Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Можароли бузилишларга барҳам бериш мақсадида таклифлар ишлаб чиқилмоқда

Можароли бузилишларга барҳам бериш мақсадида таклифлар ишлаб чиқилмоқда

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурҳонов уй ва иншоотлар бузилиши каби ҳолатларга муносабат билдириб, «фуқаролар ва ҳокимият вакилларининг очиқ конфронтациясидан» ташвишда эканини баён этди.

«Шаҳар ва туманлар, қишлоқлар ва маҳаллаларни ободонлаштириш, инфраструктурасини яхшилаш аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қаратилиши, умуман олганда, давлат ва маҳаллий бюджетларнинг катта қисми ижтимоий соҳага ажратилаётганлиги позитив жараён деб ҳисоблайман», — дейди ҳаракат раҳбари. — «Шу билан биргаликда, ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини ижро этишга масъул алоҳида маҳаллий бошқарув органларининг тартибсиз ҳаракатлари, шу жумладан қонунда белгиланган тартибларга зид равишда огоҳлантиришларсиз, компенсацияларни тўлиқ тўламасадан, бир сўз билан айтганда, уй эгалари ва тадбиркорларнинг розилигини олмасдан хусусий ер участкаларининг давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши ҳолатларини кузатяпмиз».

Акмал Бурҳоновнинг қайд этишича, қатор зиддиятли вазиятлар, айниқса, сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда кенг резонанс уйғотган Яккабоғдаги икки ҳолат, Риштон, Янгийўл туманлари ва Урганч шаҳридаги фуқаролар ва ҳокимият вакилларининг очиқ конфронтацияси каби ҳолатлар ташвиш туғдирмоқда.

Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан доимий тарзда йўл қўйилаётган камчиликлар, жумладан:

  • Қисқа давр ичида бир ҳокимнинг рухсати билан қурилган иншоотларнинг бошқа бир ҳокимнинг қарори билан бузилиши;
  • Объектларнинг бузилиши ҳақида қонуний огоҳлантириш берилмаслиги;
  • Тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларнинг бузилиши;
  • Фуқароларнинг розилигисиз бошқа турар жойларга мажбурий кўчирилиши;
  • Бузилаётган уйлар учун компенсация пулларининг вақтида берилмаётганлиги ёки унинг миқдорлари сезиларли даражада камлиги;
  • Ҳокимият вакилларининг уй-жой эгалари билан қўпол муносабатда бўлиши, элементар мулоқот маданиятининг йўқлиги ва бошқа кўплаб муаммоларнинг гувоҳи бўлиняпти.

Шу сабабли, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати бу каби ҳолатларга барҳам беришга йўналтирилган тизимни яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқмоқда:

  • Ҳудудларни узоқ йиллик стратегик ривожлантириш режалари, бош планларини ишлаб чиқиш;
  • ер участкаларининг давлат ҳамда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши жараёнларининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, ушбу жараёнларда аҳоли иштирокини кенгайтириш;
  • ҳудудларни ривожлантириш лойиҳалари ва дастурларини аҳоли иштирокида презентациялари ва муҳокамаларини ташкил этиш;
  • ушбу масала билан боғлиқ қонунчилик ижроси юзасидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш;
  • тарихий аҳамиятга эга бўлган иншоотларни бузишга мораторий эълон қилиш;
  • маҳаллий ҳокимият органлари иш самарадорлигини баҳолаш аҳолининг ишончи ва розилиги асосида амалга оширилиши бўйича тартибни жорий қилиш.

Шу мақсадда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати муаммога алоқадор барча томонлар, фуқаролар, маҳаллий ҳокимият органлари, жамоат ташкилотлари ва жамоатчилик кенгашлари, қурувчи ташкилотлар, депутатлар, шунингдек халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокамаларни ташкил қилишни режалаштирмоқда.

«Сиздан ҳам мазкур масала юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни [email protected] манзилига юборишингизни ёки @yuksalishuzb_bot орқали изоҳ (коммент) қолдиришингизни сўраймиз», дейилади ҳаракат раҳбари Акмал Бурҳонов номидан тарқатилган расмий баёнотда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг