Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Прокуратура ўзбошимчалик билан сўйилган қўйлар воқеасига эътибор қаратди

Прокуратура ўзбошимчалик билан сўйилган қўйлар воқеасига эътибор қаратди

Фото: Видеолавҳадан скриншот

Қашқадарёда далани пайҳон қилган қўйлар сўйилгани ва видеода чиқиш қилган масъулнинг айтишича, мазкур ўзбошимчалик вилоят ҳокими томонидан буюрилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Қашқадарё вилояти прокуратураси мазкур ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.

«Жорий йилнинг 2 январь куни интернет нашрларида «Қашқадарё ҳокими далани пайҳон қилган қўйларни сўйишни буюрди» сарлавҳа остида видеолавҳа чоп этилган.

Мазкур видеолавҳада вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов, Нишон тумани ИИБ бошлиғи Дилшод Умаров, Ибн Сино ҳудудидаги «Отамурод ота» фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Бобоназаров ҳамда далани пайҳон қилган 21 бош қўй эгаси Абдурашид Азаматов иштирокида вилоят ҳокими топшириғига кўра, ғалла майдонини пайҳон қилингани учун фермер хўжалиги раҳбари ва пайҳон қилган қўй эгасига тегишли 1 тадан (жами 2 бош) қўйни сўйиб, кам таъминланган оилаларга тарқатилиши ҳолати акс эттирилган.

Мазкур ҳолат Нишон тумани прокуратурасининг «Шакл-1» китобига рўйхатга олиниб, тегишли тартибда хизмат текшируви тайинланган бўлиб, тарқатилган видеолавҳанинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда.

Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, қонуний қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган», дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг