Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент янги қарор қабул қилди

Президент янги қарор қабул қилди

Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Паррандасаноат» уюшмасининг 2021 йил 1 июндан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратиш таклифи маъқулланди.

Тижорат банклари томонидан 2025 йил 1 январга қадар қуйидагилар учун ажратилаётган кредит бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан:

омихта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми;

паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

Кушхона ва музлаткичларни ўз ичига олган паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплексни (кейинги ўринларда – замонавий комплекс) ишга туширган тадбиркорлик субъектига лойиҳа қиймати 40 миллиард сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан субсидия берилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади;

2022 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилади;

«Паррандасаноат» уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан паррандачилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг 6 ойлик иш ҳақи миқдорининг 50 фоизи, бироқ ойига 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми қоплаб берилади. Бунда, мазкур харажатлар учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан 5 миллиард сўм йўналтирилади.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, 20-мавзе, 35а-уйда жойлашган Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳузуридаги собиқ Тошкент транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди (асосий воситалари) билан биргаликда Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент филиалига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг