Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент ўқитувчи ва шифокорлар билан фикр алмашди

Президент ўқитувчи ва шифокорлар билан фикр алмашди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан мулоқот қилди.

– Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришамиз? Мени шу савол қийнайди. Сизлар билан учрашишдан мақсад – қуйи тизимдаги масалаларни билиш, тўғри йўл тутиш, – деди давлатимиз раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

2020 йил барча соҳалар учун катта синов бўлди. Тиббиёт ходимлари ҳам, ўқитувчилар ҳам янгича шарт-шароитда ишлашига тўғри келди.

– Оғир синовлар пайтида бирлашдик. Бу синовлар бизни изланишга мажбур қилди. Шунинг учун натижа бўлди, – деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Айни пайтда, пандемия қайси соҳаларда оқсаш борлигини, ислоҳот, ривожланиш йўналишларини ҳам кўрсатиб берди. Жорий йил 30 октябрь куни таълим-тарбия тизими, 6 ноябрда эса соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишлари шу мақсадга қаратилган эди. Уларда муҳокама қилинган долзарб масалалар ва билдирилган таклифлар асосида таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантириш, бирламчи тиббий муассасалар фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш бўйича Президентнинг фармон ва қарорлари қабул қилинди.  

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугунги учрашувда таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотларнинг аҳамияти, уларни қуйи тизимда амалга ошириш чоралари ҳақида суҳбатлашилди.

Шавкат Мирзиёев аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини таъкидлади.

– Шифохонадан чиққан 20 та одам билан гаплашинглар, ҳаммасини айтади. Кўпчилик тиббий хизматлар сифатидан норози, – деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг илғор тажрибасини жорий этиш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш бўйича фикрлар билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари аҳоли саломатлиги, ёш авлод камолотида ҳамоҳанг экани таъкидланди.

– Тиббиёт ва таълим – давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўприги, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. – Ҳаммамиз ўзимизни қийнаб, ҳалол бўлиб, бу тизимларни тўғрилаб олсак, ана шунда адолат таъминланади. Халқимиз рози бўлади. Тошкент бунда намуна бўлиши керак.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг