат ва на солиқ қўмитаси томонидан уларнинг ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатлари аниқланмади. Тадбиркор бунга қадар солиқ мажбурияти ва ҳуқуқий нормаларни бузиб келган. Аммо ҳозирда у фақат 4 сентябрдаги ҳолат бўйича жавобгарликка тортилмоқда. Бу ҳам тадбиркорнинг ҳуқуқлари умуман поймол этилмаганини тасдиқлайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг