Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энди ҳамма гап «юқорида» — Тошкентда қолган...

Энди ҳамма гап «юқорида» — Тошкентда қолган...

Хоразм вилояти, Қўшкўпир тумани Кенагас қишлоғи ҳудудида жойлашган «Қоромон» маҳалласида боғча йўқлиги ота-оналарни анчадан буён қийнаб келади. Маҳаллий аҳоли боғча қуриб беришни сўраб мутасаддиларга кўп бора мурожаат қилишган. Мурожаатларга мутасаддилар айтишдики, агар бирор-бир тадбиркор давлат билан тенг шерикда боғча қурадиган бўлса, бажонидил ёрдам беришимиз мумкин...

Бу гапга лаққа ишонган тадбиркор Умаржон Худойберганов енг шимариб ўртага чиқди.

Аввалига Қўшкўпир туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилди. Унинг мурожаати қисқа муддатда ўрганиб чиқилиб, боғча учун туман ҳокимининг 2019 йил 11 февралдаги қарори билан 7000.0 кв метр ер майдони ажратилди. Шу тариқа 200 ўринга мўжалланган «Шоҳ Султон Азиз» нодавлат таълим муассасасининг тамал тоши қўйилди.

Шундан кейин тадбиркор тегишли лойиҳа ҳужжатларини тайёрлатиб, вилоят давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясидан рухсатнома ва хулосалар олди. Борини сарфлаб қурилишни бошлаб юборди.

Қурилиш ишлари 2019 йилнинг февраль ойида бошланган бўлса, апрель ойига келиб бинонинг биринчи қавати тўлиқ битди, томи бетон плиталар билан ҳам бостирилди. Шунинг ўзига 1 миллиарддан кўпроқ пул сарф бўлди.

Фото: «Xabar.uz»

Бинонинг қолган қисми, шартномада кўрсатилганидек, давлат улуши билан битиб қолиши ҳам мумкин, деб ўйларди Умарбек ака.

Бироқ унинг уйдаги ўй-бичими кўчага тўғри келмади.

2019 йилнинг 6 майида «Шоҳ Султон Азиз» нодавлат мактабгача таълим муассасаси билан Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида 0280-944/13-сонли битим ҳам имзоланган эди. Ушбу битимда томонларнинг мажбуриятлари аниқ равшан ўз аксини топган. Хусусан, унда давлат шерикчилиги асосида қурилаётган мазкур боғчага давлат томонидан ажратилаётган кредит маблағи 4 миллиард сўм бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Бундан англашиладики, нодавлат мактабгача таълим муассасасининг умумий смета баҳоси 5925419769 (беш миллиард тўққиз юз йигирма беш миллион тўрт юз ўн тўққиз минг етти юз олтмиш тўққиз) сўмни ташкил этади.

Қисқаси, тадбиркор битимида кўрсатилган 1925419769 сўм ҳажмдаги қурилиш ишларини бажариб қўйди. Энди давлат томонидан тадбиркорга бериладиган имтиёзли кредит маблағларини олиш, қурилишни қишнинг қировли кунларига қолдирмасдан ниҳоясига етказиш қолганди.

Тадбиркор АТБ «Инфинбанк» Хоразм вилояти бўлимига кредит олиш учун мурожаат қилади. Орадан беш ой ўтдики, кредитдан дарак йўқ. Натижада ишлар ора йўлда қолиб кетди. Режага кўра, 2019 йилнинг 1 сентябрида ишга тушиши мўжалланган мазкур боғчада маблағ йўқлиги сабаб ёзи билан биронта ҳам иш бажарилмади.

АТБ «Инфинбанк» Хоразм вилояти бўлими ҳамма ҳужжатларни тўғирлаб юқори ташкилотларга жўнатган, аммо улардан эса дарак йўқ эмиш.

—Бу орада республика прокуротурасига ҳам, мактабгача таълим вазирлигига ҳам, молия вазирлигига, халқ қабулхоналарига ҳам ёзиб кўрдим, ҳеч наф бўлмаётир, — дейди тадбиркор У.Худойберганов. — Молия вазирлиги «мактабгача таълим вазирлиги сизнинг боғчангиз учун кредит маблағи ажратишимизни сўраб рўйхат бермаган» деса, мактабгача таълим вазирлиги «...банкдан бизга ҳужжатлар келмаган» дейди...

Мутасаддиларнинг важ-карсонлари ўз йўлига-ку, аммо иншоот ўз вақтида фойдаланишга топширилганида аллақачон 200 нафар болажонлар у ерда тарбия топаётган, 45 нафар ходим иш билан таъминланган бўлур эди.

Тадбиркор сансалорчиликдан безор бўлиб яна банкка мурожаат қилади. «Инфинбанк» Хоразм вилояти бошқарувида тадбиркор билан суҳбат бўлиб ўтади. Тўғрироғи, банк ҳақиқатан ҳам барча ҳужжатларни тўғирлаб жўнатганини исботлайди.

Энди ҳамма гап «юқорида» — Тошкентда қолган...

Бироқ қачон масала ўз ечимини топади?

Бу савол ҳозирча муаллақ турибди.

Ю.Бахтиёров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг