Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Қалбига қулф урилганлар

Қалбига қулф урилганлар

Самарқанднинг Иштихон туманида бўлган воқеа кўпчиликни ларзага солди. Бир оила йўқ бўлиб кетди. Ҳар бир жамиятда оиланинг оила бўлиб шаклланиши, ўз ўрнини топиши нечоғлик муҳим ва қийин. Аммо шу оиладан бир кунда ном-нишон қолмади. Ота-онанинг вояга етаётган фарзандлари келажаги ҳақидаги орзу-умидлари ҳаммаси бир кунда ерга кўмилди.

Қотилликни амалга оширган 4 нафар йигит арзимаган пул учун мудҳиш жиноятга қўл урди. Жазосини ҳам олади албатта. Аммо мени уларнинг кимлиги, қандай оилада вояга етгани, қандай одамларнинг фарзанди эканлиги ташвишга солади. Улар шу қотилликка қўл ураётганда нималарни ўйлаган, кўнглидан нималарни ўтказган? Ўша оила ўрнида ўз оиласини, ака-укаларини қўйиб кўрмаганми?

Чет эл киноларини кўрганимда урушда, жангоҳда душманига қарата ўқ узаётган йигитчаларнинг кўзидаги ёшни кўрганман. Иложсизликдан душманини отиб қўйган аскар: «Бу юк билан умримнинг охиригача қандай қандай яшайман», дея изтироб чекади.

Иштихонлик йигитлар қачондир жазони ўтаб чиққач ҳам бу юк билан қандай яшайди? Аслида уларнинг виждони қийналадими? Саволлар кетидан саволлар туғилаверади. Нега уларнинг кўзи қонга тўлган?

Бугун биз боғчада болаларни қабул қиладиган, уларнинг интеллектуал салоҳиятинигина аниқлайдиган психологларга эмас, одамшуносларга муҳтожмиз. ОДАМШУНОСЛАРГА...

Мени қизиқтиради: бу болалар ёшлигида қанақа бўлган, нималарни ўйлаган, нималарга қизиққан? Мана шу воқеа ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин жуда кўп изоҳларни ўқидим. Бир катта ёшли киши шундай ёзибди: «уларни итдек ингратиб ўлдириш керак?» Менда яна савол туғилди, «нега итни ингратиб, қийнаб ўлдириш керак?» Кимдир айтганидек, бу йигитлар ёшлигида итларни ингратиб, қийнаб катта бўлган болалар эмасми? Мен бирор хонадонда ҳайвонларга меҳр кўрсатиш учун эмас, итни, хўрозни, қўчқорни уриштириш, уриштириб завқ, лаззат олиш учун боққанларни жуда кўп кузатдим. Бирор ҳайвони ўлиб ёки йўқолиб қолса, йиғлалаганларни жуда камдан кам кўрдим. Чунки бизнинг мамлакатда бирор ҳайвоннинг ўлиши ёки йўқолишига ҳожат йўқ. Чунки аксарият хонадонларда ҳайвонларни болаларнинг кўз ўнгида сўйиб, нимталаймиз. Айниқса, қишлоқларда итларга, мушукларга, паррандаларга нисбатан муносабатдан йиғлагингиз келади. Аҳоли уларни кўчада қолгани учун эмас, манфаати учун боқади, ундаям ўлмасдан нари қилиб. Айтмоқчи бўлганим, бундай болаларнинг дийдаси ҳайвонларга ана шундай муносабат туфайли қотиб кетган. Ва одамга ҳам меҳр-шафқат туйғулари шаклланмай қолган. «Чумолига ҳам озор бермаган», деган гап фақат яхши инсонга нисбат берилиб айтилиши ҳам бежиз эмас. Чумолига озор бермаган одам инсонга ҳам шавқатли бўлади.

Мени тинмай бир савол қийнайди. Бу йигитлар ўша кунлари оила даврасида ўзларини қандай тутган? Дастурхон бошида ота-оналари билан нималарни гаплашган, оталари улар билан қачон охирги марта суҳбатлашган? Улар ўша кунлари қандай ухлаган? Ёки фақат маҳалла кўйда, маъракада кўксини қўлига қўйиб салом беришдан нарига ўтмайдиган, қалбида эса аламзадалик, бир уюм ахлат, шафқатсизлик уя қурган зомбиларни тарбиялашганми? Виждон, қалб гўзаллиги деган туйғулар ота-оналар томонидан уларга ибрат қилиб кўрсатилмаганми?

Кўпинча, деярли ҳар доим мана шундай қотилликлардан кейин бошқалар томонидан туппа-тузук оиланинг фарзанди эди деган гапларни эшитамиз. Ҳа, атрофимиздаги деярли барча оилалар туппа-тузукка ўхшаб кўринади. Катта камчилигимиз ҳам шунда. Одамлар кўзига рисоладагидек, туппа-тузук бўлиб кўриниш.

Андижонда бир онанинг 14 ёшли қизини 3 забардаст эркакка бир кечага арзимаган пулга сотгани ҳақидаги хабарни ўқигандим. Аёл мактабдаги директор билан келишиб ҳомиладор бўлиб қолган қизнинг 7 ойлик боласини яширинча туширади. Ҳамма сир ошкор бўлгач эса онанинг мана бу гапи энсангизни қотиради: «Эл-юрт олдида шарманда бўлишдан қўрққандим». Эл-юрт олдида шарманда бўлишдан қўрққан она қизалоғини осонгина эркакларга топшираётганда нега ўзидан, қизидан уялмади. Қизининг номуси туфайли берилган пулни қандай еб ичди, ўша куни қандай ухлади. Анави уч эркакчи? Қизини, синглисини кўз олдига келтирмадими? Нега улар бу юк билан қандай яшайман, деган саволни берар даражада қалбини тарбияламайди ёки тарбиялашмаган? Айнан мана шу онанинг, мана шундай уч эркакка ўхшаган оталарнинг ўғиллари худди юқоридагидек қотиллик қилишдан қайтмайдиган бўлиб вояга етиши шубҳасиз.

Қизини (эслаганда одамнинг юраги увишиб кетади) тубанларча уч отаси тенги эркакка бир кечага пуллаган, дала даштда қизининг зўрланишига ўзида куч топган она жамиятдан, элдан уялгани мантиқсиз. Яъни биз фарзандларимизни кўпроқ маҳалла кўйдан, элдан уялишга ўргатамиз, виждон эса иккиламчи бўлиб қолади. Аслида болани виждони олдида уяладиган қилсак, бошқалар олдида ҳам уяладиган иш қилишига ҳожат қолмайди. Яъни туппа-тузук оиланинг фарзанди бундай мудҳиш қотилликка қўл урмайди. Бундай биз туппа-тузук деб ўйлайдиган, лекин қачондир, қандайдир ишкали чиқадиган оилада қандайдир мурват ишламайди ёки нотўғри бураб қўйилган. Бу оилаларда эрнинг хотинга, болаларга муносабати қандай? Онанинг ўрни оилада қандай? Бизда жуда кўп ташкилотлар мавжуд. Маҳалла, «Оила» илмий амалий маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи... яна кўплаб ташкилотларни мисол келтириш мумкин. Улар ҳар куни шу оилалар даврасида ва шу билан бирга ҳеч қачон бирга эмас. Уларнинг ичига кириб боролмаган. Оиладаги ҳар бир инсон билан тил топиша олмаган.

«Жаҳл чиққанда ақл кетади», дейишади. Уларнинг жаҳли чиқмаган ақлигини йўқотадиган даражада. Хотиржамликда, темир бўлагини қўлга олгану инсонни, тирик жонни осонгина юзини, бошини мажақлаб қўя қолган, ваҳшийларча. Кечагина бир олам орзу умид билан яшаётган оила бугун йўқ. Шов-шувга айланган бу воқеа яна такрорланмаслигига ким кафолат беради? Уруш даврида минглаб одамларни турли қийноқ билан ўлдирганларни  бешафқат, фашист, газанда деб келдик. Аммо, худо кўрсатмасин, мана шундай вазият туғилиб қолса ўзимизда ҳам бажонидил, киприк қоқмасдан фашистлардек одамларни қийнайдиганлар чиқиши мумкинлиги одамни изтиробга солади.

Ҳар сафар шу тўрт малъуннинг ота-онасини тасаввур қиламан. Улар қандай одамлар? Улар бағрида етиштирган фарзанди билан қачон охирги марта суҳбатлашган? Уларнинг орзу-умидлари ёки ўй-хаёллари билан қачон қизиққан? Уларнинг туйғулари, ҳиссиётлари қайси йўл билан тарбияланган? Тарбияланганми ўзи? Бир пайтлар ўқигандим. Қайсидир мамлакатда уч нафар фарзандини ҳеч кимга кўрсатмай ертўлада боққан ота-онани. Улар ҳуркак, қўрқоқ ва шу билан тажовузкор эди. Мен ҳам бу йигитларни бир умр ертўлада сақланган, қалби қулфлаб қўйилган ўша болаларга ўхшатдим. Қўрқоқ, ҳуркак ва шу билан бирга шафқатсиз... Қалби, ҳиссиётлари, туйғулари тарбияланмай қолган зомбилар, манқуртлар...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг