Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек илм-фани оғир жудоликка учради

Ўзбек илм-фани оғир жудоликка учради

Фото: «Халқ сўзи»

Меҳнат иқтисодиёти ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш муаммолари соҳасида етакчи олима, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Убайдуллаева Раъно Ахатовна 84 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги хабарига таяниб «Халқ сўзи» маълум қилди.

Академик Раъно Ахатовна Убайдуллаева — иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон фанлар академияси академиги, инсон ресурсларидан, хусусан, Ўзбекистонда ва Марказий Осиё республикаларида хотин-қизлар меҳнат ресурсларидан фойдаланишнинг минтақавий комплекс муаммолари бўйича тадқиқотлар ташкилотчиларидан биридир. Ўзбек жамоатчилик фикри социология мактаби бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ мамлакатлари ҳамда хорижий илмий жамоатчилик томонидан эътироф этилган. Академик Р.А.Убайдуллаева ЮНEСКО MOST мувофиқлаштирувчи қўмитаси, Ижтимоий фанлар бўйича халқаро кенгаш раиси этиб сайланган. У халқаро социологик илмий журналларнинг таҳририят кенгашларида Ўзбекистон вакили сифатида фаолият юритган.

Р.А.Убайдуллаева 400 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи бўлиб, уларнинг аксарияти Россия, Украина, Беларус, АҚШ, Италия, Швейцария, Франция, Германия ва бошқа мамлакатларда чоп этилган. Олима газета ва журналлар саҳифаларида катта тарғибот ишларини олиб борган, кўплаб илмий кадрлар тайёрлаган. Раъно Ахатовна 100 дан ортиқ диссертациялар, жумладан, 50 дан ортиқ номзодлик ва докторлик диссертацияларининг илмий раҳбари, маслаҳатчиси ва оппоненти бўлган.

У Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги «Жамоатчилик фикрини ўрганишнинг долзарб муаммолари: назария, усул, амалиёт» республика илмий-амалий семинари раҳбари ҳамда «Ижтимоий фикр» маркази раҳбари сифатида самарали фаолият юритди. Шунингдек, Марказий Осиё тадқиқотлари бўйича Европа жамияти ҳамда АҚШ Миллий географик жамияти аъзоси уларга мукофот бериш бўйича давлат комиссияси каби кўплаб халқаро ташкилотларнинг аъзоси эди, дейилади хабарда.

Xabar.uz жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг