Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жимжима гаплар билан муаммо ҳал бўлмайди. Ёки танқиддан кейинги манзаралар

Жимжима гаплар билан муаммо ҳал бўлмайди. Ёки танқиддан кейинги манзаралар

Фото: «Xabar.uz»

Яқинда «Xabar.uz»да «Энди Деҳқонобод! Ҳоким тадбиркорни «эзса», бундан халқ, ҳатто болалар жабр кўрса...» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. Унга нисбатан Деҳқонобод туман ҳокимлигидан жавоб олдик. Берилган жавоб ва асл ҳолат ўртасидаги тафовутлар анча экани боис таҳририят яна бир бор мавзуга қайтмоқда.

Аввал туман ҳокимлигининг муносабати билан танишсак. Қолгани ҳақида қуйироқда гаплашамиз.

***

2019 йил 4 август куни «Xabar.uz» сайтида: «Энди Деҳқонобод! Ҳоким тадбиркорни «эзса», бундан халқ, ҳатто болалар жабр кўрса...» сарлавҳали мақола эълон қилинган бўлиб, унда «Бойқўрғон» МФЙ ҳудудида жойлашган «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозоридан 400 метр узоқликда «Бойқўрғон беклиги» номли янги бозор ташкил этилганлиги, мазкур бозордаги қушхонанинг ҳудуддаги нодавлат мактабгача таълим муассасасига салбий таъсири тўғрисида сўз боради. Шунингдек, «Бойқўрғон беклиги» номли бозор ташкил этилиши натижасида олдиндан фаолият юритиб келаётган «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозори раҳбари, тадбиркор Ҳамдам Маҳмудовнинг ҳуқуқлари поймол қилинганлиги ҳақида фикр билдирилган. 

Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати ушбу мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

Мазкур мақолада келтирилган ҳолатларни ўрганиш мақсадида туман ҳокимлигида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, 2019 йилнинг 6 август куни туман ҳокими, ДХХ туман бўлинмаси бошлиғи, туман прокурори, туман ИИБ бошлиғи ҳамда тумандаги масалага тегишли 27 та ташкилот раҳбарлари иштирокида янги бозор ҳудудида сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабулда маҳаллий аҳоли ва ҳудуддаги тадбиркорлар иштирокида мақоладаги ҳолатлар атрофлича ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида янги бозор ташкил этилиши эски бозор фаолиятига умуман таъсир кўрсатмаслиги аҳоли томонидан эътироф этилди.

Сайёр қабулда иштирок этган тадбиркор Ҳамдам Маҳмудовга тадбиркорлигини ривожлантириш учун туман ҳокимлиги томонидан ёрдам берилишини, тадбиркорнинг ўзи хоҳласа, янги бозор ҳудудида ҳам фаолият олиб бориши мумкинлиги тушунтирилди. 

Шу ўринда туман ҳокимлиги «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозорининг фаолият кўрсатмай қолишида туман ҳокимлигининг алоқаси йўқлигини эътироф этган ҳолда, мақолада келтирилгани каби «ҳоким бува»нинг тадбиркор фаолиятига аралашуви бўлмаганлигини, бозор тегишли меъёрлар талабига жавоб бермаганлиги боис масъул ташкилотлар хулосалари, бидириш хатлари асосида ҳозирги жойидан бошқа жойга кўчирилиши ҳамда замонавий қиёфада қурилиб, фаолият юритиши белгиланганлигини маълум қилади.

22 йил давомида аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган эски бозорнинг фаолият тўхтатишига келадиган бўлсак, бозордаги табиий офатларга қарши туриш ҳолати юзасидан туман ФВВ бўлими хулосаси берилган бўлиб, барча меъёрларга тўғри келмайдиган жиҳатлар кўрсатиб берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Гидрометрология хизмати маркази Қашқадарё вилоят бошқармаси берган хулосага кўра, мазкур озиқ-овқат бозори қулай ҳудудда қурилмаган. Мазкур ҳудуд тоғли ҳудуд ҳисоблангани боис, селлар мавсуми хавф солиб туради. Шу боисдан ҳам ушбу ҳудуддан озиқ-овқат бозори қуриш учун ижобий хулоса беролмасликлари маълум қилинган.

Мақолада «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозори таъсисчиси барча солиқларни ўз вақтида тўлаб боргани ёзилади. Бироқ, Ҳамдам Маҳмудовнинг 2018 йил ва жорий йилнинг 6 ойи давомида давлатга тўланадиган маҳаллий солиқ тушуми режасини бажармай келганлиги хусусида туман солиқ инспексиясининг маълумотлари тақдим этилган.

Янги ташкил этилган «Бойқўрғон Беклиги» бозорининг уч ҳафтада топширган солиқ тўлови эски бозор раҳбарияти тўлаб келган солиқдан бир баравар кўп эканлиги маълум бўлган. Демакки, эски бозор маъмурияти тўлаган солиқ, янги бозор таъсисчиси ташаббуси билан бир бараварга оширилган.

«Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ деҳқон озиқ-овқат бозорининг фаолият олиб бораётганига 22 йил бўлишига қарамай бозорда аҳоли учун бирорта қулайлик яратилмаган. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш учун савдо расталари қурилмаган, озиқ-овқат маҳсулотлари бозор атрофидаги очиқ майдонларда тупроқли ерда, ёйма тарзда ташкил этилган. Бундан ташқари гўшт, сут ва қандолат маҳсулотларини сотиш учун ёпиқ савдо расталари ташкил этилмаган. Бозор ҳудудидаги мавжуд озиқ-овқат расталари жуда кўримсиз ҳолда бўлиб, мол бозори кўринишини эслатади. Шунингдек, бозор ноқулай ҳудудда жойлашган бўлиб, селлар мавсумида бозорнинг икки томони сойликдан иборат бўлгани боис сойликларда сел тошқинлари содир бўлади.

22 йил давомида аҳолига хизмат кўрсатиб келган мазкур бозор шарт-шароити интернет сайтларида ҳам тилга олинган бозор ичкариси ибтидоий замон даврини эслатиши тилга олинган. Ва суратлар илова қилинган.

Мақолада келтирилган инсон ўлими билан боғлиқ ва «Ёқуб бобо» нодавлат мактабгача таълим муассасаси олдидаги қушхона масалалари бўйича туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан текширув ўтказилганда ҳеч қандай ҳолат аниқланмади.

Бугун республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Деҳқонободда ҳам тадбиркорларга кенг имконият яратилган. Тадбиркор Ҳамдам Маҳмудовга сел ҳавф солиб турган, бозор сифатида фаолият олиб бориш учун талабларга жавоб бермайдиган, эски иншоотлари фойдаланиш учун хавфли даражага келиб қолган бозор ўрнига янги, қулайликларга эга бозор қуриши лозимлиги ҳақида туман ҳокимлиги вакиллари томонидан таклиф берилган.

Мақолада ҳуқуқлари поймол қилинган дейилаётган тадбиркор Ҳамдам Маҳмудовга илгари ҳам туман ҳокимлиги томонидан бир неча бор бозорни қайта таъмирлаш, фуқароларга қулай, замонавий типда қайта қуриш масаласида тавсиялар берилган. Лекин тадбиркор йиллар мобайнида бирор марта ҳам ижобий ишларни амалга оширмагач, бу ташаббусни илгари сурган тадбиркорга имконият берилди. Шундай бўлса-да, туман ҳокимлиги Ҳамдам Маҳмудов каби тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини, Ҳамдам Маҳмудов ҳам аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳудуддан бозор қуриш таклифини билдирса, танланган жой аҳоли манфаатларига таъсир қилмаса, ҳокимлик ер ажратишга тайёрлигини, бозор таъсисчиси сифатида фаолият юритишини қўллаб-қувватлашини билдиради.

Деҳқонобод туман ҳокимлиги ахборот хизмати

***

«Xabar.uz»дан: жимжима гаплар билан муаммо ҳал бўлмайди!

Юқорида сайтимизда эълон қилинган «Энди Деҳқонобод! Ҳоким тадбиркорни «эзса», бундан халқ, ҳатто болалар жабр кўрса...»  сарлавҳали мақолага нисбатан  Деҳқонобод туман ҳокимлигининг муносабати (матн таҳрирсиз чоп этилди) билан танишдингиз. Мақолага нисбатан тезкор муносабат билдирилгани эътирофга лойиқ, албатта. Бироқ тезкор муносабат масалага самарали ечим топилибдида, деган хулосага олиб келмайди. Муаммо ҳамон кўдаланг турибди. Шу нуқтаи назардан туман ҳокимлиги муносабатига муносабат билдириш шартдай...

1. Бозорнинг фаолият кўрсатмай қолишида туман ҳокимлигининг алоқаси йўқлиги айтилмоқда. Ва бунга важ қилиб, туман ДСЭНМ бош врачи, туман солиқ бошқармаси бошлиғи, туман ФВВ бошқармаси бошлиқларининг хулосаси асос қилиб келтирилган. Бу ташкилотлар бевосита туман ҳокимлигига нисбатан юқори ташкилот ҳисобланмайди. Демак, улардан тадбиркор фаолиятига қарши хулосаларни олиш мураккаб вазифа эмас.

Нима сабабдан тумандаги бозорни ёпиш учун вилоят ДСЭНМ ёки вилоят ФВВ бошқармасининг хулосаси олинмагани, уч марта огоҳлантириш асосида ва МЧЖнинг барча таъсисчиларининг розилиги билан бозор тугатилмагани сўралганида, таҳририятга вилоят ФВВ бошқармаси раҳбари номга «Қашқадарёгидромет» бошлиғининг хати тақдим этилди. Қизиғи, бу хат танқидий мақола чоп этилганидан кейин бир неча кун ўтиб, 9 августда имзоланган.  Ваҳоланки, бозор фаолияти аллақачон (июнь ойида) тўхтатиб бўлинган!

Тадбиркор фаолияти аввал тўхтатилиб, кейин унга қарши ҳужжат тўплашми бу?!

Қолаверса, эски бозор ҳудудида сел хавфи борлиги билдирилса-да, бозордан пастроқдаги сув ўтадиган ариққа яқин бўлган эски молхоналар ҳалигача турибди. Бу узоқ йиллардан бери ҳудудга сел келмаганини исботламайдими?

2. Ҳокимлик муносабатида «Ёқуб бобо» нодавлат мактабгача таълим муассасаси олдидаги қушхона масалалари бўйича туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан текширув ўтказилганда ҳеч қандай ҳолат аниқланмади, дейилади. Бу ҳолат бўйича видеофакт борлиги билдирилгач, таҳририятга янги бозор раҳбарининг туман ҳокими номига ёзилган хати тақдим этилди. Хатда мол бозорининг аҳоли гавжум жойдан 70 метр жойдан узоқликка кўчириш режалаштирилаётгани айтилади. Қизиқ, «ҳеч қандай ҳолат аниқланмаган» бўлса, нега мол бозорини кўчириш ҳақида хат уюштирилди?

Бу хатга ҳам ҳолат ҳақида бонг урилганидан кейин — 8 августда имзо қўйилган.

3. Туман ДСИ бошлиғи томонидан бир йиллик солиқлар тўланмаган дейилилади. Аммо тадбиркор ўзида солиқлар тўлиқ тўланганлигини исботловчи ҳужжатлар мавжудлигини билдирмоқда.

Демак, бу масала ҳам ҳамон баҳсли.

4. Деҳқонобод тумани ДСЭНМ бош врачининг хулосасида «эски бозор санитария талабларига жавоб бермайди» дейилган. Янги бозор-чи? У санитария талабларига жавоб берадими? Бу саволга «тўғри, бу бозор ҳам талабга жавоб бермайди, лекин эскисидан нисбатан яхшироқ» деган жавобни олдик.

Антиқа «оқлов», шундай эмасми?

5. Муносабатда тадбиркорга янги жой, кредит таклиф қилингани, аммо тадбиркор бундан бош тортгани айтилади. Бу важга асос сўралганида таҳририятга ҳокимнинг «Турсунхон Бибизулайхо» МЧЖ бозори раҳбари, тадбиркор Ҳамдам Маҳмудовга ер ажратиш мумкинлиги ҳақидаги хати тақдим этилди.

Бу хат ҳам 9 августда имзоланган. Бу ҳолат танқидий мақола эълон қилингунига қадар тадбиркорга аниқ таклиф билдирилмаганини англатмайдими?

Қолаверса, кечикиб билдирилган таклифда кўрсатилган ер майдони маҳаллий аҳолининг боришига ноқулай жой экани, ёзда тупроқ, қишда ботқоқлик бўладиган ҳудуд экани айтилади. Бу ҳам батафсил ўрганишни талаб этадиган баҳсли масала. Ахир, ростдан ҳам, бозор қулай жойда жойлашмаса, у ҳар қанча замонавийлаштирилмасин, унга пул тиккан тадбиркорларнинг косаси оқармайди.

Хуллас, масала ҳамон чигал. Томонлар ўз хато ва камчиликларини тан олгиси келмаса, тақдим этилаётган маълумотларда сохтакорлик бўлаверса, масала ечим топиш ўрнига савол кетидан савол келиб чиқаверади ва муаммо шундоғича қолаверади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг