Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент вилоятида 142 мингдан ортиқ бино ва иншоотларнинг бирон-бир ҳужжати мавжуд эмас — Бош прокуратура

Тошкент вилоятида 142 мингдан ортиқ бино ва иншоотларнинг бирон-бир ҳужжати мавжуд эмас — Бош прокуратура

Бугун Бош прокуратурада бўлиб ўтган йиғилишда экин ерларини асраш, ҳолатини яхшилаб боришга ер назоратига масъул идоралар томонидан етарли эътибор берилмагани, бунинг оқибатида ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний бино ва иншоотлар қуриш, экин майдонларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги ҳам кўрсатиб ўтилди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, ишчи гуруҳи томонидан жойларда ўтказилаётган хатловларда республика бўйича 3 900 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, 6 минг гектар майдонга ноқонуний қурилишлар қилингани, 11 минг гектар ердан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланиб келингани аниқланди.

Тошкент вилоятида ўтказилаётган хатлов натижаларига кўра, қарийб 23 минг гектар майдондаги 142 мингдан ортиқ бино ва иншоотларнинг бирон-бир ҳужжати мавжуд эмас, 1 450 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, 855 гектар ерда объектлар ноқонуний қурилгани.

Айни жараёнда айрим мутасаддилар йўл қўйган жиддий қонун бузилиш ҳолатлари учраётганини-ку ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Мисол учун, Янгийўл туман «Ермулккадастр» ходимлари ер ажратилгани ҳақида ҳокимнинг қалбаки қарорини тайёрлаш, қурилмаган уйни гўёки қурилган деб қалбаки кадастр ҳужжатини тузиш орқали 12 нафар фуқарога 7 гектар ерни бериб юборган.

Энг ёмони, айрим фермерлар ҳам «ерфурушлик»да бошқалардан қолишаётгани йўқ. Кейинги икки йилда 76 нафар фермер ижара асосида ўзларига бириктириб берилган ерларни ноқонуний сотганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Зангиота тумани «Семурғ» фермер хўжалиги бошқарувчиси Т. фуқаро П.га 70 сотих суғориладиган ернинг ҳар бир сотихини 5 минг АҚШ долларидан, жами 350 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 50 минг АҚШ долларини олаётганида ушланди.

Ваҳоланки, ушбу ер майдони Зангиота тумани ҳокимининг қарори билан шу фермер хўжалигига мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш цехи ташкил қилиш учун берилган.

Қибрайдаги «Тошкент оазис» фермер хўжалиги раҳбари И. ҳам 26 сотих ер майдонини 3 нафар фуқарога жами 208 минг АҚШ долларига сотиб юборганлиги учун тергов қилинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг