Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Омборхонага айлантирилган масжид. Петербургда Бухоро амири томонидан барпо этилган жоменинг кечмиши

Омборхонага айлантирилган масжид. Петербургда Бухоро амири томонидан барпо этилган жоменинг кечмиши

Фото: «ТАСС»

Р.Қодиров Россия етакчиси билан мулоқотда Чеченистоннинг Шали шаҳрида барпо қилинган янги масжидга дунёдаги энг чиройли ибодатгоҳ дея таъриф берди. Аммо Путин Қодировнинг фикрини рад этиб, Санкт-Петербург жомеси дунёда энг кўркам эканини таъкидлади.

Аслида, дунёдаги барча масжидлар бир-биридан гўзал ва бетакрордир. Зотан, уларда Биру Бор ва Қодиру Қаҳҳор бўлмиш Зотга ибодат қилинади. Аммо масжидлар меъморий обида сифатида қадимий ва навқирон, катта ва кичик дея сифатланиши бор гап.

Хўш, Путин эътироф этган масжид қачон, ким томонидан барпо этилган?

Фото: «Сulture.ru»

Ушбу осори атиқа қурилиши Бухоро амири Абдулаҳадхон номи билан боғлиқ. 1880-йилларда Петербург мусулмон жамоаси оқподшо ҳукуматига масжид қуриш учун изн сўраб мурожаат қилади. Аммо мурожаат инобатга олинмайди. Шундан кейин масалага Бухоро амири Абдулаҳадхон аралашиб, Русия императоридан пойтахтда мусулмонлар учун ибодатгоҳ қуришга рухсат сўрайди. Император розилик беради. Бухоро амири вакиллари бир неча йил давомида шаҳар марказидан масжид учун мақбул жой излайди. 1907 йили амир Абдулаҳадхон муҳандис И.Долоцкийнинг хусусий мулки бўлган катта уйни атрофидаги ери билан 312 минг рублга сотиб олади.

Масжид меъморий лойиҳаси учун танлов ўтказилади. Кўплаб меъморлар иштирок этган танлов натижалари 1908 йил 11 мартда кўриб чиқилади. Танловда 45 та лойиҳа орасидан таниқли рус меъморлари Н.Васильев, М.Лялевич, М.Перетятков муаллифи бўлган лойиҳалар ғолиб деб топилади. Уларнинг ҳар бирига 3 минг рублдан мукофот берилади. Қурилишга асос қилиб эса Н.Васильев лойиҳаси танланади. Пировардида лойиҳа рус императори томонидан шахсан маъқулланади.

Фото: «Сulture.ru»

Лойиҳага биноан, масжид биноси гранит тошдан барпо қилиниши, девор ва гумбазлари шарқона услубда кошинлар билан қопланиши лозим эди. Рассом П.Максимов Самарқанд ва Бухорога келиб, бу ердаги масжидларнинг безатилиш услубидан нусха олади.

Қурилишни бошлаш учун учун камида 500 минг рубль маблағ зарур эди. Масжид қурилиши бўйича қўмитага Русия ҳудудидаги мусулмон жамоаларидан ўн йил ичида 750 минг рубль хайрия маблағи йиғиб олишга ижозат этилади.

Амир Абдулаҳадхон ўз ҳукмронлигининг 25 йиллиги муносабати билан рус пойтахтига ташрифи чоғи – 1909 йил 10 февралда масжидга илк рамзий ғишт қўйилади. Банда тадбир қилади, Оллоҳ – тақдир! Амир Абдулаҳадхон Бухорога қайтгач вафот этади. Масжид қурилишига тахтга чиққан янги ҳукмдор –  амир Олимхон бош-қош бўлади. Қурилиш жадал давом эттирилади. Ички безаклар ҳали итмомига етмаган бўлса-да, масжидни Романовлар сулоласи ҳукмронлигининг 300 йиллиги тантаналарига очишга қарор қилинади.

Шу тариқа 1913 йил 21 февралда Петербургдаги жоме Бухоро амири Олимхон ва Хива ҳукмдори Асфандиёрхон иштирокида очилади. Масжидни  пардозлаш ишлари кейин ҳам давом эттирилади. Аммо бу орада бошланиб қолган Биринчи жаҳон уруши сабаб бунёдкорлик ишлари  хийла сустлашади.

1917 йилги инқилобдан кейин оқподшо тахтдан қулатилиб, ҳокимиятга большевиклар келади. Ҳали ҳокимиятни мустаҳкамлаб улгурмаган шўролар дастлаб масжид фаолиятига эътироз билдирмайди. 1920 йил баҳорида Рамазон ойи муносабати билан масжид ибодат учун расман очилади. Бухоро амири Олимхон марказий хонақоҳ учун 400 квадрат метрлик қадимий гиламни жўнатади.

Фото: «Сulture.ru»

Афсуски, мусулмон жамоасининг янги масжиддаги ибодати узоққа чўзилмади. 1923 йили фаол мусулмонларнинг бир гуруҳи қамоққа олинади, масжид мулки ҳисобланган қимматбаҳо жиҳозлар эса мусодара этилади. Даҳрийлик таълимотини байроқ қилган шўро давлати диний жамоаларга қарши аёвсиз кураш очади, уламоларни» қатағон этиб, масжид, мадраса каби кўп асрлик тарихий обидаларни вайрон қилади. 1940 йил 10 июнда «Худосизлар жамияти”нинг талаби асосида ўз даврида Русия империясининг бош масжиди бўлган муҳташам жоме ёпилади. Ўн йилда ошиқ вақт давомида масжид биносидан тиббий ускуналар сақланувчи омборхона (!) сифатида фойдаланилади.

1940-йиллар охирида мусулмонлар масжидни қайтадан очишни сўраб, шўро ҳокимиятига бир неча маротаба мурожаат этади. Совет раҳбариятига хорижий давлат арбоблари, жумладан, Индонезия президенти Сукарно, Ҳиндистон бош вазири Жаваҳарлал Неру ҳам илтимос билан чиқади. Сталин ўлимидан кейин динга қарши сиёсатни бироз юмшата бошлаган шўро давлати  халқаро жамоатчилик босими остида 1955 йил 12 декабрда тарихий масжидни яна Петербург мусулмонларига қайтаради. Масжид мусулмонлар ихтиёрига берилган бўлса-да, амир Олимхон ҳадя қилган улкан гилам ва бошқа қимматбаҳо ашёлар қайтариб берилмайди.

Фото: «Сulture.ru»

Тадқиқотчи Исмат Наимовнинг ёзишича, масжиднинг қиблага қараган дарвозаси пештоқидаги нақшу нигорлар Самарқанддаги Шоҳи Зинда хазираларига жуда ўхшаш. Гумбази эса Гўри Мир мақбарасидан нусха олиб тикланган. Мармар тошлардан кўтарилган деворлари ва улардаги улкан деразалар Адриатикадаги саждагоҳларга ғоятда монанд. Масжид узра мағрур қад ростлаган миноралар эса Туркия масжидларини эсга солади.

Нева бўйидаги мовий гумбазли муаззам масжид бугун қадимий Санкт-Петербургнинг рамзларидан бирига айланган.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг