Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ИИВ криминалист экспертлари учун махсус кийимлар тайёрланди

ИИВ криминалист экспертлари учун махсус кийимлар тайёрланди

Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази 2019 йил март ойида ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмалари ходимларини ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида ва лаборатория шароитида фойдаланиши учун махсус кийимлар билан таъминлаш ҳақида таклифлар тайёрлаган.

Жумладан, асосан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар (мурдалар, инсон танаси бўлаклари ва суяк қолдиқлари, қон доғлари ва бошқа биологик ашёвий далилларни олиш билан боғлиқ) ҳодиса жойларини кўздан кечиришда комбинезон, нафас олиш аъзоларини ҳимояловчи ниқоб (респиратор), кўзни ҳимояловчи пластик кўзойнак, резина қўлқоп (жарроҳликка оид), пойафзал учун бахилалардан иборат махсус кийимини жорий этиш бўйича таклиф ишлаб чиқилган.

Бу кийимлар:

  • эксперт-криминалистнинг ўзидан соч толаси ёки микрозаррача каби ашёлар қолишининг олдини олиш;
  • жиноятга алоқадор ДНК намунаси;
  • пойафзал излари;
  • қўл-бармоқ излари;
  • микрозаррача ва биологик турдаги олинадиган ашёвий далиллар тозалигини таъминлаш мақсадида ишлатилади.

Шунингдек, таклиф этилаётган сув ўтказмайдиган матодан тайёрланган енгил куртка очиқ жойда ишлаётган мутахассисни намгарчилик об-ҳаводан сақлайди. Юкни енгиллаштирувчи нимча ва бош кийими турли хилдаги асбобларни, яъни чўтка, қайчи, валик, скотч ва бошқаларни қўллаш билан боғлиқ ҳодиса жойини кўздан кечиришда қулайлик яратади.

Енгил куртка ва нимчадаги нур қайтарувчи тасма мутахассисни тунги вақтда ўтказиладиган кўздан кечиришда хавфдан сақлайди.

Баланд қўнжли резина этикдан ботқоқли дала ҳудудлари, ёнғин содир бўлган объектлар, электр токи шикаст етказиш хавфи мавжуд бўлган жойлар, лой-кўлмакли подваллар ва бошқа зарурият жойларни кўздан кечиришда фойдаланилади. Лаборатория шароитида фойдаланиладиган халат ва шим мутахассисга тадқиқотлар ўтказиш жараёнида қулайликлар яратади.

Ушбу махсус кийимлар жорий йилнинг баҳор ойларида Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт-криминалистика маркази ходимлари томонидан синовдан ўтказилган ва киритилган таклифларга асосан янада мукаммаллаштирилган.

Айни вақтда махсус кийимлар Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Эксперт-криминалистика бўлинмаси ходимлари томонидан синов тариқасида фойдаланилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг