Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қурувчиларига байрам табриги йўллади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қурувчиларига байрам табриги йўллади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон қурувчиларига байрам табриги эълон қилинди.

Муҳтарам дўстлар!

Аввало, мамлакатимизнинг қурилиш соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган сиз, азизларни касб байрамингиз билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Жонажон Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини барпо этиш, Ватанимизнинг юксак тараққиётини таъминлаш, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этишда сизлар сингари моҳир қурувчи ва муҳандислар, уста ва меъморлар, лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар вакиллари – минг-минглаб бунёдкор инсонларнинг олижаноб меҳнатини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди.

Бугунги қутлуғ айём – Қурилиш соҳаси ходимлари куни диёримизда кенг нишонланаётгани ҳам халқимиз ва давлатимизнинг сизларга бўлган ана шундай самимий ҳурмат-эҳтиромидан далолат беради.

Азиз юртдошлар!

Маълумки, ҳозирги кунда бутун инсоният қатори эл-юртимиз ҳам оғир синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Мураккаб пандемия шароитида кўплаб соҳа ва тармоқлар ривожи йўлида жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мана шундай қийин вазиятда ҳам иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бўлган қурилиш, бунёдкорлик ишлари асло тўхтаб қолмади.

Аксинча, сизларнинг жонбозлик кўрсатиб қилаётган меҳнатингиз ҳисобидан тизимда кенг кўламли ислоҳотлар, бу борада белгиланган дастур ва режаларимиз ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда.

Бу фикрни жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизда жами 43 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107 фоиздан зиёдни ташкил этгани ҳам яққол тасдиқлайди. 

Бу йил қурилиш соҳаси учун ҳақиқатан ҳам ҳар томонлама синовли ва ғоят масъулиятли давр бўлганига ҳаммамиз гувоҳмиз.

Дастлаб Бухоро вилоятида, сўнгра «Сардоба» сув омборида юз берган табиий офат ва тошқин оқибатларини бартараф қилиш, ижтимоий объектларни тиклаш ва таъмирлаш, минг-минглаб оилалар учун замонавий уй-жойлар барпо этиш ишларида бунёдкор азаматларимиз ҳақиқий матонат ва шижоат намуналарини кўрсатдилар.

Энг муҳими, бу ишларда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг моҳир қурувчилари ва муҳандислари бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиб, халқимизга хос аҳиллик ва бирдамлик, ҳамжиҳатлик фазилатларини, биз чиндан ҳам ягона оила фарзандлари эканимизни яна бир бор амалда намоён этдилар.

Шу йилнинг март ойидан буён республикамизда қатъий карантин талаблари ўрнатилган таҳликали бир вазиятда қурувчиларимиз кўзга кўринмас бу балога қарши қаҳрамонона курашаётган шифокорларимиз ва бошқа соҳа вакиллари билан биргаликда стратегик аҳамиятга эга бўлган махсус қурилиш объектларини бунёд этаётганлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир.

Хусусан, ғоят қисқа фурсатларда Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 4 минг ўринли кўп тармоқли махсус шифохона, Юқори Чирчиқ туманида аҳолини вақтинча карантинда сақлаш мажмуаси каби ўнлаб иншоотлар ҳамда тақсимлаш пунктлари барпо этилди.

Мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам қад ростлаган бундай мажмуалар бугунги кунда пандемияни жиловлаш, бу оғир касалликка чалинган минглаб ватандошларимизнинг ҳаётини сақлаб қолишда беқиёс аҳамиятга эга бўлмоқда.

Айни вақтда улкан қурилиш майдонига айланган Ўзбекистонда қурувчиларимизнинг ўз касбига меҳри, бурчига садоқати, ғайрат-шижоати билан бошқа кўплаб ижтимоий объектларда ҳам бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб пойтахтимизнинг Олмазор туманида қад ростлаган Ғалаба боғи том маънода тарихий иш бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг ҳар қандай қийин шароитда ҳам буюк ишларни амалга оширишга қодир эканини яққол намоён этган ушбу қурилиш бугунги кунда халқимизнинг фашизмга қарши курашда кўрсатган мислсиз қаҳрамонлигини тарих саҳифаларига муҳрлаган бетакрор мажмуага айлангани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Ана шундай салмоқли ишларимиз қаторида Тошкент шаҳрининг қоқ марказида Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилгани маънавий ҳаётимиздаги унутилмас воқеа бўлди.

Тошкент ер усти ҳалқа метро йўли, Юнусобод ва Сергелидаги янги метро йўналишлари, Яшнобод туманидаги уч қаватли муҳташам кўприк, Ислом цивилизацияси маркази ва бошқа кўплаб муҳим объектлар сиз, қўли гул қурувчиларимизнинг улкан салоҳиятингиз ва маҳоратингиздан далолат бериб турибди.

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан халқимиз, айниқса, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, ёш оилалар учун арзон ва шинам уй-жойлар қуриш дастури изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда ана шу дастур бўйича қишлоқ жойларда 12 мингдан зиёд, шаҳарларда 18 мингдан ортиқ кўп хонали уй-жойлар барпо этилмоқда.

Шунингдек, ҳозирги вақтда юртимизда 2 минг 400 га яқин ижтимоий объект, жумладан, 427 та боғча, 477 та мактаб, 216 та соғлиқни сақлаш, 29 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси ва 100 га яқин бошқа турли иншоотларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Муҳтарам дўстлар!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳасини тубдан такомиллаштириш мақсадида унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётгани сизларга яхши маълум.

Хусусан, ўтган уч йил давомида ушбу соҳани тартибга солувчи жами 33 та қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 6 та қонун ҳужжатлари ҳаётга татбиқ қилингани бу борада бошлаган ислоҳотларимизнинг кўлами нақадар кенглигини кўрсатиб турибди.

Қурилиш ишларида дунёнинг ривожланган давлатлари стандартларига мос бўлган янги инновацион технология ва ечимларни қўллашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бу йўналишда ахборот-коммуникация технологиялари самарали жорий этилиб, «Шаффоф қурилиш» ахборот тизими ишга туширилгани соҳада коррупциянинг, қоғозбозликнинг олдини олиш, иш вақтини тежашга хизмат қилади.

Замонавий қурилиш соҳаси ривожини катта билим ва тажрибага эга, етук кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу мақсадда айни пайтда Тошкент архитектура-қурилиш ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтларида 22 та бакалавриат таълим йўналиши ва 23 та магистратура мутахассисликлари бўйича малакали кадрлар тайёрланмоқда.

Қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш ва қурилиш ишлари сифатини оширишга қаратилган ишлар ҳам жадал давом эттирилмоқда. Жумладан, қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини баҳолаш рейтинги жорий этилди. Қурилиш соҳаси билан боғлиқ барча асосий маълумотларнинг ягона электрон базаси шакллантирилаётгани ҳам бу борада сифат даражасининг яхшиланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шу билан бирга, қурилиш индустриясини, қурилиш моллари саноатини янада ривожлантириш, шаҳарсозлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини замонавий юксак мезонлар асосида такомиллаштириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, соҳа ходимларининг машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб рағбатлантириш масаласи бундан буён ҳам давлатимизнинг доимий диққат марказида бўлади. 

Азиз ва муҳтарам қурувчилар!

Барчангизни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, эзгу фаолиятингиз ва шахсий ҳаётингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман.

Хонадонларингизга доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ёр бўлсин!

Қўлингиз асло дард кўрмасин, ҳамиша соғ-саломат бўлинг! – дейилади Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг