Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ҳокимларни депутат ва сенатор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак»

«Ҳокимларни депутат ва сенатор бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш керак»

Фото: Twitter

Twitter платформасида ташкил этилаётган туркум аудиочатларнинг навбатдагиси ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш масаласига бағишланди.

Мулоқотга Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев, Сергели туман ҳокими Элбек Шукуров, Конституциявий комиссиянинг эксперти, юридик фанлари доктори Хайрулло Рўзметов, Учтепа тумани кенгаши депутати Нуриддин Зайниддинов ва бошқалар таклиф этилди.

Мулоқотда бошловчилик қилган Ҳикматилла Убайдуллаев аудиочатдан кўзланган мақсад ҳақида гапирар экан, қайсидир ҳокимнинг фаолияти эмас, балки ҳокимият бўлиниши принципи, яъни, ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш бўйича ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлиш, муҳокамалар асносида янги фикр ва таклифлар туғилишига замин яратиш муҳим эканини қайд этди.

«Амалдаги тизим ҳокимлар ва маҳаллий кенгашларнинг ўз вазифаларини бажаришига ёмон таъсир қиляпти — маҳаллий депутатлар ҳудудлардаги ислоҳотларга деярли аралаша олмаяпти. Янги тизим ҳокимлар устидан халқ назоратини кучайтиради.

Маҳаллий кенгаш раиси мустақил бўлиши учун, ҳокимни тийиб туриши учун биринчи навбатда, молиявий мустақил бўлиши керак. Шу боис Конституцияга киритиладиган ўзгаришлар фонида шу каби масалаларга ҳам аниқлик киритилиши мақсадга мувофиқ», — деди модератор.

Одилжон Тожиев:

Амалдаги Конституцияда ҳокимларга маҳаллий кенгаш раислигининг юкланиши — кафолатланган депутатлик ўрнини келтириб чиқаряпти. Тан олиб айтиш керак, бир пайтлар бу нарса керак бўлган, аммо ҳозирги кунда у ўз долзарблигини йўқотди. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу бўйича кўплаб эътирозлар билдирилди, яъни, ҳоким қандай қилиб ўзи ҳисобот берувчи органга раҳбарлик қилиши, содда қилиб айтганда, у ўзига ўзи ҳисобот бериши мумкин? Конституциядаги шунга ўхшаш мақтиққа зид ҳолатларга барҳам берилмоқда.

Дониёр Ғаниев:

Дунё тажрибасида ҳомиятлар бўлиниши — халқ манфаатларига хизмат қиладиган асосий восита сифатида ўз исботини топган. Ҳаттоки, энг авторитар давлатларда ҳам, масалан, Хитойда ҳам коммунистик режим бўлишига қарамай, ҳокимият бўлиниши принцини сақлаб қолинган.

Охирги йиллардаги давлат ва жамият бошқарувидаги ўзгаришлар натижасида сўз эркинлиги, жамоатчилик назорати шаклланди. Одамларимиз бу борадаги ислоҳотларни талаб қила бошлашди. Айнан ижро ҳокимияти ва вакиллик органларининг ажратилиши жамоатчиликнинг асосий талабларидан бири бўлди.

Конституция қабул қилингач, бир қарор қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишга тўғри келади. Аслида амалдаги қонунчиликка кўра, ижро ҳокимияти органларига депутатликка сайланиши мумкин эмас. Фақатгина ҳокимларга истисно тариқасига рухсат этилган. Сайлов кодексига ўзгартириш киритиш чоғида ҳокимларнинг депутатликка сайланиш ҳуқуқини олиб ташлаб, кенгаш олдидаги ҳисобдорлиги белгиланиши керак. Мантиқан олиб қараганда, кенгашларнинг вазифаси битта — ижро ҳокимиятини назорат қилиш.

Бу мантиқсизлик фақатгина маҳаллий кенгашда эмас. Юқори парламентимизда ҳам бунинг қисман таъсири бор. 14та ҳудуднинг раҳбарлари бир пайтнинг ўзида Сенат вакили ҳам ҳисобланишади. Бу ҳам юқоридаги масаланинг узвий давоми. Агар Сайлов кодексида улар депутат бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилинадиган бўлса, ўз-ўзидан сенатор бўлиш ваколати ҳам бўлмайди. Бу эса халқ вакилларининг ижро ҳокимияти устидан самарали назорат ўрнатишида муҳим рол ўйнайди.

Элбек Шукуров:

Конституцияга киритилаётган ўзгартишларни ҳоким сифатида қўллаб-қувватлайман. Негаки, ҳокимият бўлиниши бу — парадокс ҳолат. Маҳаллий кенгаш ижро ҳокимиятини тийиб туриш механизми ҳисобланади. Янги тизим ҳокимларга эмас, халқ учун жуда манфаатли бўлади. Ўз фаолиятимдан келиб чиқиб шуни айта оламанки, вакиллик органи раиси ҳоким бўлса, депутатлар ҳам у ёки бу соҳада меҳнат қилаётган давлат хизматчиси бўлгани учун манипулация қилиш имконияти мавжуд бўлади.

Амалдаги тизим айрим қарорларни кенгашдан тезроқ ўтказиб, халқ манфаати учун йўналтиришда қўл келиши мумкин, аммо иккинчи томондан, ҳоким ўз манфаатини кўзласа, бу халқнинг зарарига ишлайди. Манфаатлар тўқнашуви келиб чиқмаслиги учун ҳам ҳокимлар кенгаш раиси бўлмаслиги лозим, деб ҳисоблайман.

Хайрулло Рўзметов:

Конституцияга киритилаётган ўзгариш мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаёти учун тизимли ўзгаришларга олиб келади.

Савол туғилиши мумкин, нима учун илгари бундай тартиб киритилган ва энди ўзгартириляпти? Чунки мустақилликнинг илк йилларида мамлакат учун энг асосий масала – тинчликни асрашдан иборат эди. Яъни, ўша пайтда марказлашган давлат зарур эди ва бу қарор тўғри бўлган. Демократик ислоҳотларнинг янги босқичида эса ижро ҳокимияти ҳамда вакиллик органларини алоҳидалаш эҳтиёжи пайдо бўлмоқда. Ҳокимлардан маҳаллий кенгаш раҳбарлиги олинса, ҳудудлардаги жуда масалалар соғломлаштирилади.

Мулоқот жараёнида жамоатчилик вакиллари ҳам фаол қатнашди. Хусусан, блогерлар Нурбек Алимов, Ферузхон Ёқубхўжаев, тадбиркор Зафар Ҳошимов, иқтисодчи Отабек Бакиров ва бошқалар мавзу бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирилдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг