Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

МИБ масъулидан таклиф: «Зў-ўр факт бор, ёзасизми?»

МИБ масъулидан таклиф: «Зў-ўр факт бор, ёзасизми?»

Фото: «Xabar.uz»

Фаррух Тошпўлатовни кичкина одам деб бўлмайди: Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи. Адлия маслаҳатчиси (подполковник) унвонига эга. Шу чоққача кўрганлари кўп эмасдир, аммо оз ҳам эмас. Бироз шоирлиги ҳам бор (балки шунинг учун ҳам ОАВ билан ишлашга масъул этиб тайинлангандир?!). Шунданми аксарият ҳамкасбларидан фарқли равишда муайян воқеликдан тезда ҳаяжонга тушади.

Тармоқда тез-тез ёзишиб турамиз — хизматчилик. Кеча дўстимиз ёзиб қолди: «ака, зў-ўр факт бор, чиқарасизми?». Сайтчилар «зў-ўр факт»нинг салкам гадоси-ку, қани, юборинг... демадик! Нега? Тошпўлатовни ҳаяжонга солган «зўр факт» аслида «ғўр факт» бўлиши ёинки бизга таклиф этилаётган нарса бошқа сайтларни ҳам «зиёрат» қилгани эҳтимоли йўқ эмас-да. Тажрибалардан аён.

Хўш?

Фаррух Тошпўлатов «зўр факт»га тафсир беришга тушди: ...МИБнинг Данғара туман бўлимига қандай ижро ҳужжати келди, денг? Бобо ва набира судлашибди! Набира — йигирма саккиз ёшда, бобо эса саксон тўртни урган. Хуллас, набира бобосидан 4 минг АҚШ доллари қарз олган экан. Бир ой муддатда қайтариш шарти билан. Бироқ йил ўтса ҳамки қарзини қайтармабди. Ёши бир жойга бориб қолган бўлсаям отахон ҳуқуқини яхши биларкан-ей: шартта набирасини судга берибди. Суд эса бобойнинг пулини устамалари билан ундириш ҳақида қарор чиқарибди. Аммо суд қарорини ижро этиш осон дейсизми?! Набира муқаддам фирибгарлик жинояти содир этгани учун қидирувда экани аниқланди. Қарздорнинг ўзи йўқ бўлса, ундан қандай пул ундириб бўлади? Гап шунда-да. Данғаралик ҳамкасбларимиз суриштирсаки, набиранинг номида «Спарк» бор экан! Машина олтиариқлик бир фуқаронинг уйидан топилди. Ярамас набира «Спарк»ни олтиариқлик ўша фуқарога сотган, аммо номига ўтказиб бермаган экан. Начора, юридик жиҳатдан машина қарздорга тегишли бўлса, давлат ижрочисида уни («Спарк»ни) хатлаб, жарима майдонига тиқишга мажбур. Шундан кейин машина аукцион савдога чиқарилиб, тушган пул ҳақдорга (яъниким, бобога) берилади. Тартиб шундай. Ҳужжатлаштириш жараёни бошлаганда олтиариқлик фуқародан таклиф тушди: бобога суд қароридан кўрсатилган пулни мен берсам машина ўзимда қоладими, набира билан кейин ўзим ҳисоб-китоб қилиб оламан...

Бўлмаса-чи?! Қисқаси, шундай қилинди. Шу тариқа ижро ҳаракати тугалланди. Тугалланди-ю, лекин бобо ва набира ўртасидаги можаро жабрини бутунлай бегона одам тортдиде...»

«Зўр факт» шуми?

«Э, ака, бунданам зўри бор, — давом этди Ф.Тошпўлатов. — Қўқоннинг энг бойларидан биттаси корхоналари остидан ўтган қувурга ўғринча уланиб, йиллар (!) давомида табиий газдан фойдаланиб келаётган экан! Айни пайтда ходимларимиз етказилган зарар миқдорини ҳисоблашмоқда. Маълумот тайёр бўлиши ҳамоно сизга юбораман...».

...Ушбу суҳбат бўлиб ўтганига ҳафта тўлди. Қўқондаги бойвачча етказган зарар ростанам катта чоғи, МИБчилар ҳалиям ҳисоб-китоб қилаётган кўринади. Чунки, «газ ўғриси» дейилаётган бойвачча ҳақида маълумот ҳалигача келгани йўқ-да...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг