Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзкимёсаноат» «номаълум куйдирувчи газ» ҳақидаги хабарга раддия берди

«Ўзкимёсаноат» «номаълум куйдирувчи газ» ҳақидаги хабарга раддия берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида 29 октябрь куни “Навоийазот” АЖга қарашли ПВХ заводида юз берган фавқулодда ҳолатда одамлар заҳарлангани ҳақида хабар эълон қилинган эди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти эса мазкур хабарни рад этди. Бу ҳақда жамият матбуот хизмати «Xabar.uz»га маълум қилди.

Маълум бўлишича, 28 октябрь куни ПВХ заводи ва умуман “Навоийазот” ҳудудида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермаган. Шу куни соат 17:00лар атрофида “Навоийазот” Тиббий санитария қисмига “Навоийазот” ҳудудидаги “ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси” қурилишида иштирок этаётган 4 ходим ўзларини ёмон ҳис этганликлари туфайли шахсан мурожаат этганлар.

“Навоийазот” Тиббий санитария қисми тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрик вақтида уларнинг организмида ҳеч қандай кимёвий моддалардан заҳарланиш аломатлари аниқланмаган. Шу туфайли овқатдан заҳарланиш тахмини билан Навоий шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

У ердаги кўрикдан сўнг бир нафар ходимга шу куннинг ўзида жавоб берилган, қолган 3 ходим Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Навоий вилоят филиали токсикология бўлимида олиб қолинган ва 29 октябрь куни соат 10:00 да аҳволи яхшилиги туфайли шифохонадан чиқарилган.

Айни вақтда ушбу ходимлар ўз хизмат вазифасини бажармоқда.

«Юқоридагиларни инобатга олиб, хабарда келтирилган ҳамда текширилмаган баъзи маълумотларга ойдинлик киритишни лозим деб ҳисоблаймиз. Яъни хабарда келтирилишича, “Тез тиббий ёрдам бригадаси воқеа жойига зудлик билан етиб борган” деб таъкидланган. Аслида тез тиббий ёрдам бригадаси заводга келмаган, аксинча ходимлар Навоий шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган», дейилади раддияда.

Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” тиббиётда “номаълум куйдирувчи газдан” заҳарланиш ташхиси ҳақида маълумот мавжуд эмаслигини айтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг