Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Судьялар олий кенгаши ва АОКА ўтказаётган тадбирда Хитойдан туриб иштирок этаётганлар бор

Судьялар олий кенгаши ва АОКА ўтказаётган тадбирда Хитойдан туриб иштирок этаётганлар бор

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) билан ҳамкорликда ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган ОАВ вакиллари ва блогерлар учун ўқув-машғуотлари ташкил этаётгани хабари берилганди.

Бугундан ўқув-машғулотлар бошланди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Таъкидланишича, машғулотлар бир вақтнинг ўзида икки шаклда — бевосита ва билвосита (онлайн) ўтказилаётгани иштирокчилар сони ортишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, иштирокчилар сони ва фаолият йўланилиши чегараланмагани боис улар орасида профессионаллардан ташқари талаба ёки ҳаваскор, ҳатто Шанхай Журналистика ва коммуникация академияси докторантигача бор (Нафосат Тожибоева, айни пайтда kun.uz сайти фаол муаллифи ва «Intellekt» лойиҳаси кординатори).

Ўқув-машғулотларнинг биринчи куни, тартиб-таомилга кўра, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев тадбирдан мақсад-муддаони мухтасар гаплар билан маълум қилди.

Алоҳида таъкид этилдики, ўқув-машғулотлар қуруқ маърузабозликдан иборат бўлиши керак эмас. Бундан самара бўлмаслиги аён. Шундан келиб чиқиб, иштирокчилар фаолликка чақирилар экан, уларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб мавзуга қўшимча ёки ўзгартиришлар киритилишида муаммо йўқ. Зеро, мавзу номи узунлигига яраша («Суд мустақиллиги ва сўз эркинлиги: суд процессларини ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳамда бу борада амалдаги қонунчилик талаблари») қамрови кенг.

Илк ўқув-машғулотлари оммавий ахборот воситаларида суд процессларини ёритишнинг ўзи хос жиҳатлари, бу жараёнда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинган қонун ҳужжатлари хусусида сўз юритилди.

Кейинги машғулотлар мавзуси ахборот хавфсизлиги масалалаларига бағишланиши маъқулланди. Унга парламентнинг қуйи палатаси депутати, таниқли адиб ва журналист, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад ва Журналистика ва оммавий коммуникациялар унверситети проректори Нозима Муратова таклиф этилди.

Эслатиб ўтамиз, ўқув-машғулотлари икки ҳафта давомида душанба, чоршанба ва жума кунлари соат 15:00 — 17:00 гача ўтказилади.

Ўқув-машғулотлари бепул ва унда иштирок этиш чегараланмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг