Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Женева университетини ҳам «рўйхат»га қўшиб қўйинг» — Жалолиддин Хушвақов

«Женева университетини ҳам «рўйхат»га қўшиб қўйинг» — Жалолиддин Хушвақов

«Xabar.uz» хориждаги ватандошлар билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз — Швейцариянинг Женева университетида биоорганик кимё йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олаётган Жалолиддин Хушвақов.

— Жалолиддин, нега кимё соҳасини танлагансиз?

— Ота-онам ўқишимиз қатори, ҳунар ўрганишимиз, тажриба тўплаб, муомала маданиятини эгаллашимизга жиддий қарашган. Дадам кичиклигимиздан, ойлик бермаса-да, иш ўргансин деб турли жойларга шогирдликка берарди. Ўқувчилик йилларим мактабдан бўш вақтларимда бир муддат кафеда, сўнг новвойхонада ишлаганман.

Кейин адашмасам, мактабда 8-синфни тугатиб, ёзги таътилда соч шампуни чиқарувчи корхонада иш ўрганувчи бўлгандим. У ерда Мухтор ака деган кимёгар-технолог бўларди. Лабораторияда соч бўёқлари ва геллар тайёрларди. Рус, инглиз, турк тилларини биларди. Хорижга хизмат сафари билан кўп кетарди. Ўша пайтлар кимёгар-технолог бўлсам, тил ўргансам, мен ҳам Мухтор акага ўхшаб дунё кезаман деган ҳавас уйғонган.

Умуман, лабораториядаги кимёвий реакциялар, жараёнлар мени қизиқтириб қўйганди. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Миллий университетининг кимё йўналишига ҳужжат топшириб, ўқишга кириб, бакалаврни тугатиб чиқдим. Энди эса Ислом Каримов фонди гранти ғолиби сифатида Швейцариянинг Женева университетида биоорганик кимё йўналиши бўйича магистратурада ўқияпман.

— Нима учун айнан Швейцарияда ўқишга қарор қилдингиз?

— Бакалаврда ўқиб юрган кезларимдаёқ хорижда таҳсилни давом эттириш орзуим бўлган, лекин, тўғриси, у пайтлар Швейцарияни ўйлаб кўрмаган эканман.

Ислом Каримов фонди гранти танловида иштироким жараёнида фонд маъмурияти Швейцариянинг таълим имкониятлари ҳақида тавсия беришган. Ўша вақтда 7 та олийгоҳга ҳужжат топширгандим. Улардан биттаси Эразмус дастури, биттаси Швейцария ва бештаси Германиядаги университетлар эди. Женева университетига қабул қилинишни орзу қилган бўлсам-да, киришимга кўп ҳам кўзим етмаган. Чунки, ютуқларим мақтанадиган даражада эмас эди.

Ниҳоят, Женевадан ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида хат келгач, жуда ҳам хурсанд бўлганман. Ҳозир стажировкани университетининг ўзида ўтаб келяпман.

Стажировка давомида электрод сиртига энзимларни бириктириб, водород ва дейтерийнинг энзимга таъсирини ўрганмоқдаман. Бу иш аслида катта лойиҳанинг бир қисми. Асосий мақсад худди шу усулда саноат миқёсида энг кўп ишлатиладиган аммиак олиш технологиясини яратишдир.

— Женева университети қандай таълим имкониятларини беради?

— Женева университети узоқ тарихга эга: 1559 йили Жан Кальвин томонидан асос солинган. Дунёнинг 100 та энг яхши университети рўйхатига киради. 150 дан ортиқ мамлакатлардан 17 мингга яқин талабалар таҳсил олмоқда. Ҳар йили битирувчилари жаҳоннинг нуфузли ташкилотларига ишга қабул қилинади.

Университетнинг менга энг маъқул жиҳати — талабаларга эркинлик берилиши. Талаба ўз соҳасига тааллуқли бўлмаган жойларда ҳам амалиёт ўтай олади. Университет маъмурияти, қаршилик кўрсатиш у ёқда турсин, талабанинг хоҳишини ҳар томонлама, ҳатто моддий тарафдан ҳам қўллаб-қувватлайди.

Хуллас, хорижда ўқиш ниятидаги ватандошларимга Женева университетини ҳам «рўйхат»га қўшиб қўйишни тавсия қиламан.

— Сизнингча, кимёнинг бугунги кундаги аҳамияти қай даражада?

— Кимё фанининг эртаси йўқ, дегувчилар, албатта, етарлича. Ҳатто ўзимга ҳам кимёда ҳамма нарса ўрганиб бўлингани, янги кашфиётлар қилиш қийинлиги ҳақида кўп гапиришган. Аслида ундай эмас. Кимё фанида ҳали очилмаган нарсалар кўп. Ҳатто, кимёни аҳамияти бўйича ахборот технологиялари соҳасига тенглаштирган бўлардим. Бугунги глобал муаммо — коронавирусни мисол келтиришим мумкин. Айнан коронавирусга қарши курашда табиий фанлар вакиллари, хусусан, тиббиёт ходимлари биринчи қаторда туриб хизмат қилишмоқда. Шунингдек, вирусга қарши вакцинани яратиш ҳам табиий фанлар соҳаси вакиллари зиммасида.

Шу нуқтаи назардан, кимё соҳасига эътиборни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ кучайтиришни даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

— Яқинда ижтимоий тармоқдаги саҳифангизда сунъий гўшт ҳақидаги маълумотга кўзим тушди...

— БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига кўра, 2050 йилда дунё аҳолиси 9 млрд.дан ошади, гўштга талаб эса бугунги кунга нисбатан 70 фоиз кўпаяди.

Аммо бунча гўшт билан таъминлашга дунёнинг ер ва сув ресурслари етарли эмас. Шунинг учун ҳам олимлар биотехнология ёрдамида сунъий гўшт ишлаб чиқариб, гўшт танқислиги ва яна бир қатор муаммоларга ечим топишга уринишмоқда.

Сунъий гўшт нима ўзи?

Биз шу пайтгача истеъмол қилиб келган гўштлар ҳайвон ҳужайраларида ўсади. Биотехнология ёрдамида олинадиган сунъий гўшт эса ҳайвонлардан юқори сифатли ҳужайраларни ажратиб олиб, улар ўсиши ва кўпайиши учун зарур бўлган озуқалар билан озуқалантирилади. Олинган ҳужайралар тўплами гўшт ҳолатига келтирилади.

Маълумотларга кўра, сунъий гўшт ишлаб чиқариш учун бугунги кунга нисбатан 90 фоиздан зиёд кам ер майдони ва 96 фоизга кам сув сарфланади. Ушбу юқори самарадорлик ўсиб бораётган популияцияни барқарор равишда реал гўшт билан таъминлашга имкон беради.

Ҳар бир босқич юқори сифатли маҳсулот олиш учун хизмат қилади. Натижада бу ҳозирги кунда глобал муаммоларга сабаб бўлаётган ҳайвонлардан тарқаладиган вирусларни назорат қилиш имконини бериши мумкин. Бундан ташқари, овқат натижасида юзага келадиган бошқа муаммолар ҳам ўз ечимини топади.

Чорвачилик қишлоқ хўжалигидаги иссиқхон газларининг ўртача 15 фоизини ишлаб чиқаришини ҳам унутмаслик керак. Бу тахминан барча автомобиллар ва самолётлар ишлаб чиқарадиган иссиқхона газларига тенг кўрсаткич! Сунъий гўшт иссиқхона газлари чиқиндиларини 96 фоизга камайтириш билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатларини бартараф этишда ёрдам бера олади.

Аммо, сунъий гўшт сифат жиҳатидан табиий гўштга тенглаша олмайди, буниям тан олишимиз керак.

— Албатта, бўш вақтларингизда ҳам бекор ўтирмасангиз керак?

— Янги нарсаларни ўрганишга қизиқаман. Яхшиям онлайн дарслар, хусусан, ютуб платформасидаги фойдали видеолар бор.

Олти ой олдин Телеграмда кимё соҳасига доир блог юритишни бошладим. Мутахассислигимга доир янгиликларни асосан инглиз ва рус тилларида ўқишга мажбур бўлганим бунга сабаб бўлди. Блогим орқали кимё соҳаси янгиликларини ва ўзим учун қизиқ туюлган маълумотларни ўзбек тилида баҳолиқудрат улашиб боряпман.

Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг