Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Прокуратура: «ёпиқлик»дан очиқлик сари — синовлар, эврилишлар, натижалар...

Прокуратура: «ёпиқлик»дан очиқлик сари — синовлар, эврилишлар, натижалар...

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 8 январь — Прокуратура органлари ходимлари куни.

1992 йил 8 январда Ўзбекистон Республикаси президентининг «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Мазкур тарихий ҳужжатга кўра, собиқ Иттифоқ қарамоғидаги Ўзбекистон ССР прокуратураси мустақил Ўзбекистон прокуратурасига айлантирилди.

Шундан буён қанча қовун пишиғи ўтди. Тизимда неча эврилишу қанча ўзгаришлар бўлмади, дейсиз?! Айниқса, кейинги уч йил ичида тизим озмунча синовларга дуч келгани йўқ. Маҳкаманинг янги раҳбари аввалги салафлар ҳақида оғриқ билан гапириб, уларнинг фаолияти тизимнинг фидоий ходимлари руҳиятига қаттиқ таъсир этганини алоҳида таъкидлагани бежиз эмас. Зеро, ҳар бир тизим фидоий ходимларнинг машаққатли меҳнатлари туфайли эътироф этилади.  Йиллар синовига мардона дош бериб, касбий ва аҳлоқий  фазилатлари билан обрў қозонган прокуратура ходимлари оз эмас. Ва улар ўз фаолиятини ёруғ юз билан давом эттирмоқдалар. Буни эътироф этмаслик инсофдан эмас.

Сўнгги уч йилда прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ 20 га яқин қонун, Фармон, қарор ва фармойишнинг қабул қилинди. Қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар натижасида тараққиётимизнинг янги босқичида жамиятда адолатни қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича катта ишлар қилинмоқда.

Энг муҳими, аввал том маънода ёпиқ маҳкама бўлган прокуратура эшиклари ланг очилди. Тизим фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик халқаро миқёсда эътироф этилаётгани бор гап.

Таъкидлаш жоиз, прокуратура органлари томонидан жамиятда қонунийликни, қонун устуворлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, барча йўналишларда салмоқли ишлар амалга оширилиб, яхши натижаларга эришилаётганини кенг жамоатчилик кўриб, билиб турибди.

Биргина 2019 йил давомида қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида 77 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, 134 минг нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланган.

20 мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжатлар прокурорларнинг протестлари асосида қонунга мувофиқлаштирилган, тегишли идораларга 16 мингга яқин тақдимномалар киритилган.

Қонун талабларини бузган 40 мингга яқин шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1.709 та жиноят иши қўзғатилган.

Прокурор текширишлари ва жиноят ишлари тергови давомида жами 2 трлн. 300 млрд. сўмдан ортиқ зарарнинг қопланиши таъминланган.

Адолат ва қонунийлик посбонларининг касб байрами муборак бўлсин!

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг