Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари бирга шартли душманни йўқ қилди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийлари бирга шартли душманни йўқ қилди

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазири бошчилигидаги ҳарбий делегация Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича музокаралар ўтказилган эди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда ҳам ҳарбий соҳада олиб борилаётган икки томонлама ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди. Тадбирда қайд этилганидек, икки давлат ўртасида ўрнатилган кенг кўламли муносабатларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкент ҳарбий округи «Чирчиқ» дала-ўқув майдонида ташкил этилган ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро тажриба алмашишда муҳим ўрин тутади.

Машғулотлар режасига кўра, чегараолди ҳудудида ғаразли мақсадларни кўзлаган бир гуруҳ ноқонуний қуролланган жангарилар мавжудлиги ҳақида разведка маълумотлари келиб тушган. Икки давлат ҳарбийларидан таркиб топган махсус бўлинмага қўйилган вазифа жангари тўда жойлашган ҳудудни аниқлаш ва уларни йўқ қилиш. Дастлаб юқори қўмондонликдан келиб тушган буйруққа асосан, бўлинма командирлари берилган вазифани бажариш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишди. Қидирув-разведка ишлари тунги вақтларда амалга оширилди.

Жангарилар жойлашган ҳудуд аниқланиб, ҳар томондан қуршаб олинди ва бирлашган бўлинма командири томонидан авиация ҳамда қўшимча куч воситалари ёрдамга чақирилди.

Ноқонуний қуролланган жангарилар гуруҳини ишғол қилишда жанговар ҳаракатлар олиб боришнинг замонавий усул ва воситалари қўлланди. Биринчи бўлиб вертолёт авиацияси ёрдамида қўшимча ёрдам кучлари арқондан осилиб тушиш ва қўниш усуллари билан шартли душманни ҳар томондан қуршаб олди. Шундан сўнг бир вақтнинг ўзида зирҳли техникалар, миномётчилар ҳисоби ҳамда барча шахсий таркиб иштирокида ҳужум бошланди.

Шартли душманга кўмак бериш учун бошқа ҳудудда ҳаркатланаётган қўшимча кучларга Ми-24 жанговар вертолётларида зарба берилди. Ишғол қилиш машғулотидан сўнг йиғилганларга парашют ёрдамида десантлаштириш амалиёти намойиш қилинди.

Махсус-тактик ўқув машғулотлари якунлангач, Қозоғистон вакилларига ҳарбий соҳада амалиётга жорий этилаётган янги ишланмалар, жанговар техника ва қурол-аслаҳалар намойиш қилинди.

Дала-ўқув майдонида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги ва яшаши учун яратилган шароитлар ҳам қўшни мамлакат ҳарбий делегацияси аъзоларини бефарқ қолдирмади.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг