Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сўх туманига самолёт ва вертолётларда авиақатнов йўлга қўйилади

Сўх туманига самолёт ва вертолётларда авиақатнов йўлга қўйилади

Бугун, яъни 12 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов Сўх туманига ташриф буюрди, дея хабар берди Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Бундан кўзланган асосий мақсад Президентнинг жорий йил 8 август куни «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қабул қилган қарорида белгиланган вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишдан иборат.

Мазкур қарор асосида қабул қилинган дастурга 146 та лойиҳа киритилган бўлиб, 639 миллиард сўм маблағ сарф этилади.

Жумладан, Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаси ташкил этилмоқда.

Фарғона вилояти Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида режалаштирилган барча чора-тадбирлар ўз муддатида сифатли амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов бугун туман фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлигига бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаларини ташкил этиш вазифаси юклатилган. Айни кунларда бу борада амалий ишлар бошланди. Хусусан, Сўх тумани «Новобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик аэропорт ташкил этилмоқда. Мазкур майдон салкам 10 гектар майдонни эгаллайди. Бу ердан илгари маҳаллий аҳоли аэропорт сифатида фойдаланган. Шунингдек, «Фарғона» халқаро аэропортида ҳам мазкур йўналишда аниқ тадбирлар ишлаб чиқилди.

Таъкидланишича, авиақатновларга Ўзбекистондаги «Humo AIR» авиакомпаниясининг Ан-2 самолёти ҳамда Ўзбекистон ҳаво йўлларининг «Uzbekistan Helicopters» масъулияти чекланган жамиятига қарашли МИ-8 вертолётларини жалб қилиш кўзда тутилмоқда.

Ан-2 самолёти 12 та йўловчи сиғимига, МИ-8 вертолёти эса 16 нафардан 20 нафаргача одам олиш имкониятига эга. Йўловчилар 35-40 дақиқада Фарғонадан Сўхга ёки Сўхдан Фарғонага етиб олиш имкониятига эга бўлади. Парвозларни ҳозирча кунига 2 тадан амалга ошириш мўлжалланмоқда. Келгусида талабга қараб авиақатновлар кўпайиши мумкин.

Транспорт вазирлиги авиақатновларнинг чипта нархлари йўловчилар учун мақбул нархларда бўлиши бўйича тегишли тадбирларни ишлаб чиқмоқда. Қарорда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлаш белгиланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг