Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Русланбек Давлетов адлия соҳасига қизиқувчи ёшлар билан учрашди

Русланбек Давлетов адлия соҳасига қизиқувчи ёшлар билан учрашди

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Бугун, 25 октябрь куни Адлия вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ҳуқуқий соҳада таҳсил олувчи ҳамда адлия соҳасига қизиқувчи, шунингдек ҳуқуқий масалаларда савол, таклиф ва ташаббуслари мавжуд бўлган ёшларни жалб этган ҳолда Адлия вазирлигида «Адлия вазири ва ёшлар» учрашуви ўтказилди.

Учрашув давомида Адлия вазирлигига экскурсия ташкил этилиб, унда соҳага қизиққан юздан ортиқ илғор ёшларга вазирликнинг ички тузилмаси, бошқармалар ва бўлимлар фаолияти билан яқиндан танишиш учун имконият яратилди. Шунингдек, норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий тарғибот каби вазирлик ваколатига кирадиган функцияларнинг амалга оширилиши жараёнига гувоҳ бўлдилар.

Вазирлик тарихи, бугунги кундаги фаолияти ва истиқболдаги режалари тўғрисидаги тақдимот ва Адлия органлари тарихи музейига ташриф ёшларга адлия органлари тўғрисида янада аниқ, мукаммал тасаввурга эга бўлишларига сабаб бўлди.

Тадбирнинг асосий қисми ёшларнинг Адлия вазири Русланбек Давлетов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев билан учрашуви орқали давом эттирилди.

Учрашувда ёшларга оид давлат сиёсатининг аҳамияти, ёшлар учун қонунчиликда яратилган имкониятлар, ёшлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларини қизиқишларини инобатга олган ҳолда қизиқарли савол-жавоблар, ҳуқуқий викториналар ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Фаол иштирокчиларга адлия вазири ҳамда Ёшлар иттифоқи раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг