Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оромкурсида учган қария ёки антиқа мукофот жафокашлари

Оромкурсида учган қария ёки антиқа мукофот жафокашлари

«Darwin Awards» ҳақида эшитганмисиз? Бу виртуал мукофот бемаъни тарзда ҳалок бўлган ёхуд зурриёд кўриш лаёқатини йўқотган кишилар учун таъсис этилган. Яна бир шарти: мукофотга тавсия этилганларнинг қариндошлари бўлмаслиги керак. Расмий талқинга кўра, мазкур мукофот «инсоният насабидан зарарли ирсиятни йўқотиш» ва ўзининг аҳмоқлиги туфайли куракда турмайдиган бахтсиз ҳодиса туфайли репродуктив қобилиятини йўқотганларга берилади. Лўнда қилиб айтганда, «Darwin Awards»нинг тадрижий моҳияти оддий: яшаш учун курашда ҳар бир авлод олдингисидан ақллироқ бўлиши керак. Яна бир гап: ўлим билан ўйнашмаслик керак, сенга ҳаёт ато этилганми, рисоладагидек яшайвер...

Дарвин мукофоти билан боғлиқ талончи ўғри воқеаси машҳур. Бу ўғри полиция қувғинидан қочган, баландлиги тўққиз метрли девордан ошиб ўтиб, шундоққина қамоқхонага тушган.

Иккинчи воқеа катта ёшли бельгиялик фуқаро билан боғлиқ. Бу одам шу қадар тутуруқсиз ўлим топганки, неваралари унинг номидан воз кечишган.

Учинчи воқеа роса кулгили. 1982 йилда Лос-Анжелесда истиқомат қилувчи пенсионер Ларри Уолтерс ўзининг азалий орзуси – осмонда парвоз қилишни хоҳлаб қолади, аммо самолётда эмас. У шахсан ўзи учиш қурилмасини ясайди: қулай оромкурсига гелий тўлдирилган қирқ бешта метерологик пуфак бириктиради. Шундан сўнг бутерброд ва пиво ғамлаб, сочма ўқ отадиган милтиқни олди-да, оромкурсига жойлашиб ўтирди. Унинг ишораси билан дўстлари оромкурсини ушлаб турган арқонни бўшатиб юбордилар. Ларри Уолтерс ўттиз метрча кўтарилмоқчи эди, аммо... худди замбаракдан отилган каби оромкурси уни БЕШ километргача осмону фалакка олиб чиқиб кетди.

Совуқда дилдираб қолган Уолтерс бунча баландликдан тушишга қўрқиб, пуфакларга ўқ узмади. Лос-Анжелес аэропорти радарлари аниқламагунча у юрагини ҳовучлаб булутлар ичида парвоз қилаверди. Ниҳоят, Уолтерс пуфакларга ўқ узишга қарор қилди ва ерга қўна бошлади. Бироқ пуфакларга боғланган арқонлар юқори вольтли электр симларига чувалашиб, қисқа туташувга сабаб бўлди. Бутун бошли Лонг-Бич электрсиз қолди.

Уолтерс ерга қўнганида уни дарҳол ҳибсга олишди. Полициячиларнинг «Нега бундай қилдингиз?» деган саволига у оддийгина жавоб берди: «Ахир, ҳамма вақт ҳам бекор ўтириб бўлмайди-ку!»

* * *

1992 йил 21 декабр, Шимолий Каролина. Ньютонлик 47 ёшли Кен Чарльз Баржер ўзини ўзи тасодифан отиб қўйган. Ярим тунда телефон жиринглаганида у аппарат ёнида қўйилган «Смит&Вессон» тўппончасини қўлига олган ва гўшак ўрнига уни қулоғига босиб, тепкини босган.

* * *

1994 йил 23 март, Колумбия. 18 ёшли Рональд Опус ўз ҳаётига нуқта қўймоқчи бўлди. У 10 қаватли уйнинг томига чиқди, ўлимолди хатини ёзди ва ўзини пастга отди.
Опус 9-қават ёнидан тушиб кетаётиб 8-қаватдаги деразадан чиққан ўқ бошига тегди. Ўлим ўшанда юз берган. Маълум бўлишича, Рональд сакраш чоғида уйлардан биридаги эр-хотин жанжаллашиб қолишган. Жаҳли чиққан эр қўлига милтиқ олиб, хотинига ўқ узди, аммо нишонга теккизолмади. Ўқ очиқ деразадан чиқиб, омадсиз йигитга тегди. Акс ҳолда Рональд тирик қолиши мумкин эди, чунки таъмирлаш жиҳозлари пастдаги йўловчиларга тушиб кетиб заҳмат етказмаслиги учун саккизинчи қаватда махсус тўр торттирилган эди.

Нимаям дейиш мумкин: Рональд Опус ўзини ўлдирмоқчи эди. Шундай бўлди.

Иш ўз жонига суиқасд дея қайд этилиб, ёпилган…

* * *

Бельгиянинг Динон шаҳридаги эр-хотин маҳаллий банкларнинг биридаги банкоматни портлатиб юбормоқчи бўлишди. Бироқ улар динамитни ҳаддан зиёд кўпайтириб юбордилар ва оқибатда устларига девор қулаб тушди. Эрни дарҳол ушлашди, хотин эса 12 соатдан сўнг вайроналар остидан топилди. Дарвоқе, аниқланишича, бу жуфтлик яхшигина давлатманд бўлган.

* * *

Флоридалик Шон М. барда ошналари билан ичиб, уйга қайтаётганди. Унинг машинаси автоуловлар кўплиги боис тирбандликда қолиб кетди. Ичилган пиво эса ўзини кўрсатишга ундар эди. Гувоҳларнинг айтишича, Шон «Мен ичишим керак», деган ва машинадан тушиб, йўл ёқасига бориб, бето панжара устидан сакраган. Шон машинаси… салкам йигирма метр баландликдаги йўлда турганини ҳисобга олмаган эди.

* * *

1976 йилда Боб Финнеган йўлни кесиб ўтаётиб такси уриб кетди ва у таксининг устидан ўмбалоқ ошиб тушди. Такси ҳайдовчиси қочди, Боб эса йўлда ётарди. Кейинги машина ҳам уни босиб ўтиб, ғойиб бўлди. Томошаталаблар йиғилишди.

Бу тўдани уриб кетган юк машинаси уч кишини жароҳатлаб, Бобни янада майиб қилди. Тўртинчи автоулов кўринганида одамлар қочиб қолишди ва йўлда фақат Бобнинг ўзи қолди. Икки дақиқа мобайнида у бош суяги синиши, тос шикастланиши, оёқ синиши ва бошқа жароҳатлар орттирди.

Айтишларича, Боб шифохонада узоқ даволанмай, жавоб беришган.

* * *

Майкл Андерсон Гудвин қотиллиги учун ўзини электр курсида қатл этишларини кутиб, узоқ вақт қамоқда ўтирди. 1989 йил мартида у металл унитазда чўкка тушиб кичикроқ телевизорни тузатаётаётганида ток уриб ўлди.

* * *

Одам ўлдиргани учун олий жазога ҳукм қилинган, кейинроқ бу жазоси умрбод қамоққа алмаштирилган яна бир маҳбус Лоуренс Бэйкер билан ҳам шундай бўлган. У 1997 йилнинг 1 январь куни, камерадаги металл унитазда телевизорга уланган қўлбола қулоқчинларни тақиб ўтирганида ток уриб, умрига нуқта қўйган.

* * *

Даҳшатли парҳез ва хона ҳавосини алмаштирмаслик оқибатида бир инсон ўзининг газидан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган. Натижалар кўрсатишича, у нўхат, карам ва бошқа маҳсулотларни тановул қилган. Эшик ва деразалар ёпиқ бўлгани боис, у уйқусида ўлган. Хонага кирган уч нафар қутқарувчи ҳам заҳарланиб, улардан бири, ҳатто шифохонага ётқизилди.

* * *

Қудуққа тушиб кетган жўжани қутқармоқчи бўлган Жанубий Мисрнинг Назлат Умар қишлоғидаги олти нафар киши нариги дунёга равона бўлди. Биринчи бўлиб 18 яшар фермер 60 фут чуқурликдаги қудуққа ўзини ташлади. Унинг акаси ва икки укаси ҳам ёрдамга ошиқди. Ҳеч ким сузишни билмагани боис ҳаммаси чўкиб кетди. Катта ёшли икки фермер ҳам келиб, улар ҳам ўзларини қудуққа ташлашди…
Олти нафар кишининг мурдаси 240 мил жанубдан топилди. Жўжани ҳам чиқаришди. У тирик эди.

* * *

Полициядан мотоциклда қочган одам воқеаси ҳам антиқа. У 2 миль масофани босиб ўтди ва деярли қуршовда қолди. Шундан сўнг энг юқори тезликда хиёбон бўйлаб қочди. Бу қурғур қочоқ хиёбоннинг охири ғиштин девор билан тугашини қаёқдан билсин! У шлем киймаган эди, ғиштин деворга бориб урилди-да, ўзининг ҳам, мотоциклнинг ҳам дабдаласини чиқарди.

* * *

28 ёшли Рэнди Нестор автомобиль ўғриси эди. Нестор ўзи ўғирлаган автоуловлардан фойдаланиб бўлгач, уларни ёқиб юборарди. Бундай чора автомобиль эгаларининг суғурта олишларига ёрдам беради, деб ўйларди у. Айнан шу одат Рэндини ҳалок қилди. Ўн йиллик талончиликдан сўнг у Питтсбургда, ўзи ўғирлаган фургоннинг ичида ўтириб ўт ёқди. Рэнди бу автоулов эшигининг тутқичи ташқи томондан синганлигини билмасди. Дўстлари Рэндини халос этмоқчи бўлишди, бироқ эшикни очишолмади. Унинг куйган мурдаси фургон ичидан топилди.

* * *

1998 йил феврал. Буэнос-Айреснинг Боэдо ҳудуди. Оилавий жанжал туфайли 25 ёшли эр ўзининг 20 яшар хотинини саккизинчи қаватдаги уйининг балконидан улоқтириб юборди. Қарангки, аёл бир неча қават пастдаги электр симларига илиниб қолди. Ношуд эр ҳеч нимани ўйламай, ўзини пастга отди. Унинг нияти қандай бўлгани номаълум. Эҳтимол, жанжални давом эттирмоқчи ёки хотинини қутқармоқчи бўлгандир? Аммо бу ҳаракати натижа бермади. У симлар орасидан ўқдек учиб тушиб, ҳаётдан кўз юмди. Хотини эса яқинидаги балконга ёпишиб, эсон-омон чиқиб олди.

* * *

Теҳрон теварагида Али исмли овчи илон томонидан... отиб ўлдирилди. Фожиага гувоҳ бўлган бошқа ҳамкасбининг айтишича, Али илонни тириклай тутмоқчи бўлиб, жониворни бошидан ўз милтиғининг қўндоғи билан босган. Илоннинг думи чувалашиб-айланиб, тепкини қисган. Милтиқ ўқи овчининг бошига теккан.

* * *

Бир эркак 49 ёшли ошнасининг юзини жароҳатлаб қўйган. Улар пиво банкасини бир-бирининг боши устига қўйиб «отиш-отиш» ўйнашаётган эдилар.

* * *

Немис хэви-метал юлдузи Гунтер Диетц қай тарзда ўлганини биласизми?

У, аввалги барча концертларида қиладиган ҳаракатини қўллаб, «Мени тутиб олинг», деди ва оломонга қараб ўзини ташлади. Одатда, мухлислар уни ушлаб олишарди. Бироқ улар бу гал ранжиган эдилар. Сабаби, Гунтер уларнинг севимли гитарачаси Кугелни ишдан бўшатганди. Хуллас, Диетц қўлларини кўтарганча ўзини пастга отганида, улар қочиб қолиб, кула бошлашди. Гунтер эса боши билан бетонга урилди. У бир неча дақиқа мобайнида ҳушини йўқотмай, онасини чақириб ётган.

* * *

Полициячилар ўлишни хоҳлаган ҳайдовчининг умрига нуқта қўйишган.

«Мен афсусда эканлигимни полициячиларга етказинг». 19 ёшли Мош Пергамент ўз хатини шу тарзда бошлаб, машинасининг орқа ўриндиғига қолдирган эди. Хатда у ўлишни хоҳлагани битилганди.

Мош Пергамент ўзи ўтирган машинани катта тезликда ҳайдаб, полициячиларнинг тўхташ ҳақидаги огоҳлантиришларига қулоқ солмаган. Уни тўхтатмоқчи бўлганларида эса автовулов ойнасидан тўппонча ўқталган. Натижада Мошни отиб ташлашга тўғри келди. Кейин маълум бўлишича, у ишга солган тўппонча ўйинчоқ экан...

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг