Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ўлимнинг асосий сабабчиси» – нима учун пневмония хавфлилигича қолмоқда?

«Ўлимнинг асосий сабабчиси» – нима учун пневмония хавфлилигича қолмоқда?

Зотилжам (пневмония) бугунга келиб янада долзарб муаммолардан бирига айланиб қолди. Мазкур касалликни даволашда эришилган катта ютуқларга қарамай, у ҳамон ўлимнинг асосий сабабчиларидан бири бўлиб қолмоқда.

Турли вируслар ва стафилококк инфекцияси, шунингдек, вирус-бактериал қўзғатувчилар чақирган зотилжамлар фарқланади.

Антибиотиклар билан даволанганда кутилган натижа чиқмаса, демак вазият жиддий. Бу, айниқса, бактерияларнинг биратўла бир қанча турлари келтириб чиқарган зотилжамга тааллуқли.

Ёш болаларда кўп учраши эса нафас аъзоларининг анатом-физиологик хусусияти билан боғлиқ.

Ўпка анатомияси ва физиологияси

Зотилжам – жиддий касаллик. Ўпка ва танада нима содир бўлишини яхшироқ тушуниш учун эътиборимизни ўпка анатомияси ва физиологиясига қаратамиз.

Ўпка кўкрак қафасида жойлашган. Ҳар бир кўкрак сегментларга бўлинган. Ўнг ўпка учта, чап ўпка иккита сегментдан иборат. Юрак устида жойлашгани учун чап ўпка ўнгига қараганда тахминан 10% кичкина.

Ўпка бронхиал дарахт ва альвеолалардан иборат. Бронхиал дарахт ўз навбатида бронхлардан ташкил топган. Бронхлар турли катталикда (калибр) бўлади. Яъни катта калибрдан майда бронхларгача чўзилади: бу бронхиал дарахт дейилади. У нафас олганда ва чиқарганда ҳавони ўтказишга хизмат қилади.

Бронхиолалар диаметри кичрайиб, нафас бронхиолаларига ўтади ва охир-оқибат альвеоляр халтачада тугайди. Альвеола девори қон билан яхши таъминланади, бу газ алмашинувига имкон беради.

Альвеола ички томонидан ўзига хос модда (сурфактант) билан қопланган. У микроблардан ҳимоялашга, микроб ва микроскопик чангларни чиқариб юборишга хизмат қилади.

Ёш болаларда нафас аъзоларининг ўзига хослиги

Ёш болаларда ҳиқилдоқ, трахея ва бронхлар тор бўлади. Бу балғамнинг нафас йўлларида туриб қолишига ва уларда микроорганизмлар кўпайишига олиб келади.

Чақалоқларда қовурғалар горизонтал ҳолатда ва қовурғалар орасидаги мушаклар етарлича ривожланмаган бўлади. Бу ёшдаги болалар узоқ вақт горизонтал ҳолатда ётиши натижасида қон айланишининг туриб қолишига олиб келади.

Нафас мушакларининг нерв регуляцияси такомиллашмагани боис бу нафас етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Зотилжам турлари

Ўткир зотилжам яққол аломат билан намоён бўлади ва тўрт ҳафта давомида тузалиб кетади.

Сурункали зотилжам секин кечувчи яллиғланувчи жараён бўлиб, тўрт ҳафтадан узоқроққа чўзилади.

Шунингдек, бир томонлама (ўпканинг биттаси) ва икки томонлама (ўпканинг иккитаси) турлари фарқланади.

Келиб чиқиш сабаблари

Зотилжам – инфекцион касаллик. Уни турли микроорганизмлар чақиради.

Олимларнинг фикрича, беморларининг 50 фоизида зотилжам сабаби номаълумлигича қолади.

Эрта ёшда зотилжам қўзғатувчилари кўпинча стафилококк, микоплазма, микровирус, аденовируслар бўлади.

Энг хавфлиси аралаш вирус-микроб инфекцияси саналади. Вируслар нафас йўллари шиллиқ қаватини зарарлайди ва микроб флорасига йўл очиб беради. Улар зотилжамнинг кечишини оғирлаштиради.

Бугунги кунда коронавирус қўзғаётган зотилжам ҳаёт учун ўта хатарлиси бўлиб қолди. Ундан бутун дунёда минг-минглаб одамлар вафот этмоқда.

Катталарда зотилжам ривожланишининг хавфли омиллари:

Доимий стресслар танани ҳолдан тойдиради.

Тўлақонли овқатланмаслик. Мева-сабзавотлар, балиқ, ёғсиз гўштни етарли тановул қилмаслик.

Иммунитет заифлашиши. Тананинг ҳимоя функциялари пасайишига олиб келади.

Тез-тез шамоллашлар инфекциянинг сурункали ўчоғини вужудга келтиради.

Чекиш. Чекканда бронх ва альвеола деворлари турли зарарли моддалар билан қопланиб, сурфактант ва ўпканинг бошқа тузилмалари меъёрда ишлашига йўл қўймайди.

Алкоголли ичимликларга ружу қўйиш.

Сурункали касалликлар. Айниқса, пиелонефрит, юрак етишмовчилиги, юрак ишемик хасталиги хатарли.

Болаларда зотилжам ривожланишининг хавфли омиллари:

ЛОР аъзоларда инфекцияларнинг сурункали ўчоғи (ангина).

Боланинг совқотиши ёки қизиб кетиши.

Пала-партиш кун тартиби. Уйқуга тўймаслик (мактабгача ёшдаги болаларда 10 соатдан кам ухлаш), тоза ҳавода кам бўлиш.

Чиниқиш ва жисмоний тарбиянинг етишмаслиги.

Эпидемиологик тартибга амал қилмаслик. Бир нечта бола касалланган болалар жамоасида инфекция йўталганда, аксирганда, гаплашганда, бақирганда соғлом кичкинтойларга юқади. Шу боис хаста болалар касаллик пайтида уйда қолиши зарур.

Аломатлари

У ўпка шикояти билан боғлиқ бўлади: интоксикация, нафас етишмаслиги.

Касаллик аста-секин ёки бирдан бошланиши мумкин.

Зарҳарланиш аломатлари:

  • Тана ҳароратининг 37.5 дан 39.5 даражагача кўтарилиши;
  • бош оғриғи;
  • аҳвол ёмонлашиши: ланжлик ёки жонсараклик, теварак-атрофга қизиқмаслик, уйқу бузилиши, тунда терлаш.

Ўпка аломатларидан бири сифатида йўтални ажратиб кўрсатиш мумкин. У дастлаб қуруқ бўлади, маълум вақтдан сўнг (3-4 кундан кейин) намланиб, кўп балғам ажрала бошлайди. Одатда балғам қизғиш рангда бўлади: чунки унда эритроцитлар мавжуд.

Қизғиш балғамли йўтал асосан каттароқ ёшдаги болаларда кузатилади. Йўтал бронх ва трахея шиллиқ қавати яллиғланиши натижасида, шунингдек, яллиғланиш медиаторлари ёки механик (балғамли) қўзғатишлар таъсирида келиб чиқади.

Шиш ўпканинг меъёрда ишлашига халақит қилади ва шу боис йўтал ёрдамида тана уни тозалашга уринади. Йўтал 3-4 кундан ортиқ давом этганда ўпканинг барча тузилмалари катталашади, шу боис эритроцитлар томирлардан бронх йўлларига тушади ва у ерда балғамга қизғиш тус беради.

Йўталдан ташқари ўпканинг зарарланган томонида оғриқ пайдо бўлади. Оғриқ одатда нафас олганда кучаяди.

Ўпка етишмовчилиги аломатларига нафас қисиши, бурун-лаб териси цианози (кўкариши) каби белгилар киради.

Нафас сиқиши кўпинча икки томонлама зотилжамда юзага чиқади, нафас олиш қийинлашади. Бу тўқималарнинг кислород билан тўйинмаслигига олиб келади. Ўчоқ қанча кенг бўлса, нафас қисиши шунча кучли кечади.

Масалан, бир ёшдан катта болаларда нафас тезлашиши (дақиқасига 40 мартадан зиёд) ўпка яллиғланишининг асосий белгиларидан биридир. Бурун-лаб бурчагининг кўкариши, айниқса, кичик ёшдаги болаларда яхши сезилади (эмизганда), бироқ катталарда ҳам учрайди. Цианозга ҳам кислород етишмаслиги сабаб бўлади.

Зотилжамнинг кечиши: касалликнинг давомийлиги тайинланган муолажа самараси ва тана реактивлигига боғлиқ. Антибиотиклар пайдо бўлгунига қадар иситма 7 – 9 кунда тушган.

Антибиотиклар билан даволаганда иситма эртароқ тушиши мумкин. Секин-аста беморнинг аҳволи яхшиланади, йўтал намроқ бўлади.

Агар инфекция аралаш (вирус-микробли) бўлса, касаллик буйрак, жигар, юрак-қон томир тизимини зарарлаши мумкин.

Қандай ташхисланади?

Борди-ю, зотилжам борлигига гумон қилинса, албатта шифокорга (терапевт ёки педиатр) мурожаат этиш зарур. Тиббий текширувсиз зотилжам ташхисини қўйиб бўлмайди.

Шифокорда сизни нималар кутмоқда?

Қабулда шифокор сиздан шикоятларингиз ва касалликни келтириб чиқариши мумкин бўлган омиллар ҳақида сўрайди.

Шунингдек, кўкрак қафасини, айниқса, нафас олганда бир маромдалигини текширади. Зотилжамда зарарланган томон кўпинча нафас чиқарганда соғ тарафдан орқада қолиб кетади.

Бармоқ билан тақиллатиб кўриш зотилжамни ташхислаш ва зарарланган жойларни аниқлаш учун зарур. Бунда бармоқлар билан кўкрак қафасининг ўпка соҳалари тақиллатиб кўрилади. Меъёрда тақиллатганда товуш жаранглаб чиқади (ҳаво борлиги боис). Зотилжамда товуш ўтмаслашади ва қисқа бўлади. Чунки ўпкада ҳаво ўрнида экссудат деб номланувчи патологик суюқлик тўпланади.

Аускультация (ўпкани эшитиб кўриш) стетофонедоскоп деб аталувчи махсус асбоб ёрдамида амалга оширилади. Ушбу оддий асбоб пластик най ва мембраналар тизимидан ташкил топган бўлиб, у товушни кучайтиради. Меъёрда тоза ўпка товуши, яъни меъёрий нафас товуши эшитилиши керак. Агар ўпкада яллиғланувчи жараён бўлса, нафасга экссудат халақит қилади ва қийинлашган, заифлашган нафас  товуши ҳамда турли хириллашлар эшитилади.

Умумий қон таҳлили: яллиғланиш борлигига жавобгар ҳужайралар – лейкоцитлар сони кўп бўлса ва СОЭ юқорилигида яллиғланиш кўрсаткичи ҳисобланади.

Умумий пешоб таҳлили: буйракда инфекцион жараённи истисно қилиш учун ўтказилади.

Йўталганда балғам таҳлили: касалликни қайси микроб келтириб чиқарганлигини аниқлаш ҳамда муолажани тўғрилаш учун амалга оширилади.

Ўпканинг қайси соҳасида яллиғланиш ўчоғи жойлашганини, унинг ҳажмини, асоратлар (абсцесс) бор-йўқлигини аниқлаш учун рентген текширувини ўтказиш зарур. Рентген суратида доктор ўпканинг қора рангли фонида оқ доғларни кўради. Бу доғлар яллиғланиш ўчоғи ҳисобланади.

Шунингдек, баъзида бронхоскопия ўтказилади – бу учида чироғи бўлган камерали қайишқоқ най ёрдамида бронхларни текшириш усули. Бунда най бурун орқали бронх йўлига тиқилади. Ушбу текширув тури зотилжамнинг асоратли шаклларида ўтказилади.

Аломатлари зотилжамга ўхшаш касалликлар ҳам бор. Ўткир бронхит, плеврит, туберкулёз шулар жумласидан бўлиб, тўғри ташхис қўйиш, кейин эса даволаш учун шифокор зотилжамга гумон қилинаётган беморга кўкрак қафасини рентгенологик текширувдан ўтказишни буюради.

Болаларда зотилжамга хос рентгенологик ўзгаришлар зотилжам аломатлари пайдо бўлгунга қадар ривожланиши мумкин (хириллаш, нафас заифлашиши).

Зотилжамни самарали даволаш

Гигиена, тартиб ва овқатланиш

  1. Ўткир даврида ётоқ тартиби тавсия этилади.

Чақалоқлар қайт қилган суюқликка тиқилиб қолмаслиги учун ёнбошлаб ётқизилади. Кўкрак қафасини йўргаклашга йўл қўйилмайди. Нафас сиқилганда болани каравотга танасининг тепа қисмини тепароқ қилиб тўғри ётқизиш зарур.

Боланинг аҳволи яхшиланганда каравотдаги ҳолатини тез-тез алмаштириш ва уни қўлга олиш керак.

  1. Рационал овқатланиш: кунига суюқлик истеъмоли 1.5-2.0 литрга кўпайтирилади, илиқ бўлгани маъқул. Морс, шарбат, лимонли чойдан фойдаланиш мумкин. Ёғли таом берманг (ўрдак, ғоз), қандолат маҳсулотлари (торт, пирожний) ҳам мумкин эмас. Ширинлик яллиғланиш ва аллергик жараёнларни кучайтиради.
  2. Балғам кўчириш йўли билан нафас йўлларини балғамдан тозалаш.

Бир ёшгача бўлган болаларнинг нафас йўллари балғам ва шилимшиқлардан онаси томонидан уй шароитида тозаланади (оғиз бўшлиғи салфетка билан тозаланади). Тиббиёт бўлимида оғиз ва бурун бўшлиғидаги балғам ҳамда шилимшиқ электрсўрғич ёрдамида сўриб олинади.

  1. Бемор ётган хона ҳавосини тез-тез алмаштириш (бемор бўлмаганда) ва нам латта билан артиб туриш.

Ҳаво ҳарорати ташқарида 20 даража бўлганда хона деразаси доимо очиқ туриши зарур. Ташқарида ҳаво ҳарорати пастроқ бўлганда хона ҳавосини кунига камида 4 марта алмаштириш керак. Шунда 20 – 30 дақиқада хона ҳарорати 2 даража пасаяди.

Қишда хона тез совиб кетишининг олдини олиш мақсадида дарчага дока тутиб қўйилади.

Дорили муолажа

Зотилжамда муолажанинг асосий тури дори-дармонлар ҳисобланади. У инфекцияларга қарши курашга қаратилган.

Зотилжамнинг ўткир даврида антибиотиклар билан даволанади.

Зотилжамни дори-дармон билан фақат шифокор назорати остида даволаш мумкин!

Кўпинча таъсир кўлами кенг антибиотиклар қўлланилади. Антибиотиклар ва уларни юбориш йўлини танлаш (ичкарига, мушак остига, венага) зотилжамнинг даражасига боғлиқ.

Енгил шаклида одатда ҳаб дори ва мушак остига юбориладиган инъекциялар кўринишидаги антибиотиклар қўлланилади.

Енгил шаклдаги зотилжамни уй шароитида даволаш мумкин, фақат албатта шифокор билан маслаҳатлашиб.

Оғир шаклида эса шифохонанинг пульмонология бўлимида даволанади. Стационарда антибиотиклар мушак остига ёки венага юборилади.

Антибиотикларни қўллаш давомийлиги камида 7 кунни ташкил этиши зарур (даволовчи шифокор кўрсатмасига боғлиқ).

Дорини юбориш усули ва миқдори ҳам ҳар бир бемор учун алоҳида танланади.

Антибиотик нафақат патоген (касаллик чақирган) флора, балки тананинг табиий ҳимоя флорасини ҳам нобуд қилади. Шу боис замбуруғли инфекция ёки ичак дисбактериози келиб чиқиши мумкин. Ичак дисбактериози ичнинг суюқ келиши, қорин шишиши билан намоён бўлади.

Антибиотикларни қабул қилганда C ва B гуруҳидаги витаминларни ҳам қўллаш лозим. Шунингдек, балғам кўчирувчи ва балғамни суюлтирувчи препаратлар тайинланади.

Тана ҳарорати меъёрлашгач, яллиғланиш ўчоғининг сўрилиб кетиши учун физиомуолажалар буюрилади.

Жисмоний тарбия

Одатда жараён кўкрак қафаси массажидан бошланади ва тана ҳарорати меъёрлашгач гимнастика қилинади. Зотилжамда жисмоний тарбиянинг вазифаси:

  1. Беморнинг умумий аҳволини мустаҳкамлаш
  2. Лимфа ва қон айланишини яхшилаш
  3. Плевра чандиқлари ҳосил бўлишининг олдини олиш
  4. Юрак мушагини мустаҳкамлаш

Дастлаб ҳолатда ётиб, кунига 2-3 марта оёқ-қўлларни оддий ҳаракатлантириб, нафас машқи бажарилади. Сўнгра гавдани секин буриш ва эгишлар қўшилади. Машғулот давомийлиги 12 – 15 дақиқагача.

Мактабгача ёшдаги болалар учун ўйин усули бўйича гимнастика қўлланилади. Масалан, турли усулларда юриш. «Ўрмонда сайр» ҳикоясини айтиш мумкин – овчи, қуён, маймоқ айиқ. Нафас машқи (бўтқа қайнаяпти, ёғоч кесувчи, копток ёрилди). Дренаж машқлари – тўртоёқлаб турган ҳолатда ва ёнбошлаб ётган ҳолатда бажарилади (мушак жаҳлдор ва меҳрибон). Кўкрак қафаси мушаклари учун машқлар (тегирмон, қанотчалар). Секинлашиб борувчи юриш билан ниҳоясига етади.

Муолажани шифокор назорати остида бажариш кераклигига сизни ишонтириш учун зотилжамнинг бир қанча асоратларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз.

Абсцесс (ўпкада йиринг тўпланиши), дарвоқе, жарроҳлик йўли билан даволанади.

Ўпка шишиши – вақтида чора кўрилмаса, ўлимга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Сепсис (қонга микроб тушиши) ва шу билан боғлиқ ҳолда инфекциянинг бутун танага тарқалиши.

Зотилжамнинг олдини оламиз

Энг яхши профилактика рационал турмуш тарзини жорий этиш:

Тўғри овқатланиш (мева-сабзавот, шарбатлар), тоза ҳавода сайр қилиш, стресслардан сақланиш.

Қиш ва баҳорги вақтларда иммунитет пасайишининг олдини олиш учун поливитаминлар комплексини қабул қилиш.

Чекишни ташлаш.

Сурункали касалликларни даволаш, алкоголга ружу қўймаслик.

Болалар учун пассив чекишни йўқотиш муҳим (улар олдида чекмаслик), бола кўп шамолласа, отоларинголог шифокор билан маслаҳатлашиш, рахит, анемияни вақтида даволаш.

Нафас машқлари билан боғлиқ бир қанча тавсияларни келтирамиз. Улар кўп шамоллайдиган одамлар учун фойдали. Нафас гимнастикасини ҳар куни бажариш зарур. У нафақат тўқималар оксигенациясини (ҳужайраларни кислородга тўйинтиришга) яхшилашга ёрдам беради, балки тинчлантирувчи ва бўшаштирувчи таъсир кўрсатади. Машқларни бажараётганда фақат яхши нарсалар ҳақида хаёл қилиш муҳим.

Қандай асоратларга олиб келиши мумкин?

Зотилжам ўпка ва ўпкадан ташқари турли асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Ўпка асоратлари – ўпка тўқимаси, бронх ва плеврага зарар етказади. Ўпкадан ташқари асоратлари – ички аъзолардаги асоратлар.

Ўпка асоратлари:

  • плеврит;
  • эмпиема;
  • абсцесс;
  • обструктив синдром ривожланиши;
  • ўпка шишиши.

Ўпка шишиши зотилжамнинг энг хавфли асорати ҳисобланади, чунки унда ўлим даражаси юқори бўлади. Томирдаги сув дастлаб ўпкага, кейин эса альвеолаларнинг ўзига тушади. Шу тариқа меъёрда ҳаво билан тўлиши керак бўлган альвеолалар сувга тўлиб қолади.

Бундай ҳолатда одам тез бўғилади ва асабийлашади. Йўтал пайдо бўлади, у кўпиксимон балғам билан кечади. Пульс дақиқасига 200 зарбагача кўтарилади, терини совуқ ёпишқоқ тер қоплайди. Мазкур ҳолатда зудлик билан реанимацион чора кўриш керак.

Ўпкадан ташқари асоратлари:

  • токсик шок;
  • токсик миокардит;
  • перикардит;
  • менингит;
  • гепатит.

Зотилжамнинг ўпкадан ташқари асоратлари бактерияларнинг ўзига хос ҳаракатига боғлиқ. Баъзи патоген бактериялар жигар тўқималарига ўхшаб кетса, бошқалари осонлик билан гематоэнцефалик тўсиқдан ўтиб, нерв тизимига тушади.

Шоҳида Исроилова тайёрлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг