Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сенатда АКТ вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси ҳисоботлари эшитилди

Сенатда АКТ вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси ҳисоботлари эшитилди

Фото: «Xabar.uz»

2019 йил 31 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси томонидан 2019 йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар натижалари бўйича ҳисобот эшитилди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг жорий йил 9 ойидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Фото: «Xabar.uz»

Таъкидланганидек, 2019 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига 40 та мақсадли вазифа юклатилган. Уларни амалга ошириш борасида вазирлик томонидан изчил ишлар олиб борилган.

Жумладан, чет эл инвесторларини дастурий маҳсулотлар соҳасида қўшимча лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида «ICTWEEK Uzbekistan 2019» АКТ ҳафталиги ўтказилди. Мазкур тадбир доирасида «DIGITAL UZBEKISTAN» АКТ форуми, «ICTEXPO» кўргазмаси, «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш» форуми ташкил этилиб, Бирлашган Араб Амирликлари билан биргаликда «mGowAward» республика танлови эълон қилинди.

Алоқа ва ахборот технологиялари соҳасидаги етакчи хорижий мамлакатлар (Беларусь ва Ҳиндистон) олий ўқув юртлари билан қўшма факультетларни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети тузилмасида Ўзбек-Беларусь қўшма факультетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2019/2020 ўқув йилида янги йўналиш бўйича 505 нафар йигит-қизлар талаба бўлди.

Фото: «Xabar.uz»

Бундан ташқари, 1-банд бўйича инвестиция дастури доирасида III-IV чоракларда бажарилиши лозим бўлган «Оптик толали алоқа линияларини қуриш», «Радиочастота спектри мониторинги тизимини кенгайтириш ва ривожлантириш», «Магистрал ва мультисервис транспорт тармоғини кенгайтириш» лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шу билан бир қаторда, мажлисда вазирлик фаолиятидаги камчиликлар ҳам таҳлил қилинди ва шундан келиб чиқиб, бир қатор тавсиялар билдирилди. Хусусан, магистрал телекоммуникация транспорт тармоқларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа доирасида қурилмаларни республикага келтириш ва жойларда ўрнатиш ишларини жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, жорий йилда оптик толали алоқа линиялари қурилишини 10 минг километрга етказиш чораларини кўриш зарурлиги, бунда олис қишлоқ аҳоли масканлари ва ижтимоий инфратузилма объектларига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.

Фото: «Xabar.uz»

Давлат божхона қўмитасининг жорий йил тўққиз ойи давридаги фаолияти сенаторлар муҳокамасининг яна бир масаласи бўлди. Хусусан, ушбу тузилмага 2019 йилда мақсадли вазифаларни бажариш юклатилган бўлиб, шундан 22 тасининг муддати 2019 йилнинг I-III чораклари этиб белгиланган. Уларнинг аксарияти амалга оширилган бўлса-да, белгиланган вазифалардан 2 таси якунига етказилмаганлиги аниқланди.

Жумладан, жорий йилнинг III чорагида «Яллама» божхона пости ҳудудига туташ жойда «ягона дарча» тамойили асосида фаолият олиб борадиган замонавий божхона терминалини қуриш ишларини бошлаш вазифаси белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони билан тасдиқланган тармоқ жадвалига мувофиқ 2019-2020 йилларда «Яллама» божхона постига туташ ҳудудларда божхона терминали қуриш учун «Euroasia Transportation and Logistics Company» МЧЖ ХК Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан шартли равишда потенциал инвестор деб топилган ва божхона постига туташ ҳудудларда божхона терминали қуриш учун ер участкаси ажратилган. Сентябрь ойида Давлат божхона қўмитасида инвесторлар билан учрашув ўтказилиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинган бўлса-да, терминални қуриш ишлари бошланмаган.

Фото: «Xabar.uz»

Шунингдек, божхона юк декларацияларини божхонада расмийлаштириш вақтини 3 кундан 1 кунга қисқартириш лозимлиги белгиланган. Бироқ бу масалага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат бугунги кунга қадар қабул қилинмаган.

Шу билан бир қаторда мажлисда Давлат божхона қўмитаси фаолиятида аниқланган камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар билдирилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг