Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Профессор сўнгги «могикан»ларданми ёхуд филолог тадбиркорга айланганда...

Профессор сўнгги «могикан»ларданми ёхуд филолог тадбиркорга айланганда...

Бир неча кун бурун филология фанлари доктори, профессор, кўп таниқли адабиётшунос олим Йўлдош Солижонов сим қоқиб қолди.

Домла «Тўрткўча» ҳақида бир муддат қизғин сўзлаб, роман билан мени табриклади. Сўнг «Саид Аҳмад ҳақида бир китобим чиқяпти, Музаффар (домланинг ўғли, менинг курсдошим, дўстим!) сизга етказади, ўзингиз ишлаётган институтга қанча керак бўлса, олиб, менинг номимдан тарқатинг!» деди.

Гўшакни қўйгач ўйладим: Йўлдошали ака ҳар доим шундай иш тутади – китоб чиқариб, уни мутахассисларга инъом қилади. Мана, ҳозирда қутлуғ 85 ёшни қарши оляпти, лекин сафда тик туриб, соҳа муаммолари ҳақида ўйлаб, изланиб юрибди. Ана, яқинда таниқли шоир Абдунаби Бойқўзинингг 70 йиллик юбилейида ҳам Андижонга бориб, асосий маърузачилардан бири сифатида нутқ сўзлади. Йўқ, домла ҳеч қачон «навбатчи сўзловчи»лардан бўлмайди, бўлмаган ҳам, ҳамиша янги гап айтишга, муҳими, тўғри, асосли гап айтишга ҳарақат қилади ва бунинг уддасидан чиқади ҳам.

Мен домлага: «Умарали Норматов каби устозларимиздан кейин ёзган нарсангга эътибор бериб, бу ери яхши, у ерида тузатилиши керак бўлган жойи бор экан, дея хайрихоҳларча маслаҳат бериб турадиган бир-икки адабиётшунос қолдингизлар. Илойим, умрларингиз узоқ бўлсин, домла!» дедим.

Кейин яна ўйладим: «ишқилиб, сизлар – Иброҳим Ғафуров, Қозоқбой Йўлдошев, Дилмурод Қуронов, Ислом Ёқубов... каби мунаққидлар сўнги могиканлар бўлманглар-да, изларинг давом этсин-да!»...

Шу суҳбатдан 4-5 кун ўтиб, кеча Музаффар дўстимиз икки боғлам китоб кўтариб келиб қолди. Китобни яна бир курсдош дўстимиз Собир Муҳаммад ўзининг «Қамар» нашриётида чоп қилиб берибди. Китобни варақлар эканмиз, чой устида соатларча суҳбатлашдик.

Музаффар ҳам от изини босиб, филология соҳасида ўқиди, бироқ тақдир тақозоси – «Ўтиш даври» шарт-шароитлари туфайли бизнес дунёсига кетган, ўша ерда фаолият юритаётган сафдошларимиздан. У ўз вақтида жуда яхши шеърлар, мақолалар ёзган, айримлари менда сақланиб ҳам қолган. Тилга алоҳида қобилияти бор: мен бироз бўрттириб: «Музаффар турк тилини туркдан, рус тилини русдан яхши билади», деб қўяман. Аслида, шундай жойлари борлиги аниқ.

Не ёзиқки, соҳамиз шундай филологдан «айрилиб қолган».

Аммо бундай «айрилиқ»лар баъзан яхши натижалар ҳам бериб туради. Чунончи, Музаффар узоқ вақт «Pepsi» компаниясининг ишлаб чиқариши бошида турди. Кейин «миллий бренд» яратаётганлар сафига қўшилди. Миллий кола, миллий фанта, қисқаси, «миллийчилар» дунёсига ўтиб, янги тенденцияни дадил бошловчиларидан бирига айланди: масалан, пўртахол (фанта) ичимлиги идишига Бобурнинг «Бобурнома»сидан мисралар олиб ёздирди. Тасаввур қиляпсизми, кола (пепси) ёки шу каби ичимликлар қаердаю Бобурнинг «Бобурнома»си қаерда! Ўртада қандай боғлиқлик бўлиши мумкин?.. Гап шундаки, апельсин, мандарин, лимон каби мевалар бизга советлар даврида ёки мустақилликдан кейин келгани йўқ, ота-боболаримиз уларни илгари ҳам билишган, истеъмол қилишган, ҳатто ўзга тилдаги отларини соф турконага айлантириб талаффуз ҳам қилишган. «Бобурнома»дан олинган ёзув бизга шу фикрни беради. Бу фикр эса, ўз ўрнида тилдаги кўпгина чалкашли масалаларга йўл-йўриқ вазифасини ўтайди. Яъни ташқаридан олинган нарса ўз оти билан қабул қилинар экан, уни ҳеч қурса, ўз талаффузимизга мосламоғимиз керак. Бунга, мана, бобомиз Бобуршоҳ тутган йўл мисол.

Хуллас, миллий пўртахол ичимлиги бағрида лотин ҳарфларида шундай ёзув бор:

«…..914 (1508) йили бир чорбоғ солдим, Боғи Вафо деб номланган... норанжи (апельсин), турунжи (лимон) ва анори кўп... Норанжилар сарғайган маҳали кўп яхши кўринади, ҳийла яхши боғ бунёд топди.»

Лайм ичимлиги қадоғида эса лотин ҳарфларида шундай парча бор:

«Яна бир меваси лаймдир. Ҳиндистонда жуда кўп бўлади. Заҳарланган киши илдизини қайнатиб ичса, зиёнини даф қиларкан.»

Бу ёзувлар рус тилида ҳам бор, токи бошқа миллат вакиллари бизнинг тарихий илмимизнинг нақадар теранлигини англасинлар!

Ҳамда бу ёзувлар филологиядан ишлаб чиқариш соҳасига ўтган филолог Музаффар Солижонов туфайли содир бўлди. Ҳамда унга ишора бериб, кичик бир ҳисса қўшганимдан мен ҳам севиниб қўяман. Яъни Музаффар «ота-боболаримиз апельсин, мандарин, лимонни нима дейишган?» деб сўраган вақтида камина «Бобурномани кўринг, ўша ерда бор» дея йўналтириб юборган эдим-да. (Улар Бобургача ҳам бўлган, албатта!)

Демак, юрагида миллий ғурури бўлган, ўзиникидан ор қилмайдиган, аксинча, ўрни келганда, маҳсулот бағрига ўзбекча сўзни дадил ёзиб қўя оладиган филолог-бизнесменлардан катта наф бор экан. Маънавий наф!

Албатта, бу гапларнинг, яна Бобур айтганидек, «айбғинаси» бўлиши мумкин, гап бунда эмас, гап ёндашувда. Ишлаб чиқаришда, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга от қўйишда ўз тил қоидаларимиздан келиб чиқишимиз кераклигида!

Эслайман, камина ҳам бизнес оламига «аралашиб» юрган вақтимда «Ўрикзор бозори»даги бир суқоричи («печеньечи») нинг болалар учун чиқарилаётган маҳсулотига «Асалтой», деб от қўйиб бергандим. Ёки ўзимиз ишлаб чиқараётган «Стеклоочиститель»га катта қилиб «ойнакюв», яъни «ойнак ювувчи восита» маъносида ном қўйгандим. Аввалига кўпчиликка эриш туюлганди, албатта, лекин вақт ўтиб, талабгорлар «ойнакюв борми?» деб сўрайдиган бўлишганди. Демак, маҳсулотнинг табиатидан келиб чиқиб, қисқа ва мантиқли от қўйилса, у кўп ўтмай оммалашиб кетар экан. Тасаввур қилинг, рус тилини яхши билмайдиган бир ўзбек «Стеклоочиститель» дегунча қора терга ботиб кетади-ку, ахир!..

Қисқаси, Музаффар билан мириқиб суҳбатлашиб ўтирсак, профессор Қурдош Қаҳрамонов бир гуруҳ филолог талабаларни бошлаб келиб қолди. Натижада уларга Йўлдош Солижоновнинг «Саид Аҳмад ва адабий жараён» номли китобидан бир боғламини тарқатдик, суратга тушдик, кейин эса китобни имзолаб беришга тўғри келди. «Китоб муаллифи бошқа, имзолашга ҳақимиз йўқ» десак ҳам, ёшлар «имзолаб беринглар!» деб туриб олишди. Ноилож имзоладик. Худди бировнинг таҳоратига намоз ўқигандек бўлдик ўзиям. Аммо имзо қўяр экан, Музаффар ўз отасига – профессор Йўлдош Солижоновга, унинг ёшлигига роса ўхшаб кетди. Мен уни билдирмай расмга олдим. Кейин маълум бўлишича, шоир Дадахон Муҳаммадиев ҳам худди шундай – сездирмайгина мени ҳам суратга олиб қўйган экан.

Хуллас, Йўлдошали ака, рози бўласиз энди! Дарахтни сиз экдингиз, соясида ўғлингиз билан биз ўтирдик.

Муҳими, китобингизни биздан қабул қилиб олган ёш филологлардан кўплаб Йўлдош Солижоновлар чиқсину йўлингиз давом этсин!

Ишлаб чиқарувчиларимиз эса, ўғлингиз Музаффар Солижоновга ўхшаб ўз маҳсулотларига ўзбекона, туркона от қўйишдан асло чарчамасинлар! Бунинг учун эса, аввало, чўчимасинлар!

Зеро, юртни, миллатни севиш мана шундай кичик кўринган, аммо муҳим ишлардан бошланади.

                                                                                                         Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг