Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ТошПТИ клиникаси бош шифокори вафот этди

ТошПТИ клиникаси бош шифокори вафот этди

Соғлиқни сақлаш соҳаси оғир жудоликка учради. Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси бош шифокори Гулрано Усмонова вафот этди, деб хабар берди ССВ ахборот хизмати.

Г.Усмонова 1953 йил 14 апрелда туғилган. 1976 йилда Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институтини тамомлаб, ушбу олий ўқув юртида турли лавозимларда фаолият юритди. 2008 йилдан то шу кунга қадар эса Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси бош шифокори лавозимида узлуксиз ва самарали ишлади.

Унинг раҳбарлигида клиника фаолиятида туб ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.

Маҳоратли раҳбар бўлиши билан бирга, катта клиник тажриба ва чуқур билимга эга бўлган педиатр сифатида оғир, мураккаб беморларни даволаш орқали минглаб касалларни ҳаётга қайтаришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган. Ўзининг инсонпарварлиги, халқчиллиги туфайли жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат ва эътиборга сазовор бўлди.

Г.Усмонова «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими» фахрий унвони ҳамда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

«Xabar.uz» таҳририяти Гулрано Усмонованинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг