Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суғурта компаниясининг мажбуриятдан бош тортиши лоқайдликми ёки ғирромлик?

Суғурта компаниясининг мажбуриятдан бош тортиши лоқайдликми ёки ғирромлик?

“Андижоннома” газетасининг шу йил 16 май кунги сонида “Ishonch” банклараро суғурта компанияси вилоят филиали ажабтовур билдирув чоп этилди.

Мазмуни шундай: 2020 йилнинг 25 февралидан 16 мартигача вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ичидаги "будка"да суғурта агенти томонидан сотилган мажбурий суғурта қилиш полисларининг олиб қолинган нусхалари (нақд 66 та) ўғирлаб кетилибди. Йўқолган ҳужжатлар нусхалари ҳануз топилмабди ва компьютер базасига киритилмай қолибди. Шу сабаб компания иловада келтирилган полислар учун суғурта ҳодисалари бўйича жавобгарликни зиммасига олмас экан?!

Ажаб, ажаб...

Ёмонни ўйламасанг, яхши бўлмайди, деган гап бор. Таъбир жоиз бўлса, автоулов эгаларининг фуқаровий жавобгарлигини суғурталаш тизими шу нақлга ҳамоҳанг – эрта-бир кун йўл транспорт ҳодисаси рўй бергудек бўлса,  компанияси товон тўлайди. Шу боис ҳар қандай автомашина эгаси йилда бир бор тўлов қилиб, полис сотиб олишга мажбур. Йўқса, каттагина жаримаси ҳам бор: буни суғурта муддати ўтиб кетган паллада йўл ҳаракати хавфсизлиги нозирининг “қўлига тушган” ҳайдовчилар яхши билишади.

Хуллас, йўқолган 66 та полис билан боғлиқ юқоридаги эълон хусусида шингил мулоҳаза. Уларнинг барчаси ҳайдовчилар томонидан харид қилинган. Компания тўловни қабул қилаётганда суғурта ҳодисалари бўйича ҳайдовчилар олдида мажбуриятни зиммасига олган. Энди эса ҳужжатларнинг нусхалари йўқолганини баҳона қилиб мажбуриятни бажаришдан очиқ-ошкора бош тортмоқда?!

Бу қип-қизил ғирромлик эмасми?!

Энг кулгили ва шубҳали жиҳати, полис нусхалари ИИБнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ичидаги "будка"дан ўғирлаб кетилганидир! Ҳолбуки, ЙҲХБ масъуллари томонидан айни масаладаги сўровга “маъзур тутгайлар, зикр этилаётган дўконча идорамиз ҳудудидан ўн қадам нарида, уларнинг бизга мутлақо алоқаси йўқ”, деб изоҳ берилди.

Билдирув  ўзи кафтдеккина-ю, қатор-қатор саволлар туғдиряпти денг: ички ишлар тизимига қарашли бутун бошли бошқарманинг “бурнини тагидаги” дўкончадан ҳужжатларни ўғирлашга ким журъат қилади? Чунки “ОблГАИ” атрофи туну кун назоратдаги ҳудуд – ҳамиша навбатчи ходимлар туради. Суғурта қоғозларининг нусхалари кимга керак? Йўқолди ҳам дейлик – бу ҳақда нега ички ишлар идорасига мурожаат қилинмади? Изсиз кетганлиги айтилаётган полислар 25 февралдан 16 мартга қадар – йигирма кун давомида сотилган экан, компьютер базасига нега вақтида, пешма-пеш киритилмаган?

Компания мутасаддисининг масалага аниқлик киритишича, агентлар полисларни далолатнома асосида қабул қилишади, ҳар бир сотилган ҳужжат устидан маълум фоизда фойда олади. Ажабки, икки ўртада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан ҳеч қандай шартнома имзоланмас экан?! Энг қизиғи, юзлаб ҳужжатлар ишониб топширилган агент ҳақида мутасаддиларда тўлиқ маълумотнинг ўзи йўқ - ҳатто унинг қаерда яшашидан ҳам бехабар, фақатгина телефон рақамини билишларкан, холос. Қайд этилишича, йўқолган ҳужжатлар орасида номи тилга олинган компаниянинггина эмас, бошқа суғурта идораларига тааллуқли полислар ҳам бор эмиш...

Афтидан, суғурта компаниялари фаолиятида ваколатли органлар томонидан жиддий тафтиш қилиниши зарур бўлган сирли-сирли “ўйинлар” кўпга ўхшаяпти.

Нурилло Нўъмонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг