Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Наримон Умаров 2 кишилик палатада 6 бемор ётган касалхонада бўлди

Наримон Умаров 2 кишилик палатада 6 бемор ётган касалхонада бўлди

Фарзандингиз бемор бўлиб қолди. Кўнглингизга чироқ ёқса ёришмайди. Нима қилиб бўлса ҳам уни даволатишингиз лозим. Зудлик билан шифохонага ётқизиш керак. Тиббиёт муассасасига олиб келиб, кўрсангизки, боласи касал бир сиз эмас. Қабул бўлимида узун навбат, болалар шифокори олдига яқинлашиб бўлмайди. Узоқ кутишдан сўнг галингиз келиб, бир амаллаб текширувлардан ўтилгандан кейин палатага ётқизишга кирсангиз, 2 кишилик палатада 6 бемор ётибди...

Афсуски, бу тўқима асардан парча эмас, ҳаёт ҳақиқати. «Адолат» партияси бунга Сурхондарё вилоятининг болалар кўп тармоқли шифохонасида гувоҳ бўлди.

Соғлиқни сақлаш соҳасига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул этиб белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳам ўз фаолиятида аҳоли соғлиғини сақлашни энг асосий йўналиш сифатида қарайди.

Шу боисдан, парламент қуйи палатаси Спикери ўринбосари, «Адолат» СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Сурхондарё вилоятида тиббий хизмат ҳолати, «ақлли тиббиёт» тизимини жорий қилиш масалаларини ўрганиш бўйича бир қатор тиббиёт муассасаларида бўлишди.

Ўрганишлар давомида ижобий жиҳатлар билан биргаликда юқоридаги каби камчиликлар ҳам кузатилди. Жумладан, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 380 ўринга мўлжалланган бўлишига қарамасдан, ҳозирги кунда 600 нафарга яқин беморлар даволанмоқда. Бу эса, аҳоли ўртасида тиббиёт соҳаси вакилларига нисбатан норозилик, соҳадаги ислоҳотларга ишончсизлик уйғотмоқда.

Шифохона бош шифокори ушбу ҳолатни Термиз шаҳри ва унга ёндош туманларда бемор болалар учун тиббий хизмат сифатининг пастлиги, ўринлар сони етишмаслиги натижасида ушбу муассасада беморлар мурожаати ошишига олиб келётганини таъкидлади. Натижада, яқиндагина таъмирлаб топширилган қўшимча 60 ўринли бино ҳам масалага ечим бўла олмаяпти.

Мазкур муаммони ўрганган депутатлар масала ечими юзасидан мутасаддиларга бир қатор ечимларни таклиф этди. Хусусан, биринчидан, мазкур муассасага қўшимча бино қуриш ва ҳудудлардаги шифохоналарда ўринлар сонини кўпайтириш орқали юкламани камайтириш мумкин.

Иккинчидан, шифохона бош шифокорининг таъкидлашича, гарчи кроватлар мавжуд бўлса-да, санитария нормаларига тўғри келмагани учун 4 нафар бемор ерда ётишга мажбур бўлмоқда. Шунинг учун депутатлар санитария меъёрларига оид қонунчиликни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш ташаббусини билдирдилар.

Учинчидан, бугунги кунда Сурхондарё вилоятидаги хусусий тиббиёт муассасаларида 2000 мингга яқин ўрин мавжуд бўлса-да, болаларни даволашга ихтисослашган муассасалар йўқ. Ушбу ҳолатнинг республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кузатиш мумкин. Шу боисдан, эҳтиёж юқори бўлган болаларни даволашга мўлжалланган хусусий шифохоналарни ташкил этмоқчи бўлган тадбиркорларга махсус имтиёзлар тақдим этиш, ташкил этишдаги бюрократик тўсиқларни камайтириш лозимлиги билдирилди.

Ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги тиббиёт муассасаларига масъуллар билан суҳбатлашилганда бу каби муаммоларни берилган таклифлар асосида тез орада тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ечимини топишга келишиб олинди. Зеро, мамлакат эртасини, фарзандлар соғлиғини ўйлаган ҳеч бир раҳбар ушбу мавзу бўйича шунчаки, кузатувчи сифатида четда қараб туришга ҳақи йўқ.

Ишчи гуруҳнинг ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Манба: parliament.gov.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг