Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сенат ялпи мажлисида қандай масалалар кўтарилиши маълум бўлди

Сенат ялпи мажлисида қандай масалалар кўтарилиши маълум бўлди

Фото:«Xabar.uz»

19 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борган.

Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисини жорий йил 23 август куни Тошкент шаҳрида чақириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Фото:«Senat.uz»

Ялпи мажлис кун тартибига «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида»ги, «Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳам киритилган.

Сенат аъзолари Олий Мажлис бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмлари жорий этилиши, сайлов, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.

Шунингдек, сенаторлар Халқаро меҳнат ташкилотининг саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 81-сонли, қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисидаги 129-сонли конвенцияларини ва бошқа халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси қонунларини ҳам муҳокама қиладилар.

Ялпи мажлисда «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил иккинчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, ички ишлар ва ташқи ишлар вазирлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ахборотлари, шунингдек Хоразм вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботи эшитилади.

Сенат аъзолари бўш турган, қурилиши тугалланмаган объектлардан ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланишга доир қонун ҳужжатлари ижроси ҳолатини ўрганиш натижалари, шунингдек боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳолати ва уларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш тўғрисидаги масалаларни ҳам муҳокама қиладилар.

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ва девонининг йигирма биринчи ялпи мажлисга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишларини мувофиқлаштириш учун ишчи гуруҳ тузилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг