Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлиги: поёнига етаётган йилнинг энг муҳим ҳодисаси...

Ўзбекистон–Туркия ҳамкорлиги: поёнига етаётган йилнинг энг муҳим ҳодисаси...

Элчи Олган Бекарнинг журналистлар билан учрашуви анъанага айланмоқда.

Бугун, 29 декабрь куни Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар Тошкентда журналистлар билан норасмий форматда учрашув ўтказди. Тадбирда дипломат поёнига етаётган йилда икки қардош мамлакат ҳамкорлиги борасида рўй берган энг муҳим ҳодисаларга тўхталди.

Жорий йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Истанбулда Туркий давлатлар ташкилотининг тарихий саммити доирасида Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан музокара ўтказди.

Элчи О.Бекарнинг таъкидлашича, ушбу учрашув, умуман, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабат турли соҳаларда алоқалар мустаҳкамланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Жорий йил юртимизга Туркиядан юқори даражадаги делегациялар ташриф буюрди. Жумладан, 28 июнь куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан мамлакатимизга келган Туркия вице-президенти Фуат Октайни қабул қилди. Музокараларда ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда етакчи корхона ва компанияларнинг янги кооперация лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Элчи Олган Бекар ОАВ вакиллари билан мулоқотда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли жорий йилда Ўзбекистонга икки марта ташриф буюрганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.

Учрашувда элчихонанинг матбуот бўйича маслаҳатчиси Ҳамди Туршужу модераторлик қилди.

Март ойида Самарқандда Туркия бош консулхонаси расман иш бошлади. Дипломатик ваколатхонанинг очилишида қатнашган Мавлуд Човушўғли Ўзбекистонда ташкил этилган бош консулхона хорижий давлатлар ичида дастлабкилардан бири эканини урғулади.

Мазкур ташриф давомида икки мамлакат ТИВ раҳбарлари бошчилигида Стратегик режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Машварат якунида Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ва Таржима хизматлари соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ўзаро робиталарни савдо-иқтисодий муносабатларсиз тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Туркия элчисига кўра, 2020 йилда давлатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 2,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этган эди. 2021 йилда эса бу рақам 3 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда. Бу борада 5 миллиард долларли марра кўзланмоқда.

Журналистлар билан учрашувда модераторлик қилган Туркия элчихонасининг матбуот бўйича маслаҳатчиси Ҳамди Туршужу мамлакатларимиз ўртасида муносабатлар изчил ривожоланаётганини таъкидлади ва ҳамкорликнинг ҳозирги даражасини «мисли кўрилмаган» деб баҳолади.

Туркия дипломатлари ҳамда маҳаллий журналистлар билан норасмий мулоқот анъана тусини олмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири 2 июль куни ҳам ташкил этилган эди.

2021 йил сарҳисоби ва 2022 йил режалари муҳокама қилинди.

Фавқулодда ва мухтор элчи Олган Бекар жорий йил март ойидан юртимизда фаолият юритмоқда. У 23 апрель куни Туркиянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатида Президент Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини топширган.

Эслатиб ўтамиз, Туркия элчиси яқинда «Xabar.uz»га Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик борасида интервью берган эди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг