Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳукумат кўнмаса, Давлат бюджети қайтарилиши мумкин

Ҳукумат кўнмаса, Давлат бюджети қайтарилиши мумкин

Фото: norma.uz

Айни кунларда Қонунчилик палатасида 2020 йилга мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар муҳокамасидан ўтмоқда, деб ёзмоқда Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев.

«Бу сафар Давлат бюджети қонун сифатида қабул қилинади.

Таъкидлаш жоизки, бюджет лойиҳасига депутатларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш устида Ҳукумат билан музокаралар олиб борилаяпти.

Масалан, ҳамкасбимиз Абдурашид Абдуқодиров ҳукуматдан барча ўрта таълим мактабларига етарли миқдорда лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ва эскирган ўқув ускуналарини алмаштириш бўйича маблағларни кўпайтиришни талаб қилмоқда.

Камина ўз ўрнида сайловолди дастурдаги режамдан келиб чиқиб, барча таълим муассасаларини оптик толали интернет билан таъминлаш учун етарли маблағ кўзда тутилишини, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан фуқароларнинг кўчмас мулклари бузилиши натижасида ҳамон қоплаб берилмаган компенсация пулларини марказий бюджет ҳисобидан бўлса ҳам тўлаб бериш учун алоҳида маблағ ажратилишини сўрамоқдаман.

Шунингдек, депутатлар тиббиёт, қурилиш, транспорт, солиққа тортиш билан боғлиқ масалаларда бюджет лойиҳасини «корректировка» қилишмоқда. Ҳукумат кўнмаса, лойиҳа ўтмаслиги ҳам мумкин, бу бор гап. Ҳар қалай ўтган йиллардаги усуллар яхшигина сабоқ бўлган бизга.

Агар ҳаммаси жойида бўлса, пайшанба куни, 21 ноябрда депутатлар ялпи мажлисда 2020 йил учун Давлат бюджетини қабул қилишлари мумкин. Кўрамиз...», деб ёзади депутат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг