Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон Бразилиянинг «Глобо» телеканали нигоҳида

Ўзбекистон Бразилиянинг «Глобо» телеканали нигоҳида

Бразилиянинг «Глобо» телеканалида Ўзбекистон ҳамда ўзбекистонлик футбол мухлислари ҳақида лавҳа эфирга узатилди. 

«Глобо» — португал тилида юритиладиган дунёдаги биринчи йирик телекоммуникация компанияси бўлиб, Бразилияга тегишли. Телевидение 1965 йил 26 апрелдан доимий тарзда фаолият юритмоқда.

«Ўзбекистондан жаҳон чемпионатига қадар» деб номланган лавҳада делегациямизнинг мамлакатимиздан Қатаргача Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони каби давлатлардан ўтгани, саёҳат давомида туризм тарғиботи борасида амалга оширилган ишлар ва бевосита жаҳон чемпионатидаги эсда қоларли воқеалар ҳақида сўз борган. Шунингдек, журналист Эдсон Виана делегация раҳбари Абдураҳмон Фозилов ҳамда блогер, спортчи, гимнастика устаси Асал Сапарбаеваларга ҳам алоҳида тўхталган.

«Улар учун жаҳон чемпионати шунчаки футбол эмас, ажойиб саргузашт ва тарғибот бўлди. Ўзбекистон байроғини қўлидан туширмаган бу йигитлар ижтимоий тармоқларда ўз таассуротларини жойлаб борди», — дейилади Абдураҳмон Фозилов ва делегация ҳақида. 

Блогер Асал Сапарбаева эса таниқли спорт устаси сифатида таъкидланган. 

«Ушбу гимнастика устаси катта маҳоратга эга. У қаерга бормасин, нозик ҳаракатлари ва кутилмаган кўринишлари билан Ўзбекистонни бутун дунёга тарғиб қилиб келмоқда», — дейилади лавҳада. 

Қолаверса, кўрсатувда делегация аъзоларининг либослари, улар томонидан тарқатилган совғалар ва автомашиналарда Ўзбекистон логотиплари акс этганига эътибор қаратилган. Лавҳа якунида бошловчи ўзи ҳам бундай саёҳатни орзу қилишини алоҳида қайд этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг