Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Наманган шаҳар ҳокими ишдан олинди. Янги раҳбар Тошкентдан қўйилди

Наманган шаҳар ҳокими ишдан олинди. Янги раҳбар Тошкентдан қўйилди

Фото: Наманган вилояти ҳокимияти

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 19 февраль куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида Бунёдкор маҳалласига бориб, у ерда ичимлик суви йўқлиги, ички йўллар ёмонлиги, атроф ободонлаштирилмаганлиги, маҳалла идорасининг хароблиги, бино орқасида чиқиндилар ётганлиги сабабли Наманган шаҳар ҳокимига қаттиқ танбеҳ берганди.

Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимияти расмий каналида хабар берилган.

Сессияда вилоят марказида бугунги кунда мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Жумладан, шаҳар секторлари раҳбарларининг рейтингдаги ўринлари пастлиги, экспорт режалари бажарилмагани, бандлик, маҳаллаларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига етарлича эътибор қаратилмагани танқид қилинди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди.

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов Наманган шаҳри ҳокимлигига шу пайтга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Ғофир Жамалов номзодини таклиф қилди.

Депутатлар ва фаоллар номзод юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди. Номзод улар томонидан маъқуланди.

Ғофир Жамалов 1974 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1997 йилда Наманган саноат-технология институтини, 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

1997—2009 йиллар давомида Наманган шаҳри ва Наманган вилояти ҳокимликларида турли масъул лавозимларда меҳнат қилган.

2009—2020 йилларда Иқтисодиёт вазирлиги бош мутахассиси, бўлим бошлиғи, Уй-жой, коммунал хизмат вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Ғофир Жамалов 2020 йилдан то шу кунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг