Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Китоблар – овозсиз муаллимлар…

Китоблар – овозсиз муаллимлар…

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри 2-cектори томонидан 21 октябрь «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилинганининг қутлуғ санасига бағишлаб тадбир ўтказилди.

Шаҳар прокурори Баҳром Бекбўтаев томонидан сектор ҳудудига кирувчи 8 та умумий ўрта таълим мактаби ва Тошкент давлат кимё-технология олийгоҳининг Шаҳрисабз филиали ҳамда Наматон геодезия ва экология техникумига жами икки юзга яқин китоблар туҳфа этилди.

– Секторимиз ҳудудидаги мактабларнинг ва ушбу иккита жами умумий китоб фонди икки мингта бўлиб, очиғини айтиш керак, сўнгги бир йилда уларга бор-йўғи 680 та бадиий адабиётлар келтирилган, – дейди Б.Бекбўтаев. – Таниқли Ғарб олимларидан бири «Китоблар овозсиз муаллимлардир», деган фикрида жон бор. Дарҳақиқат, китоблар одамларнинг йўлини ёритиб турувчи маёқдир. Биз чоп этилган янги бадиий асарлар тақчиллигини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликни самарали ҳал қилишга бел боғладик. Жумладан, Сектор ҳудудидаги уюшма аъзоси ва «Янги китоб» нашриёти томонидан 200га яқин турли янги адабиётлар бизга тил байрами арафасида тақдим этилгани ана шундай хайрли ишларимизнинг бошланиши бўлди.

– Мактабимиз китоб фондида, афсуски, янги чиққан китоблар, жумладан, бадиий адабиётлар ниҳоятда тақчил. Бугун берилган асарлар орасида улуғ аждодимиз Заҳириддин Бобурнинг «Бобурнома», Муҳаммад Алининг «Улуғ Салтанат», «Митти ҳикоялар: кеча ва бугун» китоблари, шунингдек жаҳоннинг атоқли адиблари Марио Пьюзо ва Дейл Карнегининг асарлари борлиги бизни, айниқса, мамнун этди, – дейди шаҳардаги 20-сонли мактаб директори А.Тайланов. – Одатда секторлар аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий муаммолари, кам таъминланган оилалар билан шуғулланишига кўникиб қолганмиз. Аммо бугун бизни чақиришиб, муҳим маънавий-маърифий масала – ҳар биримизга йигирмага яқин китоблар тақдим этишганидан, сектор раҳбарининг тил ва адабиётнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақидаги, бу борадаги қонунчилик талаби ва меъёрлар ҳақидаги қизиқарли маъруза қилганидан, очиғи, бошимиз осмонга етди. Бу орқали биз секторнинг маънавий ишлар борасида таъсирчан механизм эканига бевосита гувоҳ бўлаяпмиз. Зеро, барча муаммолар ечими, у жиноятчилик бўладими, ишсизлик бўладими, маҳаллалардаги маиший оилавий муаммолар бўладими, энг аввало, инсоннинг ахлоқий тафаккури ва билими даражасига боғлиқ бўлади. Китобхонлик ва мутолаа маданияти эса бу йўлда энг кучли воситадир.

– Cектор раҳбари бугун бу каби маърифий ишлар бардавом бўлишини таъкидлар экан, сектор ҳудудидаги 10 та умуммий таълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари ва талабалар ўртасида ноябрь ва декабрь ойларида икки босқичли «Она тилим – жоним-жаҳоним» ва «Янги Ўзбекистон – менинг тақдиримда» иншолар танлови ўтказилишини эълон қилди, – дейди Тошкент давлат кимё-технология олийгоҳининг Шаҳрисабз филиали директори Ш.Муталов. – Ҳар бир муассасанинг уч нафардан ғолиби Янги йил байрами арафасида жами бир миллион сўмдан, сектор бўйича эса 10 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланиши ва ўғил-қизларимизнинг энг сара 30 та иншолари эса яхлит жамланиб, тўплам ҳолида чоп этилиши ва таълим даргоҳларига тарқатилиши ҳақидаги фикрлар албатта бизга ҳам, ёшларимизга ҳам янги куч ва ижодий рағбат бағишлайди.

Дилнура Раҳматова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг