Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қашқадарёда бундан буён бирорта дарахт асоссиз кесилмайди — вилоят ҳокими билан суҳбат

Қашқадарёда бундан буён бирорта дарахт асоссиз кесилмайди — вилоят ҳокими билан суҳбат

Фото:«Xabar.uz»

Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси — журналист учун жуда катта имконият. Бу ерда вазирлар, ҳокимлар, оддий тил билан айтганда казо-казоларни учратиш, саволга тутиш мумкин.

Биз ҳам Сенатнинг ялпи мажлиси аввалида имкониятни қўлдан чиқармасликка уриндик ва Қашқадарё вилояти ҳокими, сенат аъзоси Зафар Рўзиевни қисқа суҳбатга тортдик.

Суҳбат тафсилоти аввалида эътироф этиш жоиз: Қашқадарёдаги муаммолар юзасидан сайтимизда бир қанча материаллар чоп этилди. Буларга Китоб тумани марказида ва тоғ ёнбағирларида дарахтларнинг кесилиши, бозор қурилишнинг охири кўринмаётгани, Деҳқонободдаги муаммоларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Шу ва бошқа масалалар юзасидан вилоят ҳокими саволларимизга жавоб берди.

—Зафар Шаропович, «Xabar.uz» ёритган муаммо — дарахтларнинг кесилиши хусусида. Китоб тумани экотуризм имконияти катта бўлган ҳудуд саналади ва бу ерда дарахтлар камайиши салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Вилоят ҳокимлиги бу муаммога нима дейди?

— Албатта, бу муаммо борлигини тан оламиз. Ассосиз равишда дарахт кесиш ҳолатлари бўлди. Аммо ҳозирда вилоят миқёсида дарахт кесиш бутунлай тўхтатилган. Ҳа, бутунлай. Бундан буён биронта амалдор асоссиз битта кўчатга озор етказмайди. Масала кучли назоратга олинган.  

— Вилоятдаги муаммолардан яна бири автомобил йўллари сифати. Хусусан, чекка қишлоқлар бундан кўпроқ азият чекмоқда...

— Қашқадарёда йўлларнинг умумий узунлиги 18 минг километрни ташкил этади. Вилоят 28 минг квадрат километр ҳудуд ва 3 миллион аҳолидан ташкил топган. Бу катта рақам. Мен ишонч билан айта оламанки, яқин келажакда бу масалада катта ўзгаришлар бўлади. Айни дамда туман марказлари қиёфасини мутлақо ўзгартириш ва йўлларни созлаш устида катта ишлар қилиняпти. Мана, масалан, ўша Китоб туманини олайлик. Туман марказидаги қурилишларни жадаллаштирдик, йўлларга асфальт ётқиздик. Яъни ҳаммаси аста-секинлик амалга ошмоқда. Йўллар энг йирик муаммоларимиздан эканини тан оламан. Хуллас, бу соҳада ўзгаришлар бизни кутмоқда.

Фото:«Xabar.uz»

— Қашқадарё ёшлари ҳақида фикрингиз...

 — Воҳа шу вақтга қадар республикага истеъдодларни кўплаб етказиб берган, етказмоқда. Албатта, вилоят ёшлари ҳаётида муаммолар йўқ эмас. Масалан, айрим ҳудудларда алоқа, интернет хизматларидан фойдаланишни олайлик. Биз яқинда ҳатто Шаҳрисабздаги олис тоғли Ғилон қишлоғига ҳам антенналар ўрнаттирдик. Мактабларда эса компютер синфхоналари кўпайтирилмоқда, интернетга уланмоқда. Ёшлардан интернетни, техникани, умуман илм эгаллашга ғайрат қилишларини сўраган бўлардим.

Қашқадарё вилояти ҳокими шунингдек, батафсил суҳбат қилиш учун сайт ижодкорларини Қашқадарё вилоятига таклиф этди.

Улуғбек Орипов суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг