Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Журналист Aбдукарим Мирзаевнинг вакили баёнот берди

Журналист Aбдукарим Мирзаевнинг вакили баёнот берди

Фото: «Kun.uz»

Таниқли журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди. Бироз вақт ўтиб, Ўзбекистонда унга нисбатан ҳеч қандай жиноий иш очилмагани ва у қидирувда эмаслиги ҳақида Бош прокуратура маълум қилди.

Aбдукарим Мирзаевнинг вакили, адвокат Маҳмуд Саид Aрслон ҳолат юзасидан баёнот берди. Қуйида уни тўлиқлигича эълон қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси Абдукарим Мирзаев, Ўзбекистон ва Туркияда номи кенг жамоатчиликка маълум бўлган ва тан олинган, ҳурматга сазовор журналист, ёзувчи ва режиссёрдир. У оиласи билан Кучукчекмежеда истиқомат қилади.

10.12.2020 йилда Истанбул Бош прокуратурасининг буйруғи билан Абдукарим Мирзаевнинг уйида тинтув ўтказилди ва унинг телефони текширилди. Жиноят ёки жиноят содир этилганига оид шубҳа туғдирадиган ҳеч қандай ҳолат аниқланмагани боис терговни олиб борувчи прокурор томонидан ҳатто унинг кўрсатмалари ҳам олинмади. Бироқ полиция гуруҳи Мирзаевни 3 кун мобайнида Кучукчекмеже полиция идорасида ушлаб тургач, уни 14.12.2020 йил санасида Истанбул иммиграция маъмурияти ҳузуридаги Бинкилик (GGM) репатриация марказига топширди.

Истанбул иммиграция маъмурияти 15.12.2020 йилда Мирзаевга жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид қилгани учун депортация қилиш ва маъмурий қамоққа олиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Буйруқда эса Истанбул Бош прокуратураси томонидан ёзилган хат туфайли Мирзаев жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солган деган хулосага келингани ёзилган. Аммо Истанбул Бош прокуратураси томонидан ёзилган ҳеч бир ҳужжатда Мирзаевнинг жиноят содир этганлиги тўғрисида далил ёки маълумот мавжуд эмас, фақат тинтув ўтказиш талаб қилинган.

Абдукарим Мирзаев ҳеч қандай жиноятга алоқадор эмас. У Кастамону университети Ижтимоий фанлар институтида журналистика бўйича магистратура босқичида таҳсил олмоқда. У муносиб ва шарафли ҳаёт кечирмоқда. У Туркияда бўлиб турган муддат давомида кузатувчилари сони 1 млндан ошган ўз YouTube саҳифалари орқали медиа маҳсулотлар эълон қилган, жамоатчиликни маърифатга ундаган ва ҳеч бир нутқида ножоиз фикрларни ифода этмаган.

Абдукарим Мирзаевнинг ижтимоий тармоқдаги кузатувчилари ушбу жараёндан хабардор бўлиб, Мирзаевнинг ватанга қайтариш марказида эканидан қаттиқ қайғуга тушишди.

Ижтимоий тармоқларда #freeAbdukariM ve #FreedomtoAbdukarim хештеги остида бошланган кампанияда машҳур журналист Мирзаевни таниган инсонлар ушбу ҳолатга норозилик билдиришди.

Мирзаевнинг ижтимоий тармоқдаги баъзи кузатувчилари ушбу иш ортида Ўзбекистон ҳукумати турганини айтиб, Ўзбекистон ҳукуматини айблашди. Қарийб 35 минг твитдан сўнг, Ўзбекистон Бош прокуратураси баёнот бериб, Абдукарим Мирзаевнинг депортация қилинишини хоҳламаслигини билдирди. Шу маънода, маъмурий ҳибсга олиш тўғрисида мазкур қарор қабул қилиниши ортидан содир бўлган воқеалар икки мамлакат ўртасидаги дипломатик инқирозга олиб бормоқда.

Депортация операциясини бекор қилиш учун 1-сонли Истанбул маъмурий судига даъво аризаси киритилган. Маъмурий қамоқни тугатиш тўғрисида Истанбул Жиноят суди судларига юборилган аризалар мурожаат сабаблари ўрганилмаган ҳолда, ҳеч қандай асосларсиз рад этилди. Истанбул Иммиграция Бошқармаси ва Миграция Бош Бошқармасига қилинган мурожаатларга эса жавоб берилмаган.

Гарчи ҳеч қандай жиноятда гумондор қилинмагани ҳолда, Мирзаевни озодликдан маҳрум қилиш инсон ҳуқуқларини жиддий бузиш ҳисобланади, шу боис маъмурий қамоқ зудлик билан бекор қилиниши даркор.

Ҳурмат билан, Абдукарим Мирзаевнинг вакили адвокат Маҳмуд Саид Арслон.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг