Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фориш тоғларида адашиб қолган 4 ёшли қизча ярим тунда топилди

Фориш тоғларида адашиб қолган 4 ёшли қизча ярим тунда топилди

Фото: ЎзА

Жиззах вилояти Фориш тумани Чоштепа қишлоғида яшовчи Замира Қуролова 2019 йил 17 август куни 4 ёшли қизини йўқотиб қўйди.

Она қизалоғини ўзи билан бирга тоққа – чорва моллари боқиш учун олиб чиққан. Соат 17:00 ларда Замира Қуролова қизига «шу ерда қимирламасдан ўтир» дейди ва атрофида кўздан узоқлашаётган қорамолларини қайтаришга кетади.

Озроқ муддатдан сўнг қайтган аёл боласини қолдирган жойида кўрмайди ва қидира бошлайди. Топа олмагач, соат 19 ларда ҳудуд профилактика инспектори Дилмурод Раҳматовга бу воқеа ҳақида хабар беради.

Инспектор зудлик билан қидирувга аҳолини жалб қилди. Фуқаролар билан бирга Фориш тумани ИИБ тергов-тезкор гуруҳи қизчани излашга киришди. Қидирувчилар гуруҳларга ажралиб, ҳудудни кўздан кечира бошладилар.

Тунги соат 00.20 минут ўтганида қизалоқни йўқолган жойидан 4-5 километр узоқликда профилактика инспектори, катта лейтенант Дилмурод Раҳматов топишга муваффақ бўлади. Қизчанинг озроқ қўрққанини айтмаса, соғлигига зиён етмаган, айни вақтда онасининг бағрида.

— Қизимни йўқотиб қўйгач, 1 соатлар ўзим қидирдим, — дейди Замира Қуролова. — Топа олмагач, қўрқиб кетдим. Кейин бу тўғрида профилактика инспекторига хабар бердим. У қидирув учун одамларни тўплади. Болам ярим кечадан оққанда топилди. Бунинг учун қишлоқдошларимдан, айниқса, қизимни топиб берган профилактика инспекторидан миннатдорман.

Маълум бўлишича, бола ёлғиз қолганидан сўнг онасини қидириб, адашиб кетади. Қизчанинг топилишига йиғиси сабаб бўлган. Яъни, қоронғи тунда эшитилган йиғи профилактика инспектори эътиборини тортган. Айтиш керакки, барча тоғли ҳудудлардаги сингари Фориш туманида ҳам бўрилар учрайди. Шу маънода, қизчани қидиришга кўпчилик жалб қилиниб қисқа вақтда топилиши туфайли бахтсиз ҳодисанинг олди олинган, дейилади Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи берган хабарда.

Тошқул Бекназаров, ЎзА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг