Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда ҳаво яна кескин совийди

Ўзбекистонда ҳаво яна кескин совийди

Фото:«Xabar.uz»

Республика Гидрометеорология хизмати бошланган ҳафтада Ўзбекистонда кутиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди. 

Ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво баҳорий илиқ бўлади, аммо ҳафтанинг охирига келиб, қишки об-ҳаво бизнинг мамлакатимизга қайтади.

Ҳафтанинг биринчи ярмида республика ҳудудларида об-ҳавони паст босим майдони белгилайди.

Бугун ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат рсепубликанинг айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларида ёмғир ёғиш эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кўп йиллик қийматлардан 8-10 даражага юқори ва 13-18 даража илиқ атрофида бўлади.

19 январда республика ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради, фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин.

20 январда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида қор ёмғирга айланади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

21 январда республика ҳудудларининг кўп қисмида ёғингарчилик кутилмайди, Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида қор ёғади, Бухоро, Навоий вилоятларида кечга томон баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин.

19-21 январда ҳарорат ўзининг кўп йиллик қийматларидан 8-10 даражага юқори бўлади ва кечалари 0-5 даража илиқни, кундуз кунлари 11-16 даража илиқни ташкил этади.

22 январда об-ҳаво кескин ўзгара бошлайди, бунинг сабаби совуқ антициклондир, у мамлакатимиз ҳудудларига қор ва манфий қийматли ҳароратларни олиб келади. Нам ҳаво массалари Волга бўйи ҳудудларидан кириб келади. Республика бўйича қор ёғади, фақат мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси ва кундузи 2 даража совуқ 3 даража илиқни ташкил этади.

23 январда антициклон мамлакатимизнинг барча ҳудудларини қамраб олади, ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кам, лекин жуда совуқ бўлади. Ҳаво ҳарорати кечаси 5-10 даража совуққача пасаяди, кундузи 2 даража совуқ 3 даража илиқни ташкил этади. Ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 6-8 даражага паст бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг