Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлат хизматлари агентлиги Европа Иттифоқи билан янги лойиҳага старт берди

Давлат хизматлари агентлиги Европа Иттифоқи билан янги лойиҳага старт берди

Фото: Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи, Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури вакиллиги ҳамкорлигида «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш» лойиҳасига старт берилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, экспертлар, Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, ННТ ҳамда бошқа масъул шахслар иштирок этди. Улар, халқаро стандартларга мувофиқ, давлат идоралари ва давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини инсонларга хизмат қиладиган ҳамда энг муҳим масалаларни ҳал қиладиган воситага айлантиришнинг муҳимлигини муҳокама қилдилар.

Адлия вазири Русланбек Давлетов ўзининг кириш сўзида бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари фуқаролар ва бошқа давлат органларининг ўзига хос боғловчи воситаси эканини қайд этди. Уларнинг асосий мақсади — давлат органлари ва фуқароларнинг бевосита алоқасини қисқартириш йўли билан коррупция ва бюрократияни олдини олиш.

— Давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ҳар бир ҳукумат учун ўз фуқароларига янада самарали хизмат кўрсатишни истайдиган муҳим элемент ҳисобланади, — дея таъкидлади ўз кириш сўзида БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги Доимий ВакилиМатилда Димовска. — Қишлоқ жойларидаги давлат хизматларига эътибор қаратиш билан, лойиҳа тўғридан-тўғри қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари ҳаётини яхшилашга ва Барқарор Ривожланиш Мақсадларини маҳаллийлаштиришга бевосита ҳисса қўшади.

Давлат хизматларини тақдим этиш механизмларини такомиллаштириш орқали, Лойиҳа аёллар, ёшлар ва болалар, қариялар ва ногиронлиги мавжуд шахслар каби қишлоқ жойлардаги аҳолининг заиф қатламларининг ҳаёт сифатини яхшилашга, уларнинг хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва сифатини яхшилашга ёрдам беради.

— Давлат хизматлари агентлиги фуқароларнинг самарали ва сифатли давлат хизматлари билан 100 % қамраб олинишидан манфаатдорлиги ҳақида бир неча бор хабар берган, — дея таъкидлади Агентлик директори Халилилло Турахужаев ўз чиқишида.

— Мазкур лойиҳа Агентлик томонидан ушбу йўналишда бошлаб юборилган ишлар давоми бўлиб қолади. Шундай қилиб, Лойиҳа доирасида 5 та ҳудуд, яъни Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё ҳамда Тошкент вилоятларида юқори стандартлар асосида давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилиши белгилангани бизни қувонтиради, албатта. Аммо биз танланган синов ҳудудлар билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз ҳамда мазкур тажрибани барча Марказларимизда татбиқ этамиз.

Тадбир доирасида БМТ Тараққиёт Дастурининг «Самарали бошқарув, сиёсат ва коммуникациялар» кластерининг раҳбари Камила Мухамедханова ўз тақдимотида қўшма лойиҳанинг асосий йўналишлари ҳақида гапирди, хусусан:

• Давлат хизматлари агентлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат хизматлари агентлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг Давлат хизматлари маркази орқали давлат хизматларини кўрсатиш сиёсатини ишлаб чиқишда, режалаштиришда, амалга оширишда ва мукносабат билдиришда институционал салоҳиятини кучайтириш.

• Фуқароларнинг ишончини янада ошириш ҳамда «Ягона дарча» орқали давлат хизматларини кўрсатиш механизмларининг барқарорлигини таъминлаш учун хизмат кўрсатишнинг намунавий моделларини қўллаб-қувватлаш синов ҳудудларда камида бешта Давлат хизматлари марказларининг техник имкониятларини ривожлантириш.

• Заиф гуруҳларнинг манфаатларини ва эҳтиёжларини ҳисобга олишни таъминлаш мақсадида синов ҳудудларда маҳаллий ҳокимият органларининг кенг иштирокига асосланган режалаштириш тизимларини жорий этиш ва қўллаб-қувватлаш.

Ушбу йўналишларни амалга ошириш доирасида марказий ва маҳаллий даражада давлат хизматларини кўрсатишнинг норматив-ҳуқуқий ҳамда сиёсий базасини қайта кўриб чиқиш, хизматлар сифати даражасини баҳолаш ва уларни оптималлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, давлат хизматларини кўрсатадиган давлат органларининг функционал таҳлилини ўтказиш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимига катта маълумотлар билан боғлиқ таҳлилий воситаларни жорий этиш, шунингдек, тақсимланган рўйхатга олиш технологияси («блокчейн») асосида ечимларни синовдан ўтказиш режалаштирилган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг