Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Судьялар олий кенгашида БМТ махсус маърузачиси билан учрашув ўтказилди

Судьялар олий кенгашида БМТ махсус маърузачиси билан учрашув ўтказилди

Фото: «Xabar.uz»

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллигини таъминлаш бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашув бўлиб ўтди.

Судьялар олий кенгаши ҳамда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби раҳбарлари томонидан мартабали меҳмонга Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги тизимли амалий ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, кейинги икки-уч йил мобайнида давлат раҳбари ташаббуси билан суд тизимини ислоҳ қилишнинг мутлақо янги даври бошлангани алоҳида таъкидланди. Яъни, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг давлат ваколатларига эга бўлган органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Одил судлов сифатини ошириш мақсадида судьялик лавозимини эгаллаш учун энг кичик ёш 30 ёшдан 35 ёшга ўзгартирилди. Судьялик лавозимига биринчи марта беш йиллик муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг судьялик лавозимида бўлишнинг муддатсиз даврига тайинланиш ёки сайланиш амалиёти жорий этилди.

Бундан ташқари мамлакат Президентининг 2019 йил 6 январдаги қарори билан Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил этилди. Мамлакатимиз тарихида илк бор ташкил этилган мазкур давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасасида иш юритиш ва танқидий таҳлил қилиш, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланган ҳолда асосланган қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантирадиган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига татбиқ этилди.

Олий мактабда «судьяни судья ўқитади» принципи асосида олиб бориладиган дарс жараёнларига касбий маҳорати юксак, кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган судьялар жалб этилган.

Учрашувда Махсус маърузачи Судьялар олий кенгаши фаолияти бўйича ўзини қизиқтирган бир қанча саволлар берди.

Тадбир якунида Диего Гарсия-Саян қабул учун миннатдорлик билдириб, Судьялар олий мактабининг ташкил этилганини юксак баҳолади. Ушбу таълим муассасаси профессионал судьяларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Арслон Эшмуродов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг