Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

«Green Card»: нега миллионлаб ёшлар Америкага кетишни истамоқда?

«Green Card»: нега миллионлаб ёшлар Америкага кетишни истамоқда?

Коллаж:«Xabar.uz»

Талвасами, мажбурлик?

«Ёшлар овози» сайтида журналист Холбой Қосимовнинг «Green Card» талвасаси» номли мақоласини ўқиб қолдим. Мақола қуйидаги жумлалар билан бошланади: «Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимизда юз бераётган ўзгаришлар — шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг таниб бўлмас даражада чирой очаётгани, иқтидор эгаларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, жамият ҳаёти фаровонлашиб, одамларимиз онгу шуури, қалби янада покланаётганини ҳаммамиз кўриб турибмиз».

Шу жумладан сўнг муаллиф «ана шундай кенг имкониятлардан баҳраманд бўлиб яшаш ўрнига хорижда бахт топиш илинжида юрган ва АҚШда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи «Green Card» талвасасига тушиб қолган ёшлар»дан ёзғиради. Мақолада шунингдек, АҚШга йўлланмани ютиб олган фуқаролар ва улар билан боғлиқ ҳангомалар ҳам берилган.

Мақола сўнгида муаллиф барча айбни «Green Card» талвасасида ёнаётганлар»га ағдариб қўяди.

Энди дўппини бир чеккага қўйиб ўйлаб кўрайлик: бундай қуруқ, популистик чақириқлар билан четга кетаётган одамни қайтаришнинг иложи борми? Статистика бизга шундай маълум қилади: бугун 3 миллиондан зиёд ватандош Россияда ишламоқда. Туркия, Жанубий Кореяда ҳам ўзбекистонликлар сероб. Биз йирик ишчи кучи экспорт қилувчи давлатмиз. Шунчаки, яхши шароитнинг қадрига етмаслик» айтиш уларни ортга қайтарадими? Қачон ҳақиқий аҳволни тан оламиз? Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Бухородаги йиғилишда «Қарсаклар, баландпарвоз гапларга чек қўйиб, ҳар бир хонадон, шахс билан манзилли, алоҳида-алоҳида ишлаш зарур»лигини таъкидлади. Биз эса ҳануз имконият, шароит йўқлигидан чет элга боришни ихтиёр этганларни ёмонлаш билан бандмиз. Аслида вакуумдан чиқиб, реал вазиятга мос равишда ҳаракат қилиш керак эмасми? Юртдошларимиз чет элда яшашга иштиёқмандлигидан кетяптими ёки мажбурликданми?

Икки миллиондан зиёд ариза — огоҳлик қўнғироғи

«Travel.state.gov» сайти маълумотларига кўра, «Green Card» лотереяси учун 2018 йилда 2 миллион 114 минг 446 нафар ўзбекистонлик ариза топширган (2017 йилда 1 миллион 576 минг нафар эди). «Green Card»нинг кўпчилик учун орзу, кимгадир армон, ким учундир бизнесга айланиб кетаётгани ортида ҳам шу миллионлаб одамлар (мутлақ кўпчилиги ёшлар) туради. Бу муаммонинг туб илдизига етиш учун аллақачон ўйлаш керак экани, ёшларни беъмани тақиқлар ва ваъдалар билан эмас, ҳақиқий имкониятлар орқали ватанда олиб қолиш лозимлигини англатади. Чунки миллионлаб ёшлар ватан остонасида имконият пойлаб турибди.


«Грин-кард» кимга энг кўп берилади? Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ мамлакатлари (рейтинг)


«Қуруқ қошиқ оғиз йиртади»

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2018 йилда юртимизда 14 ёшдан 30 ёшга қадар бўлганлар (яъни ўсмирлар ва каттароқ ёш қатлам) 9 миллион 992 минг нафарни ташкил этган. Бу аҳолининг 30 фоизи демакдир. Ривожланиш учун етарли даражада ёшлар потенциалига эгамиз. Юртимиз аҳолисининг ёш нисбати, меҳнатга лаёқатли ёшлар сонига унча-мунча давлат ҳавас қилади. Аммо… ёшлар билан мулоқот, уларнинг муаммоларини ўрганишда оқсаяпмиз. «60 фоиздан зиёд аҳолимизни ёшлар ташкил этади, уларга бугун барча шароитлар яратиб берилмоқда», деган сийқа жумлалар билан ёшларга ёрдам бера олмаймиз. Юқорида «Green Card» атрофида рўй бераётган воқеалар айрим ёшларнинг кетиш истаги янада ошаётганини билдиради.

Ёшлар нима дейди?

Акмал Каримов, ЎзМУ хорижий филология факультети талабаси: «Green Card»да омадимни ҳар йили синаб кўраман. Ўзим келажакда инглиз ва француз тиллари бўйича мутахассис бўламан. Режамда АҚШда таълим олиш ҳам йўқ эмас. Ҳозир мактабда дарс ҳам бераман. Аммо ўқитувчи иззат-ҳурматининг пастлиги, ўқувчиларнинг таълим олишдаги маъсулиятсизлиги ва бошқа муаммолар мени чет элга бориб, шу салоҳиятимни бошқа ишларга сарфлашга ундайди. 

Нима қилмоқ керак?

Шу жамият аъзоси, шу давлатда яшаётган ёш сифатида бир нарсани жуда хоҳлардим: ёшлар билан мулоқот, уларнинг муаммоларини ўрганиш тизимини ўзгартиришни. Уларнинг фикри, танлови, қарашлари ҳурмат қилиниши лозим. Ёшлар мавзусини ёритишда бирёқламаликдан қочиш лозим. Масалан, ватанни тарк этаётганларга салбий қараш керак эмас. У ватандан ижобий таассурот билан чиқиб кетсин ва керак бўлса, хориждан туриб, ўзбек жамияти ривожига ҳисса қўшсин. «Green Card» талвасаси» мақоласига ўхшаб, уларнинг бўйнига «ватанни севмаслик, нонкўрлик, осон пул топиш ва бойликка ўчлик» каби айбларни маржондек илиш билан иш битмайди. 

Иккинчи нажот эса таълимдан. Аслида жамиятимиздаги муаммоларнинг мутлақ кўпчилигига таълим тизимини яхшилаш эвазига эришса бўлади. Яхши таълим олган ёшлар ўз тараққиётимиз ривожига ҳисса қўшади, чет элга борса ҳам ўзини кўрсатиб, юрт имиджини яхшилайди. Яхши таълим малакали кадрлар дегани. Малака кадрлар эса келажакда ёшларга ўз ватанида ҳам яхши маблағ топа олиши учун яхши лойиҳаларни ишлаб чиқади.

Учинчидан, «ақлли миграция» дастурини ишлаб чиқиш керак. Чет элга кетаётган муҳожирлар учун йирик курслар очилса, уларнинг салоҳияти оширилса, зарур тушунтиришлар берилса, ўйлайманки вазият яхшиланади. Мигрант хорижга шунчаки катта маблағни хаёл қилиб эмас, ундаги қонун-қоидалар, шароитларни, тилни ўрганиб йўл олсин, энг муҳими олдида мақсади бўлсин. 

Тўртинчидан, ёшларнинг танлови ҳар қанақа тескари тарғиботдан, тақиқлардан қочиши лозим. Яқинда вояга етмаган болалари бор ота-оналарнинг четга чиқишини чеклаш бўйича таклиф жамиятда катта акс-садо бергани бунга мисол. Ёшларга нисбатан ҳар қандай жиддий тақиқ, уларни бир йўлга солишга уриниш, муаммони ҳал этишда энг осон — тақиқ йўлини излаш унга ечим бўла олмайди. Уларга ёрдам бериш эмас, халақит бермаслик керак, уларнинг фикрини, қарорини ҳурмат қилиш уларга энг катта ёрдам бўлиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг