Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган бўлиши керакми? Китоб ўқиган ҳокимдан жавоб

Ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган бўлиши керакми? Китоб ўқиган ҳокимдан жавоб

Фото: Xabar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев бекорга амалдорлардан китоб ўқишни талаб қилмаган эди. Китоб ўқиган одам билан суҳбатнинг яхши томони шундаки, биринчи марта кўришиб турган бўлсанг ҳам, умумий мавзу топа оласан. У хоҳ тарих бўлсин, ёки бирор илмий соҳа, қайсидир адабиётда келган бўлади, барибир. Шундай эмасми?

Узун туман ҳокими Баҳром Турсунов билан суҳбатимиз шу боис бошиданоқ юришиб кетди. У турли асарлардан келтираётган иқтибосларнинг баъзиларини, очиғини айтсам, ўзим ҳам дабдурустдан эслай олмадим. Ҳа, адабиёт улкан уммон, унга қанча шўнғима, сендан чуқурроқ кетганлар албатта топилади. Аммо Баҳром Турсунов билан суҳбатимиз (таассуфки) бадиий асарлар эмас, ҳокимлик ишлари ҳақида бўлди.

— Ҳозир «янгиланаётган Ўзбекистон» ва «Янги Ўзбекистон» деган атамалар урф бўлмоқда. Сизнинг тушунчангизда бу нима дегани?
— Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келгани ҳамоно иккита институт жорий этилди — «Халқ қабулхонаси» очилди ва ҳудудлар тўртта секторга бўлинди. Бу икки институт бир-бири билан узвий боғлиқ. Айтайлик, ҳоким «Халқ қабулхонаси»да фуқаролар дардини эшитиши мумкин, аммо 174 000 кишининг муаммосини ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди. Секторлар раҳбарлари эса ўзаро келишиб, ишни тўғри йўлга қўйишлари мумкин.

Бу ташаббус бизга нима берди? Яхши биламиз, тўрт йил олдин давлат ва халқ бир-биридан ажралиб қолган эди. Юқоридаги мансабдорлар қуйидаги фуқароларнинг дарди-ҳасратини эшитмай қўйганди, оқибатда турли муаммолар ва норозиликлар пайдо бўлганди. Жамият деярли инқироз ёқасига келиб қолганди. Президентимизнинг ташаббуси билан мана шу инқирознинг олди олинди — қабулхоналар халқ ва давлат ўртасидаги кўприк бўлди. Тўғри, балки ҳозир ҳам муаммолар бордир, аммо энг каттасининг олдини олганимиз рост. Мавжуд камчиликлар эса кун ўтгани сари бартараф этилмоқда. Менинг тушунчамда янгиланаётган Ўзбекистон мана шу бўлади. Яъни, биз — ҳокимият вакиллари халқ билан баҳамжиҳат ишлашни ўргандик. Умид қиламанки, бу ҳамжиҳатлик ватанимиз равнақига пойдевор бўлади.

—Яқин вақтларгача ҳоким деганда энг аввало пахта ва ғаллага масъул бўлган одамни тушунардик. Ўзбекистон янгиланмоқда, табиийки ҳокимларнинг вазифаси ҳам ўзгарди, аниқроғи, мантиқий кўриниш касб этди. Сиз ўз зиммангиздаги ваколат ва масъулият ҳақида нима дея оласиз?
— Очиғи, бу саволингизнинг жавоби ўзи билан. Ҳоким пахта ва ғалладан бўшаб, ўз вазифасини бажараётганига энг аввало тизим ўзгаргани сабабчи. Тўғрисини айтганда, илгари нафақат ҳоким, балки ҳудудлардаги барча соҳа пахта, деб яшар эди. У ИИБ бўладими, ёки прокуратура, ундан энг аввало пахта талаб қилинган. Пахта ишига мактаблардан тортиб, шифокорлару тадбиркорлар ҳам масъул бўлишига сабаб шунда.

Вазият анча оғир эди. Минерал ўғитлар етиб келмасди, ёқилғи қора бозорда сотиларди. Манфаат бўлмагани учун фермер далага бормай ҳам қўяверарди. Пахта эса ҳокимдан, ИИБдан ва прокуратурадан талаб қилинарди. Шу сабабли иложи йўқликдан бюджет ходимлари пахтага чиқариларди. Энг ёмони, фермерга пахта етиштириш учун кредит ажратилган. Ўша қарзни вақтида ёпиш керак ва унга ҳам биз жавоб берардик.

Энди эса вазият тубдан ўзгарди, ҳокимларга талаб ҳам бошқача қўйилмоқда. Қишлоқ хўжалигига кластер тизими кириб келди. Кластер пул тикади, демакки ўзи манфаатдор. Ҳоким ҳам, прокурор ва ИИВ ҳам кластер ва фермер ўртасидаги муносабатга аралашгани йўқ. Кластер фермер билан шартнома қиляпти ва уруғ етказиб беришдан тортиб, йиғиб олишга қадар бўлган вазиятни ўзи назорат қилмоқда. Биз фақат бир вазиятда аралашишимиз мумкин — қачонки кластер ва фермер ўртасида низо келиб чиқса, ўшани ҳал қиламиз. Ўзаро келишиб ишлашса, ҳеч қандай эътироз йўқ.

Бу тизим кўплаб муаммоларни ҳал қилди. Тан олиш лозим, илгари қўшиб ёзиш ҳолатлари учраб турарди. Кластер тизимига ўтгач, мана шу иллат йўқ бўлди. Боиси, қўшиб ёзишдан кластерга наф йўқ. У қанча пахта етиштирмасин, барибир ўзи қайта ишлайди ва тайёр маҳсулот кўринишида сотади. Қўшиб ёзиб кимни алдайди, ўзиними?

Илгари пахта шунчаки чигитдан ажратилиб, «той пахта» даражасига олиб келинган ва четга сотилган. Арзон-гаровга. Натижада қўшимча иш ўринлари ҳам бўлмасди, солиқ тушумлари ҳам. Кластер пахтани тайёр маҳсулот кўринишига келтириб, ўзи ҳам фойда олмоқда, давлатга ҳам манфаат келтиряпти.

Яна бир масала — кластер техникани ўзи сотиб олади. Илгари техника давлатники бўлган, шу сабабли уни эхтиёт қилишни биров ўйламаган. Ҳозир эса техникани авайламаган, уни ўз ўрнида ишлатмаган одам кластерда бир кун ҳам қолмайди. Бир сўз билан айтганда, қишлоқ хўжалигида ислоҳот ўтказилиши натижасида ҳокимларга қўйилаётган талаб ҳам ўзгарди.

Ҳокимнинг бирламчи вазифаси — фуқаролар фаровонлигини ўйлаш. Ишсизлик — камбағалликни келтириб чиқарувчи асосий омил. Ким нон берса, ўша одамнинг ҳурмати юқори бўлади. Буни ҳаммамиз яхши биламиз, азалдан шундай бўлиб келган. Бизнинг асосий вазифамиз — иш ўринлари яратишдан иборат. Ҳозир ҳокимларга қўйилаётган талаб шундай. Бизнинг зиммамиздаги масъулият шунчаки пахта ва ғалла етиштиришга нисбатан анча юқори туради. Ҳокимлар тумандаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилиши, сармоя олиб келиши ва ҳудудни кўтариш учун лозим бўлган барча ишни бажариши шарт.

— Узун тумани энг четда жойлашган ҳудудлардан бири. Ишсизликни камайтириш учун нималар қиляпсиз?
— Президентимиз шу вақтга қадар қайси лавозимда фаолият юритган бўлмасин, ҳар доим халқ ичида юрган. Шу сабабли вазиятни ҳам анча-мунча мутасаддидан яхшироқ билади. Қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалла экилиб, мутлақо манфаат келтирмайдиган ерлар бор эди. Президентимиз ташаббуси билан шундай ерлар ҳисобдан, «оборот»дан чиқарилди. Мана шу ерларни ишсиз фуқароларга бўлиб берганмиз. Шўр жойларга зовур қазилди, сувсизларига артезиан қудуқ кавланиб, сув чиқарилди. Натижада 1200 гектар ер фуқароларга бўлиб берилган бўлса, яна 600 гектари фойдаланишга қайтарилди. Бу ишларни ҳали яна давом эттирамиз. Ери бор одам, ҳаммамиз яхши биламиз, бой одам ҳисобланади. Насиб қилса яқин вақтларда Узунда бойлар сони ошади.

Шунингдек иш ўринлари яратишда кичик бизнеснинг ўрни жуда катта. Туманда якка тадбиркорлик, ўзини-ўзи банд қилиш, касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Кичик саноат зонасида 13 та лойиҳа бўлиб, 100 дан ортиқ фуқаролар иш билан таъминланган. Ҳозир яна битта кичик саноат зонаси очиш бўйича иш олиб боряпмиз.

Яна бир йўналиш — дарё ўзанида балиқчиликни йўлга қўймоқдамиз. Бу ҳам ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлиги ва туман салоҳиятини оширишда катта ўрин тутади.

— Ҳокимликнинг юки қанақа? «Ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган» бўлиши керакми?
— Шу саволга жавоб беришдан олдин бир нарсани айтиб кетсам майлими? Мен ички ишлар тизимидан чиққанман, ҳокимликка қадар бир қатор туманларда, хусусан Узун туманида ҳам раҳбар лавозимларда ишлаганман. Ўша вақтларда тумандаги энг оғир ишни мен бажараман, деб ишонардим. Қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш менинг зиммамдаги вазифа эмас, деб ўйлардим. Ҳоким бўлганимдан сўнг энди аниқ биламанки, энг оғир иш ҳокимнинг зиммасидадир. Президентимиз бекорга «ҳокимлар менинг ҳудудлардаги вакилим», деб айтмаган экан.

ИИВда сиз қиладиган иш аниқ, контингент битта — жиноят қилган ёки жабрланган инсон билан ишлайсиз. Ҳоким бўлганимдан сўнг эса иш ҳажми жуда ошиб кетди. Айтайлик, олдимга бир инсон келди — унинг на уй-жойи бор ва на ёрдам берадиган қариндош-уруғи. Кўмак берадиган ягона одам фақат сиз ва у бор умидини сизга қадаб туради.

Ҳокимнинг иши осон, ҳамма унинг айтганини қилади, деб ўйлашади. Ҳақиқатан ҳам, ҳамма ҳокимнинг айтганини қилади. Аммо масъулиятчи? Унинг ўрни қанчалик катта? Бояги одамни уй билан таъминлаш ҳам ҳокимнинг зиммасида. Аммо ҳеч ким четдан туриб ёрдам қўлини чўзмайди.

— Шундай одамларни қандай қилиб уй билан таъминлаяпсиз?
— Ҳокимликнинг юки ҳам шундай, у нафақат буйруқ беради, балки кимнидир ака дейди, кимнидир эса ука. Нима қилиб бўлса ҳам туманнинг ривожи учун йўл топади. Давлатимизга раҳмат, ҳозирда тадбиркорларга кенг йўл очиб берилган. Шукрки, одамларимиз савобталаб, саҳоватпеша. «Кўпники кўлни тўлдиради» — агар муҳтож одам битта бўлса, унга ёрдам бераман деганлар юзлаб топилади. Биздан талаб қилинадигани фақат уларни мувофиқлаштириш холос. Туманда саҳоватпеша одамлар ёрдами билан муҳтожлар учун 21 та уй қурдик. Керак бўлса, яна қурамиз.

— Ҳокимнинг шахсий ҳаёти қандай кечади? Иш шунча кўп экан, оила учун ҳам вақт ажрата оласизми?
— Тўғрисини тан олишим керак, шу нарса сал муаммо. Ишимиз шу қадар кўпки, ўйлаб қарасам, бирор марта оилам билан концертга тушмаган эканман. Катта қизим бу йил еттинчи синфга борди, шу вақт ичида еттита жойга кўчибмиз ва у ҳам еттита мактаб алмаштирибди. Фарзандларим ким билан дўст бўлишни ҳам билишмайди. Баъзан шундай бўладики, қариндошларнинг тўйига оилавий боришга келишиб оламиз ва улар уйда тайёрланиб, кутиб туришади. Аммо менинг ишим чиқиб қолади ва бора олмай қоламиз. Шунақа ҳолатлар ҳам бўлган. Бироқ минг шукрки, оилам томонидан бирор марта менга эътироз бўлмаган. Менинг асосий кучим ҳам шунда, ҳар қанча қийинчилик бўлмасин, уйда қўллаб турадиганлар борлигини биламан.

— Иш шунча оғир экан, ташлаб кетсангиз бўлмайдими? Ана, давлат томонидан тадбиркорларга яратилаётган имкониятларни ўзингиз ҳам айтиб турибсиз, бирор соҳани эгалласангиз бўлади-ку!
— Гапингизда жон бор, аммо ишимиз сиз ўйлаганчалик фақат қора бўёқларда эмас. Тўғри, кўп ишлаймиз, аммо биз аввало шунга тайёр бўлиб, сўнгра соҳага келганмиз. Кейин, баъзан шундай ҳолатлар бўладики, ҳамма чарчоқлар чиқиб, қилган ишингиздан рози бўлиб кетасиз. Аввал ИИВ тизимида ишлаганимни айтдим, у ерда ҳар доим ё биров бировни урган бўлади ёки ниманидир ўғирлаган. Урганни жазолаб, ўғирланган буюмни топиб берган тақдиримда ҳам кимдир барибир норози бўлиб қолади. Ахир жиноятчини қамашга мажбурмисиз? Мажбурсиз. Демак унинг зор қақшаганини ҳам эшитасиз. У адашиб қилганми ўша ишни, ёки бошқа сабаб борми, қонун — барибир қонун! Бажариш шарт. Аммо кўнгилхиралик қолиши ҳам бор гап.

Ҳокимлик ишида эса биз одамларга ёрдам берамиз. Кимнингдир ишини ҳал қилиб берамиз, мол-ҳол олишига ёки боя айтганимдек уй қуришига қарашамиз. Уй — ҳар қандай инсоннинг бир умрлик орзуси, кичкинагина ватани. Узоқ йиллар қийналиб уй олган одам шунақа хурсанд бўлади, Президентимиздан тортиб, ҳокимликдаги оддий одамларгача раҳмат айтиб, йиғлаб дуо қиладики, барча қийинчиликлар эсдан чиқиб кетади.

Мана шунақа вазиятлар учун ҳам ҳар қанча ишласа арзийди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг