Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳоким ҳайдовчиси президент олдида уста сифатида кўриниш берди

Ҳоким ҳайдовчиси президент олдида уста сифатида кўриниш берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Фурқат туманидаги «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида бўлганида олинган суратда ўймакор уста либосида туман ҳокимининг ҳайдовчиси турганлиги қайд этилган хабар эълон қилинди.

Сўнг эса Президент билан мулоқот қилган яна бир уста тумандаги 21-мактаб директор ўринбосари экани ҳақида чиқишлар пайдо бўлди.

Ҳолатга Фурқат тумани ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳ берди.

«Ҳақиқатдан ҳам, расмда кўзга ташланган шахс Фурқат туман ҳокимининг ҳайдовчиси Илҳом Аҳмаджонов бўлиб, у Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг шогирдларидан биридир. Илҳом Аҳмаджонов бир йилдан бери Фурқат тумани ҳокимлигида ҳайдовчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. Аввалдан ўзида ўймакорликка, дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб, туманга келгач «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида миллий ёғоч ўймакорлиги санъати ўрганиш имконияти мавжудлигидан фойдаланиб, шогирд сифатида ҳунар сирларини ўргана бошлаган. Кечаги ташрифда ҳам корхонада доимий фаолият олиб бораётган усталардан ташқари Ҳунармандлар мактабининг қатор ўрганувчилари ҳам бўлишганини эътиборга олганда, Илҳом Аҳмаджоновнинг ҳам улар қаторида у ерда бўлиши табиий ҳолатдир. Айтиб ўтиш керакки, Муҳаммадали Юнусовнинг корхонасида ўймакорлик ўрганаётган шогирдларнинг кўплари бошқа касб ҳамда иш эгалари.

Давлат раҳбари билан мулоқот қилган Илҳомжон Сулаймонов, фаолияти давомида мактабда меҳнат фанидан ўқитувчи бўлган, ўқувчиларга дурадгорлик ва ўймакорлик бўйича сабоқ берган. Ҳозирда тумандаги 21-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича 0,75 ставкада директор ўринбосар бўлиб ишлаб келади. Узоқ йиллардан бери амалий ўймакорлик билан шуғулланади, «Уста Юсуфжон наққош» оилавий корхонасида тушдан кейин уста-ўргатувчи лавозимида ишлайди, 10 нафар шогирд бириктирилган», дейилади изоҳда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг