Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Карантинда фойдали: Ҳаётни ўзгартиришнинг энг оддий усуллари

Карантинда фойдали: Ҳаётни ўзгартиришнинг энг оддий усуллари

Бугунги кунда кўплаб хорижий мамлакатларда бўлгани каби, юртимизда ҳам карантин ҳолати жорий қилинган. «Xabar.uz» томонидан мана шундай синовли дамларда юртдошларимиз учун фойдали ва қизиқарли мақолалар бериб боришга ҳаракат қиламиз.

Ушбу мақоламиз орқали сиз, ёзувчи Даниел Валленнинг одамларни илҳомлантириш ва ҳаётларини ўзгартиришнинг энг оддий усуллари борасидаги фикрлари билан танишишингиз мумкин.

Кимдир сизга ҳаётингизни ўзгартириш, умуман ўзингизни соғлом, бахтли ва муваффақиятли бўлишингиз учун илҳом берганми? Агар шундай бўлса, ижобий илҳом бағишлаш инсон ҳаётида қандай аҳамият касб этишини яхши тушунасиз. Илҳомлантириш катта санъат, аммо бу осон иш эмас.

Дўстларингиз, оилангиз ёки ҳамкасбларингиз ҳаётида ижобий ўзгаришларни амалга оширишни хоҳлайсизми? Агар сиз атрофингиздагиларга ижобий таъсир кўрсатишни истасангиз, одамларни илҳомлантиришнинг қуйидаги 20 та усулни кўриб чиқинг.

  1. Эътиборли бўлиш.

Агар сиз яқинларингизга чин дилдан ғамхўрлик қилаётганигизни кўрсата олмасангиз, уларни илҳомлантиряпман деб ўйлайсизми? Жавоб: «Йўқ!». Ўзингизнинг эътиборингизни одамларга сўзларингиз билан, масалан «Бугун қандайсиз?» ёки «Аҳволингиз яхшими?» каби гаплар ва ҳаракатларингиз яъни, кичик кўмак ва меҳр-мурувватларингизда намоён бўлиши керак.

  1. Иштиёқ юқумли нарса.

«Иштиёқ юқумли нарса!». Ушбу ибора етарли даражада кенг тарқалган ва бу айни ҳақиқатдир.

Ҳар куни алоқада бўлган одамларингизга иштиёқингизни кўрсата олинг ва бу уларда ҳам акс этишига урининг. Самимий табассум, ижобий энергия ва ғамхўрлигингиз шулар сирасига киради.

  1. Ишонч қозонинг.

Агар сиз билган ёки севадиган одамингиз сизга ўз сирини айтса, бу фақат орангизда қоладиган нарса. Ишонч қозониш учун кўп вақт талаб этилади. Аммо уни бир кечада йўқ қилиб юбориш мумкин. Шунинг учун ижтимоий тармоқлар ва иш жойингизда ғийбат ёки кераксиз гурунгларда қатнашманг. Шунда одамлар сиз билан гаплашиш ва сирлашишдан қўрқмайди.

  1. Ижобий бўлмаса, яхшиси уни айтманг.

Одамларни танқид қилиш жуда осон. Лекин бу ҳар доим ҳам тўғри нарса дегани эмас. Бир ўйлаб кўринг: кимдир сизнинг ақл-идрокингизни назарга илмаса, ҳақорат қилса, кийган кийимингизни масхара қилса ёки ишингизни танқид қилса қай ҳолга тушасизу ва ўша инсонга муносабатингиз қандай бўлади? Танқид асосли бўладими ёки йўқ, у барибир муносабатларда дилхиралик келтириб чиқариши аниқ.

Ҳеч ким тўғридан тўғри танқидни ёқтирмайди. Шунинг учун агар шахсий муносабатларда сизда ижобий фикр бўлмаса, яхшиси уни айтманг.

  1. Кичик илтифот.

Кичик илтифотлар ҳар қандай кунни ёрқинроқ қилиш имкониятига эга. Ишонмайсизми?

Офисингизда одмироқ кийинган, камсуқум бирор ҳамкасбингизни топинг. Унга шу бугунги кунда ёқимли ёки чиройли кўринаётганлигини айтинг. Аминманки, бу унинг юзида табассум ҳосил қилади ва кун бўйи кўтаринки кайфиятда юради.

  1. Қатъиятли туринг.

Турли стресслар бизнинг инсоний хислатларимиз пойдеворини синдириши мумкин. Агар сиз атрофингиздаги инсонларни илҳомлантирмоқчи бўлсангиз, қатъиятли бўлишни ўрганинг. Атрофингиздагиларга ҳатто энг ёмон шароитларда ҳам ижобий фикрлаш, вазият яхшиланишига ишониш ва синовларни саросимасиз енгиб ўтишни кўрсатмоқчи бўлсангиз, қатъиятли туринг.

  1. Камчиликларингизни тан олинг.

Ҳаёт бизни турли тўла-тўпларга улоқтирганида эгилмаслик жуда муҳим бўлса-да, барчамиз бу ерда инсон эканлигимизни ва шу сабабли мавжуд нуқсонларимиз борлигини тан олишимиз ҳам зарур. Ҳар бир инсонда камида битта яққол заифлик ёки бир қанча камчилик бор. Шунинг учун одамлар сизни чуқурроқ тушунишларини хоҳласангиз, керакли пайтда камчиликларингизни тан ола билинг.

  1. Фаол тингловчи бўлинг.

Бошқа одамлар айтаётган сўзларни ҳар ким ҳам эшита олиши мумкин. Аммо, айтилаётган сўзларнинг маъносини тўлиқ англаш учун фаол тингловчи бўлиш лозим. Агар кимдир сизга ўзларининг муаммолари тўғрисида гапириб бераётган бўлса, уларни диққат билан тингланг ва керакли ўринда саволлар беринг. Шундагина уларнинг нимани бошдан кечираётганини тушуна оласиз.

  1. Интилиш ҳам илҳомлантиради.

Агар одамларга илҳом бағишлашни истасангиз, юксакликка, яъни катта мақсадларга интилинг ва ҳеч қачон таслим бўлманг. Чунки, олдинга интилиш хислати ўзгаларни илҳомлантиришда энг кучли воситадир.

  1. Конструктив танқид фойдали.

Биринчидан, конструктив танқид талаб қилинсагина етказилиши керак. 4-бандни эсланг: ижобий бўлмаса яхшиси уни айтманг.

Агар бирор бир сўровсиз кимнидир камчиликлари учун танқид қилсангиз, кўп ҳолларда сиз уни ранжитиш мақсадида гапираётган ҳисобланасиз. Бироқ, танқид сиздан сўралса шунда ҳам уни силлиқ тарзда етказинг. Мисол учун, кимдир сиздан бирор бир қилган иши, дейлик ижодий асари учун танқидий фикр сўради. Мулоҳазаларингизни қуйидагича билдиришингиз мумкин:

«Аввало, фикримни сўраганингиз учун раҳмат! Бу менга бўлган ишончингизни англатади. Ёзганларингизни диққат билан ўқиб чиқдим. Бундан бағоятда хурсандман. (Шу жойда илтифотингиз самимий чиқиши лозим). Менимча, мана шу ерида (таклиф-тавсияларингиз) шундай бўлса яхши бўлар эди».

Ёдда тутингки, конструктив танқидни ўз ўрнида билдира олиш ҳам кучли қобилиятдир.

  1. Барчага тенг муносабат.

Биз жинсимиз, сиёсатимиз, ирқимиз, динимиз ва бошқа омилларимиздан қатъийназар барчамиз тенг инсонлармиз. Одатда муносабатга яраша жавоб олинади. Шунинг учун муносабатларда севги, ғамхўрлик, самимийлик, ишонч ва илҳом бахш этиш бирламчи бўлиши керак.

  1. Ишонч билан юринг.

Ҳамиша ўзингизга ишонч билан одимланг. Ким эканингизга бўлган ишонч билан ҳаракатланиш шулар жумласидан. Ҳамма вақт дўстона кайфият атрофингиздагиларни илҳомлантиришда муҳим хислат ҳисобланади.

  1. Вазминлик.

Одамлар кўпингча танқидга бўлган муносабати, бошқаларни илҳомлантириш қобилиятлари ҳақида тўлқинланиб гапиришади.

Эсда сақлангки, агар сиз нафратга нафрат билан жавоб берсангиз, қандай қилиб қарама-қаршиликни бошлаган одамдан яхшироқ бўлишингиз мумкин?

Ўзгалар билан тортишувда хотиржам ва вазмин бўлиш яхши одат. Чунки, хафагарчилик ҳеч қачон кўтаринки кайфият берган эмас. Оғир-босиқлик эса, атрофингиздагиларга фақат илҳом бағишлайди.

  1. Илҳомланиш манбайингизни баҳам кўринг.

Қайси ва қандай китоблар сизнинг шахс сифатида ривожланишингизга катта таъсир кўрсатган? Қандай қилиб бугунги кунда бахтли, соғлом ва муваффақиятли одамга айландингиз? Умуман, илҳомланиш манбаларингизни ўзгалар билан баҳам кўриб туринг. Бундан бошқалар ҳам фойда кўриши мумкин.

  1. Бошқаларнинг ҳиссаларини эътироф этинг.

Сизнинг катта тажрибангиз, салоҳиятингизга шубҳа қилмаган ҳолда, эришган муваффақиятларингизда албатта кимларнингдир озми-кўпми ҳиссаси борлигига аминман. Агар сиз ёзувчи бўлсангиз бирор бир асарингизнинг қайсидир парчасини ёзишда дўстларингиздан бири сизга илҳом бўлгани ҳам турган гап.

Шундай экан, камтарлик ила, қўлга киритган натижаларингизда кўмак берганлар хизматини эътироф этишни эсдан чиқарманг.

  1. Ваъдаларингизни бажаринг.

Агар сиз кимгадир ваъда берган бўлсангиз, унинг аҳамиятлилик даражаси қандай бўлишидан қатъи назар, (дейлик кино ёки концертга тушиш борасида) уни албатта бажаринг. Бу сизга моддий зиён келтирган тақдирда ҳам ўзгаларнинг ишончини йўқотмаслик энг оқилона қарордир.

  1. Ўзлигинигизга содиқ қолинг.

Ҳаётда кўпчилигимиз ижтимоий вазиятга қараб пайдо бўладиган «танишларимиз» бор. Булар уй, иш, дўстлар ва бошқалар бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси турфа «қўшиқ» ва «рақс»ларни талаб қилади. Сиз дуч келадиган ҳар бир гуруҳ учун турли хил «шоу»ларни кўрсатишингиз сизни ҳаддан зиёд чарчатади ҳам. Ўз навбатида бу атрофингиздаги одамларни илҳомлантиришнинг яхши усули эмас.

Тасаввур қилинг, ўзингиз ҳар хил қиёфага кирадиган инсонга ишона оласизми?

Хуллас, ўзлигингизга содиқ қолинг.

  1. Муқобил фикрлар ва ғояларни ўрганинг.

Ҳамма масалага бир хил ёндашиб бўлмайди. Шундай экан, ўз фикрларингизни мунтазам шубҳа остида таҳлил қилиб боринг. Масалан, агар сиз молиявий консерватив бўлсангиз, унинг бошқа томонини кўриш учун сиёсий спектрнинг қарама-қарши томонида кимдир томонидан пухта ўйланган қисмни ўрганинг. Умуман, дунёқарашларингиз турлича бўлган одамлар билан суҳбатлашинг. Бу сиз ёпишиб олган қайсидир фикрингизни тўғри йўналишга ўзгартириши мумкин. Бу орқали сиздан фарқли ўйлаган ва бу борада сизга мурожаат қилишдан қўрққан одамларнинг ўзларига нисбатан ишончини оширасиз.

  1. Ҳақорат такаббурлик белгиси.

Агар сиз бирор бир баҳсда ҳақорат қилиш ортидан ютсангиз, бу билан мақтанишнинг ҳеч ҳам ҳожати йўқ. «Сиз шундайсиз...» деб гапириш такаббурлик белгисидир. Бу одамларни муҳим масалалар юзасидан сизга мурожаат қилишларига халақит беради.

  1. Эркинлик бериш.

Одамларга шунчаки маслаҳат беравериш ўрнига, уларга ўзлари билиб олиши учун эркинлик беринг. Ҳеч ким ваъзхонликни ёқтирмайди. Агар сиздан бирор бир масалада ёрдам сўрашса, тўғри йўналишда ҳаракат қилиши учун бироз қўполроқ муносабат билдиришингиз мумкин. Аммо, буни бўрттириб юбормаганингиз маъқул. Инсон бирор нарсани мустақил англашга қодирлигини пайқаса, у илгари ўзининг ўйлаб кўрганидан кўра кучлироқ эканлигини тушуниб етади.

Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг