Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

«Ўсадиган» бошмоқчалар ёхуд кичиклашган қадр-қиммат

«Ўсадиган» бошмоқчалар ёхуд кичиклашган қадр-қиммат

Биринчи воқеа: Сурхондарёнинг Қизириқ туманидан Гулноза исмли аёл ижтимоий тармоқларда қолдирган видео хабар кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Аёл уч ярим ёшли қизи Шаҳризоданинг юрак парогини даволатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги хусусий клиникада операция қилдиради.

Операциягача ҳар замонда кўкариб қолганини ҳисобга олмаса қизалоқ бошқалар қатори чопқиллаб юрган. Шифокорлар ундан анализлар олиб операция қилиш мумкин, деган хулосани беришади. Қизалоқ операциядан чиққач эса...

Бу ёғини онанинг видео орқали гапириб берганларидан билиб оласиз: «16 май куни операция (фарзандим) қилинди, сўнг бир ҳафта реанимацияда ётди. Бизга кўрсатишмади. Бир ҳафтадан кейин қўлимизга беришди. Ўшанда қизимнинг аҳволи оғир эди, ҳамма тарафи шишган, сия олмас, чатонидан укол тери тагидан, яъни «подкожа» кетган эди. Буни шифокорларга айтганимда, буйраги «отказ» қилаяпти, деди. Яна реанимацияга оламиз дейишди.

Сўнг қизимнинг тўрт жойидан наркозсиз тешиб кўришган. Кучли оғриқдан қизим нафас ололмай қолган. Лор врач келиб, бўйнига турубка қўйгунча 3 соат кислородсиз қолган. Шунинг эвазигами, бошига борадиган озиқа томири узилганми, боламнинг кўзлари кўр, оёқ қўллари шол (бўлиб) ишламай қолган.

Бу вақтинчалик, яхши бўлади дейишди, лекин яхши бўлмади. Клиника врачи боланг қўрқди, мулла олиб келиб ўқит деди. Клиника реанимациясида 2 ой ётдик. Тобора аҳволи оғирлашди, Сурхондарёдаги вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига самолёт билан ўзлари қўйиб кетишди, бу ердаги невропатологлар одам бўлмайди дейишяпти, бормаган жойимиз, кўрсатмаган врачларимиз қолмади. Ҳозиргача ўпкасини, бошини тузата олмаяпмиз, бошида кўп сув бор дейишди, боламнинг соғлиги туфайли менинг ҳаётим бузилмоқда».

Икки-уч кун давомида муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу аянчли ҳолатни кўпчилик охиригача кўришга юраги дов бермаяпти. Кўзлари кўр, танаси ишламаётган, трубка орқали нафас олаётган, оғриқнинг зўридан тинимсиз йиғлаётган гўдакнинг ва бу ҳолга кечаю кундуз гувоҳ бўлиб ўтирган онаизору, қари момонинг сабр-бардошига тўзим тилайсиз. Кардиохирургиядан хабари бор одамлар «бу бўлиши мумкин бўлган ҳолат, баъзида ўлим билан тугаши ҳам мумкин», деган изоҳларни ҳам ёзиб қолдиришмоқда.

Нима бўлганда ҳам факт шуки: қизалоқ ўз оёқлари билан юриб борган ва аянчли ҳолда, ногирон аҳволда қайтган. Албатта, шифокорлар ўзларини ҳимоя қилиш учун минг битта асосни қаторлаштиришади. Улар билан тортишиш учун камида мана шу соҳанинг мутахассиси бўлишингиз керак. Аммо мени бир нарса ўйлантиради. Инсон қадр-қиммати бизнинг жамиятда нега бунчалар паст?!

Аввало, шифокорларнинг қизалоқни наркозсиз тўрт жойидан тешишининг ўзини тасаввур қилиш қийин. Ҳамшира қилган укол ёки пичоқ билан қўлингизни бехос кессангиз қанчалик жонингиз оғрийди. «Кучли оғриқдан қизим нафас ола олмай қолган» онанинг айтган мана шу гапини эшитиш асносида бехос кучли оғриқни ҳис қиласиз, нафасингиз бўғилади.

Наҳот шифокорда мана шундай оғриқни ҳис қилиш сезгиси йўқ. Ахир, ҳаттоки қассоблар ҳайвонга (қўпол таққос учун узр) тиғ уришдан олдин қийнамаслик мақсадида ўша асбобни ўткирлигини қайта-қайта текширишади. Ахир гўдакнинг жони оғриши шунчаки қўл силтайдиган нарсами?

Иккинчи мени ҳайратлантиргани — аёлнинг мана шу қийин аҳволида турмуши бузилаётгани. Ёзилган изоҳлардан маълум бўлишича аёлга эри: «сен ногирон бола туққансан», дея кун бермас экан. Эндиги вазият оила бузилишига сабаб бўлиши мумкин экан.

Айнан шундай пайтларда эркак, эр хотинининг ёнида туриб тиргак бўлиши керак эмасмиди?

Баъзида ўйлайсан, боласи ногиронлиги учун хотинини ёзғирадиган, осонгина кечиб кетадиган эркаклар қайси муҳитда, қайси жамиятда, қандай оилада тарбия топган эканини. Уларда ирода, ғурур, ҳамдардлик, фидойилик деган тушунчалар нега шаклланмай қолган?

Иккинчи воқеа: Бу ҳам шу кунларда бўлган. Бир вилоятдан таҳририятимизга ёш қиз келди. Номуси топталган, бошини қаерга уришни билмагани учун охирги нажотни шу ердан қидириб келибди. 

Иллюстратив фото.

Айтишича, уни бадном қилган йигитнинг ота-онаси фарзандини яшириб қўйибди, йигитнинг ака-укалари йўлда бу қизни тутиб олиб урибди. Ўз отаси эса қизга гапирмай қўйган. Ака-укалар, опа-сингиллар ундан ор қилармиш. Кўринишидан жуда содда, соддаки бошида рўмоли бор, кўйлак лозимда, кўриниб турибди, шаҳарга ҳам чиқмаган. «Эл овулга қўшилолмайман, ҳамма мени кўрсатиб гапиради, ўша йигит билан гаплаштирмаслик учун барча чораларни кўришди. Ўзим гаплашсам у мени тушунарди, менга уйланарди, аммо қариндошлари йигитни яшириш билан банд...»

Келин бўлса бир уйни обод қиладиган қиз. Жуда кўп кузатамиз, қизни бадном қилган йигитнинг қариндош уруғлари йигитни йўлга солиб уйлантириш, ўз айбини бўйнига олиб ўша қизга уйланишни маслаҳат бериш ўрнига қизни айблашади, таҳдид қилишади. Бундайларга бадном бўлган қизнинг кейинги ҳаёти муҳиммас, муҳими мана шу хатони ими-жимида бости-бости қилишса бўлди.

Йигитга айтадиган мард йўқ, ота-она йўқ, ака-ука опа-сингил йўқ. «Ҳов, номард, сен бир инсоннинг тақдирини, ҳаётини барбод қилаяпсан», дейдиган инсофли жон йўқ. Нима бўлибди, бадном қилган йигит шу қизга уйланса? Осмон узилиб ерга тушадими? Ёки бир инсоннинг бир умрга ҳаётини издан чиқариб, келгусида бахтли бўлиши мумкинми? Қайтар дунёдан қўрқмайдими?

Яна ўйлайсан: мана шундай йигитларнинг муҳити қандай? Ота-онаси, яшаётган оиласи, жамияти қандай? Ота-оналар нега номард, тубан, пасткаш. Психологияда кучли оналар ҳақида шундай дейилади: «Ўз ваъдасини бажариш – она ўргатиши мумкин бўлган яхши жиҳатлардан бири. Бу барча мураккабликларга қарамай, ўз ваъдасини бажарган она туҳфаси... Кўпчилигимиз гулдонни синдирганимиз ёки ичимликни гиламга тўкиб юборганимизни инкор этганмиз. Кўпинча барини ука ёки синглимизга тўнкаганмиз. Бироқ кучли оналар бизга айбни тан олиш ва қилган ишимиз учун ўзимиз жавоб беришимиз кераклигини ўргатишган. Кучли она ўстирган фарзандни айнан шу жиҳатдан билиб олиш осон...».  Демак, аслида жамиятимизда мана шундай номардларнинг ва қўрқоқларнинг кўпайиб кетишига кучсиз оналарнинг тарбия беролмагани сабаб эмасми?

Учинчи воқеа: Америкалик Кентон Ли исмли йигит Кенияда волонтер бўлиб хизмат қилади. У бир куни кичкина қизалоқнинг оёғидаги кроссовкаларини кўриб қолади. Оёғига сиғмаган бошмоқчаларнинг олди қирқилган бўлади. Кейин у жуда кўп болаларни кузатади. Оёқ яланг юрган болаларнинг товонларидаги йирингли яралар, тилинган, шилинган жароҳатлар, вирус тушган тузалмас касалликлар Кентонни ўйлантириб қўяди. Африкалик болаларнинг ялангоёқ юриши улардаги етишмовчилик, йўқчилик билан боғлиқлигини тушуниб етади. Кейин у 2009 йил 5 размерга каттарадиган, яъни ўсадиган пойабзалларни ўйлаб топади. Усти ҳақиқий чарм, таги мустаҳкам резинадан ишланган пойабзаллар ёнига ҳам, бўйига ҳам «ўсади».

Фото: humanstory.ru

Дастлаб ушбу оёқ кийимларнинг 3000 жуфти тезда сотилиб кетади. Кейинчалик Кентон жуда кўп шундай бошмоқчаларни сотиб олишга қурби етмаганларга совға қилади. Бола боғчага чиққандан токи 9 синфни тугатганча кийиши мумкин бўлган бу оёқ кийимлар атиги 30 долларга сотилади. Гапнинг қисқаси, Кентон яратган кашфиёт миллионлаб болаларнинг ҳаётини яхшилайди, тақдирини ўзгартиради...

Фото: humanstory.ru

Нимага атрофимиздаги баъзи одамлар бир инсоннинг ҳаётини осонгина дўзахга айлантиради, тақдирини, келажагини барбод қилади. Нимага улар учун инсон қадри, ўзгалар ҳаётининг қиммати бир чақалик аҳамиятсиз. Жамиятда минглаб одамларнинг тақдирини ўзгартириш уёқда турсин, энг яқин одамларининг ҳаёти, тақдирини кунпаякун қиладиган қалбсиз, дилсиз одамлар қаердан пайдо бўлади?

Нимага яна шундай одамлар борки, уларнинг қалби доимо уйғоқ. Улар миллионлаб одамларнинг тақдирини, ҳаётини яхши томонга ўзгартира олади. Ҳеч ким эътибор бермайдиган африкалик қашшоқ болакайларнинг яра-чақа оёқларини кўриб, қалби қаттиқ оғриган ва мана шундай ҳолатларга бефарқ бўлмасдан уларнинг тақдирини ўзгартирган шундай Кентон Ли каби инсонларни кўриб ўйлайман: уларнинг яшаган жамияти қандай, у туғилиб ўсган оила, у яшаган муҳит қандай? Унинг онаси қандай аёл? Мен мана шуларни жуда-жуда билгим келади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг