Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Ўйинчоқ қонунлар. «Лазейкашунослар» яна бир бора халққа қаршими?

Ўйинчоқ қонунлар. «Лазейкашунослар» яна бир бора халққа қаршими?

Машиналарнинг орқа эшигига парда ўрнатиш масаласи бир неча ойлардан буён юртимизнинг турли ҳудудларидаги судларда муҳокама бўлаётганидан хабарингиз бор. Гарчи қонунчилигимизда орқа эшикка парда ўрнатишга рухсат берилган бўлса-да, лекин Ички ишлар вазирлиги ҳамда унинг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси буни тан олмасдан, яъни бошқача қилиб айтганда қонунларни ўзлари тушунмасдан, халқнинг аҳволини оғирлаштириб, уларга ноқонуний жарималар солиш билан шуғулланмоқда.

Аммо яхшиям юртимизда одил судлов бор. Бир нечта судларда айни шу парда масаласида фуқаролар ҳақлиги, ички ишлар эса ноҳақлиги расман белгиланди.

Йиқилган курашга тўймас деганларидай, ички ишлар мағлубиятига чидолмасдан кассация инстанциясига шикоят қилди. Лекин кеча Бухоро вилоят Маъмурий судида ички ишлар яна бир бор ютқазди. Яна оддий халқ ғолиб чиқди, орқа эшикка парда ўрнатиш қонунийлиги яна бир бор тан олинди.

Бундай вазиятда Ички ишлар вазирлиги ўта номардларча, аммо кўпчилик кутган йўлни танлади. Яъни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Вазирлик қонун лойиҳасида «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатиш» деган жумлани шунчаки «теварак-атрофни кўришни чеклайдиган» дея ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Яъни «ҳайдовчининг ўрнидан» деган сўзни секингина чиқариб ташлашмоқчи.

Агар шу қонун тасдиқланса, унда халқнинг яна бир ҳуқуқи, яъни машина орқа ойнасига парда тақиш имконияти чекланади.

Бу нима дегани?

Бу шуни англатадики, Ички ишлар вазирлиги яна бир бора халқ манфаатлари учун эмас, балки халққа қарши бўлган таклифларни билдиришда давом этмоқда.

Аввал худди шунақа ишни прописка мавзусида ҳам кўрган эдик. Сабаби улар прописка масаласида ўнлаб судларда мағлубиятга учради, суд томонидан ички ишлар органларининг оғзаки ва ёзма топшириқлари бир неча бор расман ноқонуний дея эътироф этилди. Бунинг ортидан ички ишлардаги мутасаддилар уялмасдан қонунчиликда халқ фойдасига ишлайдиган қоидаларни «лазейкалар» деб атади ва уларни қонунчиликдан чиқариш, яъни халқнинг аҳволини оғирлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқди.

Мана, энди худди шу ҳолат парда масаласида ҳам такрорланмоқда.

Қизиқ, бу ташкилотда кимлар ишлайди ўзи?

Давлатнинг бирдан-бир манбаи бўлган ўзбек халқи учун сидқидилдан хизмат қиладиган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, қонунларни аниқ ва бир хилда сўзсиз бажарадиган, халқ учун керак бўлса жонини ҳам фидо қилишга тайёр бўлган ватанпарвар ходимларми?

Ёки қонунларни тушунмайдиган, уларни нотўғри талқин қиладиган, қонунга хилоф топшириқлар бериб, халқнинг аҳволини оғирлаштирадиган, судларда кетма-кет мағлубиятга учрагач, аламидан қонунчиликка халқ манфаатларига қарши бўлган ўзгартириш киритишни таклиф қиладиганларми?!

Қонунлар шунчалик ўйинчоқми? Аслида давлат ташкилотлари қонунларга бўйсуниши, уларга мослашиши керакмасми? Нима учун қонунлар давлат ташкилотларига мослашяпти?

Бухоролик ҳайдовчи парда масаласида ўзининг ҳақлигини исботлаш учун беш ой вақт сарфлади! Беш ой! Шу вақт ичида ўша фуқаро қанча асаб, қанча маблағ сарфлаганини тасаввур қиляпсизми? Нима учун халқ бу даражада қийналиши керак? Қонунни тушунмайдиган айрим раҳбарларни дебми?

«Халқ манфаати барча нарсадан устун» деган шиорлар ички ишлар тизимида муз каби эриб, йўқ бўлиб кетдими унда?!

Сўзим сўнггида тегишли мутасаддиларга қарата айтмоқчиман:

Бу мансаб, бу лавозим ва ўзи умуман бу дунё ҳаммадан ўтади. Ҳеч ким умрбоқий раҳбар ёки инсон эмас. Келинглар, шу муваққат раҳбарлик даврингизда «яна нима қилсак, халққа оғирроқ бўлади, қонунчиликдаги яна қайси лазейкаларни ёпсак фуқароларнинг зарарига ишлайди?» деган принцип билан ишламасдан, балки аксинча, «яна нима қилсак, халққа кўпроқ фойда бўлади, яна нима қилсак уларнинг оғири енгил бўлади?» деган шиор билан яшанг.

Ҳар ҳолда виждонли инсонлар шундай қилган бўлар эди. Яна ҳам танлов ўзингизда. Сизларни виждонли инсонлар эканлигингизга чин дилдан ишонгим келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг