Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ССВ чангли ҳаводан огоҳлантирди

ССВ чангли ҳаводан огоҳлантирди

Фото: «Xabar.uz»

Бугун мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида шамол тезлиги кучайиб, чанг-тўзон ҳодисаси кузатилмоқда.

Бу ҳолат, айниқса, нафас йўллари хасталикларига чалинган беморлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Хўш, бундай об-ҳаво шароитида қандай тиббий тавсияларга амал қилиш лозим?

ССВ матбуот хизмати шу савол билан Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разиковага мурожаат қилди.

— Бундай вазиятда имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик зарур, — дейди мутахассис. — Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик конъюктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа нафас йўли сурункали касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак.

Чунки тўзонли ҳаво таркибида ўсимлик чанглари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шу боис хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим.

Хона ёки иншоотларни нам латта билан тозалаб туриш, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, бундай вазиятда нам сочиқларни осиб қўйиш, кондиционер ва ҳавони тозалаш тизимлари ҳам асқатади.

Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш нафас олишни енгиллаштиради. Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб туриш ҳам катта самара беради.

Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Ёш болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади.

Агар юртдошларимизда ташқи муҳитдаги чанглар туфайли нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда ва томоқда қичишиш ва қизариш, йўтал белгилари юзага келса, тезда оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишлари лозим.

 Эслатиб ўтамиз, юртимиз аҳолиси бундай об-ҳаво шароитида зарурат сезганда, «103» хизматига мурожаат қилиб, туну кун сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин.

Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида  зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган.

Қолаверса, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «1003» қисқа рақамли  Саll-маркази фаолият кўрсатмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг